Семинарнинг биринчи босқичда зарарли чигирткаларнинг тарқалиш ҳолати ва ўтказиладиган профилактик чора-тадбирлар, зарарли чигирткаларга қарши курашда қўлланиладиган препаратлар билан одамлар ёки ҳайвонлар заҳарланганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари, зарарли чигирткаларга қарши комплекс чора-тадбирлар сингари мавзуларда маълумотлар берилди. Иккинчи босқичда эса зарарли чигирткаларга қарши амалий машғулотлар олиб борилди.

- Қорақалпоғистон Республикасида зарарли чигирткаларнинг ривожланиши ва тарқалишига қулай 3 миллион гектардан ортиқ ер майдони бор бўлиб, ўтган йилги кузги кузатув натижалари бўйича 95 750 гектар ер майдонида зарарли чигирткалар тухум доначалари қўйилгани аниқланди. 2025 йил якуни бўйича 76 720 гектар майдонда зарарли чигиртка ўчоқларига қарши кимёвий ишлов бериш ишлари ўтказилди. Бу йилги кимёвий ишлов бериш ишлари республика ҳудудида тарқалиш вақтини ҳисобга олиб, май ойидан бошланиши режалаштирилган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати бошлиқ ўринбосари Атабек Дауков. – Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати томонидан 2026 йил 16 март санасидан бошлаб туманларга бириктирилган махсус отрядлар томонидан зарарли чигирткаларнинг тухум қўйган майдонларини аниқлаш мақсадида кенг қамровли кузатув ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, Қорақалпоғистон Республикаси иқлим шароитида май ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб чигирткалар тухум кўзачаларидан чиқиб, фаол тарқала бошлайди. Шу сабабли, кузатув ишларини эрта бошлаш ва хавфли ҳудудларни олдиндан аниқлаш катта аҳамиятга эга.

Жорий мавсумда зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида республика бўйича 9 та махсус отряд шакллантирилди. Ушбу отрядлар замонавий техника ва воситалар билан таъминланган бўлиб, жумладан, 8 та ВП-1 русумли агрегат, 11 та ОВХ-600 пуркагичли трактор, 10 та юқори унумли УМО пуркагичли автомашина, 90 та моторли қўл аппарати ҳамда махсус сув ташувчи техникалар тўлиқ шай ҳолатга келтирилган.


Хулоса қилиб айтганда, зарарли чигирткаларга қарши кураш ишларини ўз вақтида ва тизимли равишда амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги экинларини ишончли ҳимоя қилиш, ҳосилдорликни сақлаб қолиш ва аграр соҳада барқарорликни таъминлашга эришилади.

Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.