Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ғиждувон туманида яшовчи тадбиркорга тегишли дорихона, хонадон ва автотранспорт воситаси кўздан кечирилди.
Натижада тадбиркор ўз уйида яширин цех ташкил қилиб, ёрлиқ ва йўриқномаларни ўзгартириш орқали қалбаки дори воситалари тайёрлаш билан шуғулланганлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир давомида 111 турдаги жами 25716 дона дори воситалари, бўш қутилар, ёрлиқлар, йўриқномалар ва бошқа воситалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, 30 турдаги дорилар давлат реестирида қайд этилмаган, 50 турдагисига эса мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган.
Ғиждувон туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари давлат реестрида қайд этилмаган ва сифат серфикати бўлмаган 16 дона “Октагам” дори воситасини харидорга 5600 АҚШ долларига сотган вақтида ушланди. Шунингдек, унга тегишли дорихонадан сифат серфикати бўлмаган 109 турдаги жами 32094 дона дори воситалари ҳужжатлаштириб олинди.
ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Нукус туманида истиқомат қилувчи 1989 й.т. фуқаро ўз яшаш хонадонида ноқонуний омборхона ташкил этганлиги аниқланиб, ушбу манзилдан 65 турдаги жами 12958 дона дори воситалари ҳамда уларни қадоқлашда фойдаланиладиган 2410 дона штрих код ва этикеткалар ашёвий далил сифатида олинди.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, ушбу дори воситаларини сақлашда белгиланган талабларга амал қилинмаган ҳамда уларнинг 16 турдагиси яроқлилик муддати тугаган дорилар ҳисобланади.