Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Аниқланишича, 1979 йилда туғилган А.А. юқори турувчи ташкилотларда ишловчи яқин танишлари орқали фуқарони вилоятдаги туманлардан бирининг тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимига тайинлашга кўмаклашишни ваъда қилган. Бунинг эвазига у фуқародан 9 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айбланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.