Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Дональд Трампнинг қайд этишича, ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сиддиқов ва АҚШ Ички ишлар вазири Даг Бургум иштирокида ўтказилган тақдимот маросими чоғида «Marine One» вертолётида ушбу айвонлар устидан учиб ўтиш унинг учун алоҳида шараф бўлган.
У ўзбек усталарининг маҳорати ва меҳнатига юқори баҳо бериб, айвонлар 200 йиллик тоғ ёнғоғи ёғочидан тайёрланганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳунармандлар ушбу иншоотларни яратиш учун бир неча ой давомида оилаларидан узоқда бўлиб, ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам меҳнат қилган. Трамп уларни ҳақиқий истеъдод соҳиблари деб атади.
АҚШ Президентининг таъкидлашича, мазкур айвонларни шахсий мулк сифатида сақлаб қолиш ўрнига, уларни жамоатчилик фойдаланиши учун тақдим этишга қарор қилган. Айни пайтда улар Вашингтондаги Тидал-Бейсин сув ҳавзаси соҳилида, Жефферсон мемориали ва Вашингтон монументи кўриниб турадиган ҳудудда жойлаштирилган.
Шунингдек, Дональд Трамп бир йилдан сўнг Миллий қаҳрамонлар боғи очилиши билан мазкур айвонлар шаҳарнинг энг гавжум ва диққатга сазовор масканларидан бирига айланишига ишонч билдирди. У ерда дипломатик қабуллар, маданий тадбирлар, Сакура гуллаши фестивали доирасида эсдалик суратлари ҳамда турли жамоатчилик тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
«Ўзбекистонлик моҳир усталар ҳақиқий истеъдод соҳибларидир! Улар ушбу гўзал айвонларни юксак маҳорат билан бунёд этишди. Бу айвонлар чиндан ҳам ҳайратомуз!» — деб ёзди Дональд Трамп.
АҚШ Президенти, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилган Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШ Миллий боғлар хизматига миннатдорлик билдирди.
Мазкур айвонлар Ўзбекистон ҳунармандларининг миллий меъморчилик анъаналари ва юксак ҳунармандчилик маҳоратини Америка жамоатчилигига намоён этувчи ўзига хос туҳфа бўлди.