Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, питомник Чирчиқ шаҳридаги “Маърифат” маҳалласи ҳудудида ташкил этилади. Лойиҳа қаровсиз ҳайвонларни сақлаш, уларга ветеринария хизматлари кўрсатиш ва ушбу соҳада замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган.

Янги питомник ҳудудида ветеринария пунктлари, карантин зоналари ва изоляция хоналари ташкил қилинади. Шунингдек, қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлими ходимлари сони амалдаги 2 нафардан 15 нафаргача оширилади.

Питомникда ҳайвонларни тутиш, ташиш, вақтинча сақлаш, стерилизация, вакцинация ва чиплаш хизматлари йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ҳайвонларни ҳисобга олишнинг ягона электрон реестри юритилиб, ҳар бири учун идентификация тизими жорий этилади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йилда питомникни қуриш, жиҳозлаш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 8 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, ҳайвонларни тутиш бўлими учун 2 та махсус автотранспорт воситаси, махсус кийимлар ва зарур жиҳозлар Чирчиқ шаҳри маҳаллий бюджети ҳисобидан харид қилинади.

Лойиҳа доирасида питомник ҳудудида зоотоварлар дўкони, ветеринария дорихонаси ва ўқув майдончалари ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

Ҳукуматга кўра, 2028 йил якунига қадар питомник фаолиятини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш кўзда тутилган.

Питомникни қуриш ва жиҳозлаш ишларини 2026 йил 1 ноябрга қадар якунлаш белгиланган.