10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.

«Виртуал солиқ маслаҳатчиси» орқали тадбиркорга харажат ва хатоларни камайтиришга ёрдам берадиган сунъий интеллект портали ишга туширилди. Келаси йилдан бундай «сунъий интеллект ёрдамчилари» қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматларида ҳам жорий этилади.

Иккинчи йўналиш – ҳудудларда «бизнес имкониятлари»ни ошириш. Давлатимиз раҳбари минглаб гектар бўш ер ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активлари фақат лойиҳага айланиб, иш ўрни ва экспортга хизмат қилганда ҳақиқий қиймат яратишини таъкидлади.

Давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади, олти ойда тўлиқ тўлов қилганларга 25 фоиз чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолганини 7 йилда фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.

Уч ойда сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади. Аукцион муддати ҳам икки баробар қисқартирилади.