Бу Президентнинг 175-сон Фармони билан, жиноят процессида фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги механизмлар таклиф этилмоқда.

Унга кўра, давлат органлари томонидан гаровга қўйилган маблағларни қайтариш муддати кечиктирилган тақдирда, гаров суммаси тақдим этилган идорадан ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида фоиз ундирилади.

Масалан, жиноят иши доирасида тадбиркордан гаров пули олинган ва кейинчалик суд ушбу маблағни қайтариш ҳақида қарор қабул қилган бўлса, қарорни ижро этишни чўзиб юриш мумкин бўлмайди. Суднинг гаров пулини қайтариш ҳақидаги қарори дарҳол ижро этилиши керак.

Янги тартиб давлат органларининг гаров маблағларини ўз вақтида қайтариш бўйича масъулиятини кучайтиради.

Фармонда жиноят иши доирасида реабилитация қилинган ёки оқланган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш механизми ҳам белгиланди.

Бундай ҳолатларда етказилган мулкий зарар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Шу тариқа, тадбиркордан олинган гаров маблағини қайтаришни кечиктириш давлат органлари учун ҳам молиявий мажбурият келтириб чиқаради.