Бу касалликларнинг олдини олиш ёки даволашда қўл келиши баробарида дори-дармонлардан хавфсиз фойдаланишни тақозо этаётир. Зеро, дорини ўзбошимчалик билан қўллаш, шифокор тавсиясисиз ўз билганича даволаниш билан боғлиқ асоратлар жуда хавотирли. Бу асоратлар баъзан асосий касалликни сезиларли даражада ёмонлаштириши, айрим ҳолларда инсон саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин. Шу боис, соғлом тиббий маданиятни шакллантириш ва ўзбошимчалик билан даволанишнинг олдини олиш зарурати ҳақида соҳа мутахассислари фикри билан қизиқдик.

ОҒРИҚ ҚОЛДИРУВЧИ ВОСИТАНИ ИЧИШ ҲАММА ВАҚТ ҲАМ ТЎҒРИ ҚАРОР ЭМАС

 

Акмал АБДУХАЛИЛОВ,

Миллий тиббиёт маркази шифокори, терапевт:

— Фармацевт тавсияси ёки интернетдаги рекламаларга таяниб ўзбошимчалик билан даволанаётган юртдошларимиз кўплиги шифокор сифатида мени ташвишлантиради. Бирор аъзода безовталик кузатилаётган бўлса, дарров оғриқ қолдирувчи препаратларга ёпишиш керак эмас. Бу ҳамма вақт ҳам тўғри қарор бўлавермайди. Чунки оғриқ ­организмнинг муҳим огоҳлантирувчи сигнали, оғриқ қолдирувчи воситалар эса касаллик белгиларини вақтинча яшириб, асл сабабини аниқлашни қийинлаштириши мумкин. Мисол учун, ошқозон-ичак муаммоси бор бемор оғриқ қолдирувчи дорилардан фойдаланганда гастрит ёки бошқа яра ривожланиши эҳтимоли катта. Агар беморни аппендицит ёки ўт қопидаги тош безовта қилаётган бўлса, дори муайян вақт оғриқни қолдириши, аппендицитда чувалчангсимон ўсимта, тош хуружи туфайли ўт қопи ёрилиши рўй бериши мумкин. Умуман, аппендицит, ўткир холицистит, ичак тутилиши ёки шошилинч жарроҳлик талаб қилинадиган бошқа касалликларда оғриқнинг камайиши беморни ҳам, шифокорни ҳам чалғитади, бу эса ташхис кечикиши, касалликнинг оғирлашиши ва бошқа асоратлар ривожланишига сабаб бўлади.

Ўткир респиратор вирусли инфекция қиш ойларида тез-тез учрайди. Кўпчилик ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмай, ўзбошимчалик билан антибиотик қабул қилади. Антибиотик вирусга таъсир қилмайди. Касалликни зўриқтириб юбориш иккиламчи инфекция қўшилиши натижасида ўпка касалликларига олиб келиши мумкин. Шамоллаш касалликларида спрей дорилардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Спрейдан нотўғри фойдаланиш бурун шиллиқ қаватлари яллиғланиши ёки бошқа аллергик жараёнлар ривожланишига сабаб бўлишини истисно қила олмаймиз.

Айни пайтда дорихоналарда айрим дориларни фақат шифокор рецепти асосида бериш амалиёти йўлга қўйилган. Шифокор ёзган рецепт билангина дори берилиши даволашда хатоликка йўл қўйиш эҳтимолини камайтиради, дори назорати тартибга солинади, ўзбошимчалик билан даволаниш барҳам топади.

Ҳатто рецептсиз бериладиган, зарари йўқ деб ҳисобланадиган шамоллашга қарши, оғриқ қолдирувчи, иситма тушурувчи кукунсимон дориларни шифокор назоратисиз қабул қилиш тавсия этилмайди. Тажрибамизда кун давомида 5-6 та шундай кукунсимон дори қабул қилгач, буйрагида токсик зарарланиш юз берган беморлар ҳам бўлган. Таҳлил натижалари креатинин моддасининг меъёридан 100 баробаргача ошиб кетганини кўрсатган.

Антибиотиклардан меъёридан ортиқ фойдаланиш организмдаги зарарли бактериялар билан биргаликда керакли бўлган микрофлорани ҳам йўқотади. Оқибатда организмда дисбактериоз кузатилиши ёки ке­йинчалик бепуштлик пайдо бўлиш эҳтимоли бор. Тартибсиз ичилган дори организмда қарамликни шакллантиради. Айримлари эса буйрак, жигар ва юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Дори инсон саломатлигини тиклашда муҳим ўрин тутса-да, ундан оқилона ва эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарур.

ТИББИЁТ СОҲАСИДА ҲАР ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТНИ ТАНҚИДИЙ БАҲОЛАШ МУҲИМ

 

Севара ФАХРИДДИНОВА,

тиббиёт фанлари доктори:

— Бугунги кунда интернет инсонлар учун муҳим ахборот манбаи. Бироқ тиббиёт соҳасида ҳар қандай маълумотни танқидий баҳолаш жуда муҳим. Афсуски, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кўплаб тавсиялар илмий асосга эга эмас ёки муайян беморнинг ҳолатига мос келмайди. Кўп ҳолларда инсонлар интернетда ўқиган маълумотлар ёки танишлари тажрибасига таяниб дори қабул қилишни бошлайди. Аммо ҳар бир организм индивидуалдир. Бир инсонга фойда берган препарат бошқа инсон учун жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин.

Шунинг учун интернет маълумотлари шифокор қабули ўрнини босмаслиги керак. Ҳар қандай дорини қабул қилишдан олдин мутахассис билан маслаҳатлашиш энг тўғри қарор. Қалқонсимон без гормонлари организмдаги моддалар алмашинувини бошқарувчи муҳим биологик моддадир. Демак, уларнинг миқдоридаги ҳар қандай ўзгариш бутун организм фао­лиятига таъсир кўрсатади. Таассуфки, баъзи инсонлар таҳлилларсиз ёки шифокор тавсиясисиз левотироксин каби препаратларни қабул қилишни бошлайди. Бу организмда сунъий тиреотоксикоз келтириб чиқариши мумкин. Оқибатда беморда юрак уриши тезлашиши, аритмия, асабийлик, қўл титраши, уйқусизлик, терлаш ва вазн йўқотиш кузатилади. Узоқ муддат юқори дозаларда қабул қилинганда суяк тўқимаси емирилиб, остеопороз ривожланиши эҳтимоли бор.

Айниқса, ёши катта беморларда юрак ритми бузилиши инсульт ва юрак ­етишмовчилиги хавфини оширади. Шунинг учун қалқонсимон без гормонлари фақат аниқ кўрсатмалар бўлганда ва таҳлиллар асосида қабул қилиниши лозим.

Сўнгги йилларда вазн ташлаш мақсадида гормонал препаратлардан фойдаланиш кўп кузатилмоқда. Бу мутлақо нотўғри ва хавфли ёндашув.

Қалқонсимон без гормонлари моддалар алмашинувини тезлаштиради. Шу сабабли айрим инсонлар уларни қабул қилганда вазн камайишини кузатиб, буни самарали усул деб ҳисоблайди. Лекин бу соғлом вазн йўқотиш эмас. Бундай ҳолатда организм ортиқча юклама остида ишлай бошлайди. Юрак тез уради, қон босими ошади, мушаклар емирилади, суяк тўқимаси заифлашади.

Соғлом вазн ташлашнинг асоси тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва зарур ҳолларда мутахассис томонидан тавсия этилган замонавий усуллардир. Гормонларни вазн ташлаш воситаси сифатида қабул қилиш соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Гормонлар юрак-қон томир тизими фаолиятини бошқаришда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун уларнинг дозасини ўзбошимчалик билан ошириш ёки камайтириш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қандли диабетни даволашда қўлланиладиган ҳар бир препарат аниқ ҳисобланган дозада ва муайян схема бўйича қабул қилиниши керак. Инсулин ёки таблеткалар дозасини ўзбошимчалик билан ошириш ­гипогликемияга олиб келиши мумкин. Мазкур ҳолат тўсатдан кучли очлик ҳисси, терлаш, қўл титраши, бош айланиши, ҳушдан кетиш ва ҳатто кома билан намоён бўлади. Аксинча, препаратлар дозасини камайтириш ёки даволашни тўхтатиш қонда қанд миқдори юқори сақланишига сабаб бўлади. Бу эса диабетик кетоацидоз, буйрак етишмовчилиги, кўриш қобилияти йўқолиши, инфаркт ва инсульт хавфини оширади.

Диабет бемор ва шифокорнинг доимий ҳамкорлигини талаб қилувчи касалликдир. Кўпчилик беморлар доривор гиёҳлар, турли дамламалар ёки халқона усуллар диабетни тўлиқ даволай олади деб ҳисоблайди. Бу эса энг кенг тарқалган ва хавфли нотўғри қарашлардан бири.

Ҳозирги кунгача ҳеч бир халқ табобати усули инсулин ёки замонавий қанд туширувчи препаратлар ўрнини босиши исботланмаган. Бемор асосий даволашни тўхтатиб, фақат халқона воситаларга ишонса, қонда қанд миқдори назоратдан чиқиб кетади. Натижада кўз, буйрак, асаб тизими ва юрак-қон томирида қайтарилмас асоратларга сабаб бўлиши мумкин.

Халқ табобати воситалари баъзи ҳолларда шифокор тавсияси билан қўшимча усул сифатида қўлланилиши мумкин, аммо асосий даволашни алмаштирмаслиги керак.

Гормонал препаратлар инсон организмидаги энг муҳим бошқарув тизимларидан бирига таъсир қилади. Шу сабабли уларни назоратсиз қабул қилиш ёки тўсатдан бекор қилиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Гормонларни нотўғри қабул қилиш туфайли моддалар алмашинуви бузилиши, семириш, қандли диабет, иммунитет паса­йиши, остеопороз ва репродуктив саломатлик билан боғлиқ муаммолар юзага келиши эҳтимоли бор.

Айниқса, глюкокортикоид препаратларни узоқ муддат қабул қилиб, кейин тўсатдан тўхтатиш хавфли. Бу ҳолатда буйрак усти бези фаолияти кескин пасайиб, ҳаёт учун хавфли бўлган адренал криз ривожланиши мумкин. Шунинг учун гормонал препаратларни қабул қилишни бошлаш ҳам, тўхтатиш ҳам фақат шифокор назорати остида амалга оширилиши керак. 

ЮРАККА ХИЁНАТ

 

Азиз ЭСАНОВ,

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири:

— Қон босими тез-тез кўтарилиши халқимиз орасида кўп учрайдиган касалликлардан. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ тавсияси билан қон босимини туширадиган дори ичиш оқибатида турли асоратлар билан шифохонага тушган беморлар тажрибамизда кўп учрайди.  

Дори дозаларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш ҳам яхши ёндашув эмас. Беморга тавсия этилган дорининг самараси паса­йиши билан бемор шу дорининг дозаси каттароғини ичишга ўтади. Юқори доза бошида бир-икки кун яхши таъсир қилиши мумкин. Лекин у организмда кўпроқ миқдорда йиғилганда қон босими тушиб кетиши юз беради. Шифокорга беморни бу ҳолатдан чиқариб олиш учун бир неча кун керак бўлади, агар касаллик бирор асорат, масалан, инсульт ёки ўткир буйрак етишмовчилиги билан тугамаса.

Артериал қон босимини меъёрида ушлаб туриш учун бериладиган дориларни ўз вақтида ичмаслик ҳам яхшиликка олиб келмайди. Пала-партиш ичилганда организмда шу дорига кўникиш бошланади. Бу эса дорининг самараси пасайишига олиб келади.

Бундан ташкари, қон суюлтирадиган дорилар бор. Улар қон томирида тиқин (тромб) ҳосил бўлишининг олдини олади. Бу дориларни оч қоринга ичиш тавсия этилмайди, чунки оч қоринга ичилганида ошқозонда муаммо туғдиради. Аввал гастритга, кейин ярага, сўнг эса ўша ярадан қон кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун бу дорилар, албатта, шифокор тавсияси билан, кечки овқатдан кейин қабул қилинса, ножўя таъсири кузатилмайди.

Шифокор тайинлаган дорини палапартиш, тизимсиз ва ўзбошимчалик билан қабул қилиш даволаниш самарасини йўққа чиқарибгина қолмай, ҳаёт учун тўғридан тўғри хавф туғдирувчи омил ҳамдир. Юрак-қон томир тизими дорининг қондаги доимий концентрациясига (миқдорига) жуда сезувчан бўлиб, узилишлар жиддий асоратларни келтириб чиқаради. Аксарият ҳолларда қон босими меъёрлашган бемор “энди тузалдим” деган нотўғри хаёлга боради ва дорини ичишни тўхтатади. Бу энг кўп тарқалган ва хавфли хатодир. Масалан, бета-блокаторлар ёки гипотензив дорилар организмдаги муайян рецепторларни тўсиб, томирларни кенгайтиради ва юрак уришини, артериал қон босимини меъёрлаштириб туради. Дори ичиш тўсатдан тўхтатилганда, ушбу рецепторлар “очлик” ҳолатига тушади ва стресс гормонларига (адреналин, норадреналин) ўта сезувчан бўлиб қолади. Натижада қон босими дори ичишни бошлашдан олдинги ҳолатдан ҳам юқорироқ — кескин ва бошқариб бўлмайдиган даражада кўтарилиб кетади. Бу ҳолат тиббиётда гипертоник криз деб аталади ва у ички аъзоларнинг (мия, юрак, буйрак) ўткир шикастланиши билан кечади.

Сурункали юрак етишмовчилиги бор беморларнинг юраги шундоқ ҳам заифлашган ва зўриқиш билан ишлаётган бўлади. Дорилар юракнинг ишини енгиллаштириш, томирлар қаршилигини камайтириш ва ортиқча суюқликни ҳайдаш учун тайинланади. Уларни ҳам шифокор тавсияси ва назорати остида ўз вақтида қабул қилиш лозим. Юракнинг қисқариши унинг ичидаги нозик электр импульслари ва калий, магний, кальций каби электролитлар мувозанатига боғлиқ. Аритмияга қарши дорилар мана шу тизимни барқарор ушлаб туради. Дорини қабул қилишда узилишлар бўлганда юрак мушакларининг электр барқарорлиги йўқолади. Бу, айниқса, юрак ишемик касаллиги ёки инфаркт ўтказган беморларда жуда хавфлидир. Юрак бирданига жуда тез (тахикардия) ёки бутунлай тартибсиз ура бошлайди. Энг даҳшатли оқибати қоринчалар фибрилляцияси бўлиб, бунда юрак қон ҳайдаш ўрнига шунчаки титраб қолади. Бу ҳолат бир неча дақиқа ичида тўсатдан юрак тўхташига (клиник ўлимга) сабаб бўлиши мумкин. Масалан, конкор ва кордарон дорини ўзбошимчалик билан тўхтатиб қўйиш шундай асоратларга олиб келиши мумкин. Айрим ҳолларда дориларга нисбатан резистентлик (чидамлилик) шаклланади ва бу даволашни қийинлаштиради.

Инсон организми мослашувчан тизим бўлиб, дориларнинг палапартиш берилишига нисбатан салбий мослашиш реакциясини ишга тушириши мумкин. Дори бир кун ичилиб, икки кун ичилмаса, организм рецепторлари дорининг молекулаларига “кўникиб” қолади ёки унга жавобан қўшимча рецепторлар ишлаб чиқаришни бошлайди. Вақт ўтиши билан илгари беморга жуда яхши таъсир қилган ва қон босимини туширган оддий дозалар умуман таъсир қилмай қўяди. Натижада шифокор дорилар дозасини оширишга ёки беморга бир вақтнинг ўзида 3-4 хил кучлироқ дори комбинациясини тайинлашга мажбур бўлади. Бу эса жигар ва буйракларга тушадиган юкламани ошириб, даволаниш харажатларини каррасига кўпайтиради.

Юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда, албатта, соғлом турмуш тарзининг роли бор. Унинг асосий тамойилларидан бири меъёрий уйқу бўлса, иккинчиси жисмоний фаоллик. Кўпроқ юришни одат қилинг. Бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юрсангиз, қон босимингиз меъёрда бўлади. Тушкунликни енгиш учун вақтингизни аяманг. 35 дақиқа тоза ҳавода сайр қилсангиз бас. Бу қон босимингизни меъёрда сақлаш ва бўлар-бўлмасга дори ичишни тўхтатишга ёрдам беради.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Рисолат МАДИЕВА тайёрлади.