Хўш, бу ҳужжатни расмийлаштириш тартиби қандай? У йўқотилган, шикастланган, яроқсиз ҳолга келган тақдирда алмаштириб бериладими? Ваучер қайси ҳолларда бекор қилинади?

Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026-йил 16-июндаги 195-сон буйруғи билан тасдиқланган Ваучерни расмийлаштириш, бериш, алмаштириш ва бекор қилиш Тартибида бунинг ҳуқуқий асослари келтирилган.

Ҳужжатга кўра, беморга тақдим этилган ваучер рақами туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар (туман (шаҳар) маслаҳат-диагностика бўлимлари) томонидан белгиланган тартибда электрон тизимга киритилади ҳамда беморнинг ЖШШИР рақами ва тегишли код билан бириктирилади.

Ваучер йўқотилган, шикастланган, маълумотлари ўқиб бўлмайдиган ҳолатга келган ёки бошқа сабабларга кўра ундан фойдаланиш имкони бўлмаган тақдирда бемор ёки унинг қонуний вакили туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар (туман (шаҳар) маслаҳат-диагностика бўлимлари) ёки ваколатли органга мурожаат қилади.

Масъул ходим бемор тўғрисидаги маълумотларни ахборот модули орқали текширади ҳамда ваучернинг ҳақиқийлиги ва ундан фойдаланилганлиги ҳолатини аниқлайди.

Ваучер бўйича тиббий хизматлар кўрсатилмаганлиги тасдиқланган тақдирда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар (туман(шаҳар) маслаҳат диагностика бўлимлари) масъул ходими туман (шаҳар) даражасидаги раҳбарга ва улар томонидан расмий равишда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларига мурожаат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш департаментига расман мурожаат қилади. Бунда, вазирлик томонидан аввал берилган ваучер бекор қилинади ва беморга такрорий ваучер расмийлаштирилади. Такрорий ваучер аввалги ваучернинг ҳуқуқий кучига эга бўлиб, унда такрорий расмийлаштирилганлиги ҳақидаги белги ва аввалги ваучернинг идентификация рақами кўрсатилади.Ваучердаги маълумотлар нотўғри киритилганлиги аниқланган тақдирда, нотўғри расмийлаштирилган ваучер бекор қилиниб, тўғриланган маълумотлар асосида янги ваучер шакллантирилади.

Беморга нисбатан тиббий текширув, даволаш ёки жарроҳлик амалиёти тўлиқ амалга оширилган ҳолларда мазкур ваучер ижро этилган деб ҳисобланади ва такрорий ваучер расмийлаштирилмайди.