Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пост тубдан қайта қурилиб, замонавий инфратузилмага эга мажмуага айлантирилган. Уни очиш ва фойдаланишга топшириш тадбирлари 25 ноябрь куни соат 16:00 да Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий делегациялари иштирокида ўтказилади. Фуқароларнинг пост орқали ўтиши ҳам тадбирлардан сўнг шу вақтдан бошланади.

Реконструкция натижасида чегара постининг ўтказувчанлик имкониятлари бир неча баробар оширилди. Хусусан, бир суткада хизмат кўрсатиш қуввати йўловчилар бўйича 30 минг нафардан 100 минг нафарга, енгил автомобиллар бўйича 600 тадан 3 мингтага, автобуслар бўйича эса 70 тадан 400 тага етказилди.

Шунингдек, пост ҳудуди 6 гектардан 9 гектарга кенгайтирилди. Назорат йўлаклари сони 4 тадан 18 тага, транспорт воситалари учун тўхташ жойлари сиғими эса 20 тадан 200 тага оширилди.

Бугун 23 ноябрь куни "Ғишткўприк" чегара божхона пости марказида Божхона қўмитаси ташаббуси билан 45 метр баландликдаги устунда улкан Давлат байроғи ўрнатилди.

Эслатиб ўтамиз, «Ғишткўприк» чегара-божхона пости 2025 йил 5 февраль куни реконструкция ишлари сабабли ёпилган эди.