Депутатлар мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209¹-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда айрим ташкилотлар, идоралар ва фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийимларга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийимлардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шунингдек, айрим ташкилотлар ўз ходимлари учун шундай кийимларни жорий этмоқда.

Бу ҳолатлар фуқароларни чалғитиши, давлат органларининг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ва айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида таништириб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имконини бериши мумкин. Оқибатда ҳақиқий давлат хизматчисини бошқа шахсдан ажратиш қийинлашади.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийимларига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш, шунингдек, уларга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга кийимларни жорий этганлик ёки улардан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган нормалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, давлат хизмати обрўсини сақлаш ҳамда формали кийимлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли талқинлар юзага келишининг олдини олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.