Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида давлат хизматчилари учун жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарига амалий ташрифлар ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ушбу ташаббус Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан тасдиқланган 2026 йилга мўлжалланган Коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар режаси доирасида амалга оширилмоқда.
Янги амалиётнинг асосий мақсади давлат хизматчиларига коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг оғир оқибатларини бевосита кўрсатиш, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат учун ҳуқуқий жавобгарлик муқаррар эканини англатиш, хизмат ваколатларидан фақат давлат ва жамият манфаатлари йўлида фойдаланиш масъулиятини кучайтириш ҳамда ҳалоллик ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқликни мустаҳкамлашдан иборат.
Илк профилактик ташрифда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этди. Улар тергов хоналари, ҳибсда сақлаш камералари ва муассасанинг бошқа инфратузилма объектлари билан танишди.
Шунингдек, коррупциявий жиноятлар учун жазо ўтаётган маҳкумлар билан мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатлар давомида маҳкумлар қабул қилган ноқонуний қарорлар нафақат ўз тақдирига, балки оиласи, фарзандлари, касбий фаолияти ва жамиятдаги обрўсига қандай салбий таъсир кўрсатганини ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб беришди.
Таъкидланишича, бундай мулоқотлар давлат хизматчиларига коррупциянинг оқибатлари фақат озодликдан маҳрум этилиш билан чекланмаслиги, балки инсоннинг келажаги, оилавий фаровонлиги ва ижтимоий нуфузига ҳам жиддий зарар етказишини чуқур англашга хизмат қилади.
Келгусида мазкур профилактик ташрифлар бошқа вазирлик ва идоралар, шунингдек, коррупциявий хавф юқори бўлган соҳаларда фаолият юритувчи давлат хизматчилари учун ҳам босқичма-босқич ташкил этилади. Жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида тадбирларга оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб қилиш режалаштирилган.
Агентлик билдиришича, коррупцияга қарши курашишда асосий эътибор жазолаш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилади. Шу мақсадда давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупциявий хавф омилларини бартараф этишга қаратилган профилактик чоралар изчил давом эттирилади.