Кўп миллатли ва кўп миллионли халқимиз орасида футболни севадиган, унинг сеҳрли оламига ошно тутинганлар кўпчиликни ташкил қилади. АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида старт олган жаҳон биринчилиги спортнинг ушбу турига қизиқмайдиган юртдошларимизнинг ҳам ҳаловатини олиб қўйди. Ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Марказий Осиёдан мундиалда қатнашаётган биринчи давлатга айланди.
Шу боис, ҳозир мамлакатимиз аҳолисидан ташқари узоқ-яқин қўшниларимиз ҳам жамоамиз мухлисига айланган. Бугун матбуот ва ижтимоий тармоқ саҳифалари кўчаларда Ўзбекистон байроғини ҳилпиратиб, либосларига футболчиларимиз исмини тушириб олган, мундиални томоша қилиш учун турли давлатлардан йиғилган мухлисларнинг фото ва видеолари билан тўлиб-тошди.
Жаҳон биринчиликлари 1982 йили Испания мезбонлик қилган баҳслардан бошлаб 1 ой (28-31 кун) давом этаётган эди. Унгача мусобақалар 2 ёки 3 ҳафта мобайнида ўтказилган. FIFA иштирокчилар сонини 48 тага етказгани сабабли уч давлат қабул қилаётган бу галги мусобақалар энг узоқ (38 кун) давом этадиган мундиал сифатида тарихдан жой олиш арафасида.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси халқаро майдонда катта эътибор ва эътирофлар билан ЖЧ-2026 баҳсларига киришмоқда. FIFA Ўзбекистоннинг илк бор жаҳон чемпионатига чиққанини нафақат мамлакат, балки бутун Марказий Осиё футболи учун тарихий воқеа деб таърифлади. Ташкилот расмий сайтида “оқ бўриларнинг орзуси ушалгани” урғуланиб, жамоанинг кўп йиллик саъй-ҳаракатлардан кейин мундиалга чиққани алоҳида ёритилди.
FIFA президенти Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини тарихий воқелик билан табриклаб, муносиб ютуққа ҳисса қўшган футболчи, мураббий, федерация ва мухлисларнинг ишончи ҳамда интилишларини юқори баҳолади.
Қатор халқаро нашрлар Ўзбекистонни ЖЧ-2026 нинг мухлисларда катта қизиқиш уйғотаётган дебютанти сифатида тилга олмоқда, термамизнинг кўп йиллик драматик саралашлардан кейин мақсадга эришганини катта ҳурмат билан қабул қилмоқда.
Мутахассислар миллий термамизни фаворитлар қаторига киритмаётган бўлса-да, интизомли ўйини, ёш иқтидорлари ва интилувчанлиги туфайли гуруҳ босқичида сюрприз қилиши мумкин бўлган жамоа сифатида баҳолаган.
— Ўзбекистонликларнинг жаҳон чемпионатига тарихий йўлланмаси кўплаб экспертлар томонидан мамлакатда сўнгги йилларда қилинган тизимли ишларнинг мантиқий натижаси сифатида баҳоланмоқда, — дейди Қозоғистон Профессионал футболчилар уюшмаси бошқаруви раиси Олжас Абраев. — Бу мутлақо қонуний натижа. Қўшниларимизда ривожланиш стратегияси бор ва улар унга изчил амал қилмоқда. Барча қадамлар мамлакат футболида тизимли ривожланишга қаратилган бўлиб, мантиқий ва пухта ўйланган.
Экспертнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатда инфратузилма ва болалар-ўсмирлар футболи фаол ривожлантирилган: “Айнан шу ишлар ўз самарасини бера бошлади. Ўзбекистон ёшлар жамоалари халқаро майдонда мунтазам жиддий муваффақиятларга эришмоқда. Масалан, 17 ва 20 ёшгача бўлган терма жамоалар сўнгги йиллар жаҳон чемпионатларининг финал босқичларида иштирок этиб келяпти”.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳали турнирга киришмай туриб, муҳим рекордлар қайд эта бошлади. Маълумки, Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоамиз тарихий илк учрашувини 18 июнь куни Колумбия терма жамоасига қарши ўтказади. 11 июнь ҳолатига Ўзбекистон — Колумбия учрашувига сотилган чипталар сони 74 минг 725 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич ҳозирча 2026 йилги жаҳон чемпионати учун сотилган чипталар сони бўйича мутлақ рекорд сифатида қайд этилмоқда. Масалан, бу рақам очилиш баҳси Мексика — Жанубий Африка (73 минг 373) ва Бразилия — Марокаш (73 минг 719) учрашувлариникидан ҳам юқори.
Эслатиб ўтамиз: жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон “К” гуруҳидан жой олган. Футболчиларимиз 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 7:00 да Колумбия терма жамоасига қарши биринчи учрашувини ўтказади. Иккинчи турдан ўрин олган учрашув 23 июнь куни соат 22:00 га белгиланган. Унда миллий терма жамоамиз Португалия билан куч синашади. Гуруҳдаги охирги баҳс 28 июнь соат 4:30 да Конго Демократик Республикаси футболчиларига қарши ўтказилади.
Ҳаяжонга тўла лаҳзалар
11 июнь тун оқшомида ЖЧ-2026 мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мухлислар учун катта саҳна эффектлари, пиротехника, қўшиқ ва рақсли чиқишлар намойиш этилди. Стадион узра иштирокчи мамлакатларнинг давлат байроқлари бирма-бир олиб кирилаётган лаҳзалар ўзбекистонлик мухлисларни ҳаяжонга солган энг ёрқин эпизодлардан бири бўлди.
— Миллионлаб юртдошларимиз жонажон Ватанимиз байроғини ўйингоҳга ҳилпираб кириб келишини бахтиёрлик, ҳаяжон ва қувонч ёшлари билан кутиб олди, — дейди устоз журналист Ҳайдар Акбаров. — Фаолиятимнинг катта қисмини спорт журналистикасига бағишлаганман. Ўз вақтида “Спорт” газетаси ҳузурида махсус “Ўзбекистон футболи” ҳафталик иловасига асос солган эдик. Таҳририятимиз ижодкорлари учун миллий термамизнинг жаҳон биринчилигида иштирок этиши ва бу жараёнларни қувонч ҳамда фахр билан ёритиш орзумиз армонга айланди. Бугун кутилган бахтиёр кунларга етиб келдик.
Мундиалнинг дастлабки учрашуви Мехикодаги “Ацтека” стадионида бўлиб ўтди. Унда Мексика терма жамоаси ЖАРни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Кинонес 9-дақиқада ҳисобни очди. 67-дақиқада Рауль Хименес якуний нуқтани қўйди. “А” гуруҳининг иккинчи ўйинида Жанубий Корея термаси Чехия билан куч синашди. Унда осиёликлар 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Статистикага қизиқувчилар учун бир маълумот: ЖЧ-2026 дастлабки турнинг илк учрашувидан сўнг қизил карточкалар борасида тўрт йил аввал Қатарда ўтган мундиалга деярли тенглашиб олди. 2022 йилдаги жаҳон чемпионатида 64 учрашувда 4 та қизил карточка кўрсатилган эди. Бу сафар эса биринчи баҳснинг ўзида 3 та четлатилиш... Олдинда бизни янада қизиқарли ўйинлар кутмоқда. Демак, учрашув ҳакамлари олдига муросасиз бўлиш, ҳар бир қоидабузарлик учун жиддий жазо тайинлаш вазифаси қўйилган дея тахмин қилишга асосларимиз етарли.
Дарвоқе, ҳакамлар ҳақида
Истаймизми-йўқми, шу пайтгача Равшан Эрматов ўзбек, қолаверса, минтақа футболининг юзи бўлган. Ҳозир ҳам буни шараф билан аъло даражада уддаламоқда. Аввалига жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп ўйин бошқарган бош ҳакам сифатида рекорд ўрнатган бўлса, айни пайтда мамлакатимиз футболини халқаро ареналарда ривожлантириш, тарғиб қилишдек масъулиятни зиммасига олган.
Жаҳон чемпионатларининг финал босқичларида жами 11 та учрашувда майдонга тушган ва ҳозирча ҳеч бир ҳакам бу кўрсаткични янгилаш имконига эга эмас. У 2010 йил бош ҳакам сифатида ЖАР майдонларида 5 та, 2014 йил Бразилияда 4 та ва Россияда (2018 йил) 2 та ўйинни маҳорат билан бошқарган. Натижада миллионлаб мухлислар меҳри ҳамда эътирофига сазовор бўлган. 2014 йил мундиалида Равшан Эрматов 32 ёшда эди ва унга мезбон — Жанубий Африка Республикаси иштирокидаги очилиш учрашуви ишониб топширилган. Юртдошимиз, шунингдек, Осиё қитъасида кетма-кет тўрт марта “Энг яхши ҳакам” дея эътироф этилган ягона мутахассис.
2022 йили Қатардаги жаҳон биринчилиги мамлакатимиз ҳакамлари иштирокисиз ўтган эди. Қисқа танаффусдан сўнг, мана яна ўзбекистонлик ҳакамлар жамоаси уч давлатда кечаётган бир нечта баҳсларни бошқариш арафасида турибди. Океан ортида мухлислар Илгиз Танташев, Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин маҳоратига гувоҳ бўлиши мумкин.
Ҳужжатларда Илгиз Танташев бош ҳакам сифатида, Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин эса ёрдамчи ҳакам сифатида қайд этилган. Футбол ишқибозлари Илгиз Танташев Ўзбекистонда 2025 йилнинг энг яхши ҳаками деб топилгани, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати учрашувларини бошқаргани, халқаро мусобақаларда фаолият юритаётганидан хабари бор.
* * *
Олдинда миллионларнинг умид кўзи қадалган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси иштирокидаги ўйинлар бизни кутяпти. Елкасида ватан шаънини кўтариб турган йигитларга омад тилаймиз. Эҳтимол, улардан медаль ва совринли ўринларни кутиш, талаб қилишга ҳали эртароқдир, аммо муносиб ўйин, чиройли ғалаба ва голлар кутиб қолишга ҳақлимиз.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири