Медиатурда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ, “Темир йўл вокзаллари” МЧЖ масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур
тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Темирйўл
соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги 329-сонли қарори ижросини таъминлаш
доирасида амалга оширилди.
“Ўзбекистон
темир йўллари” акциядорлик жамияти, шунингдек, “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва “Темир
йўл вокзаллари” МЧЖ томонидан бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Вокзалларда нафақат йўловчилар учун қулайликлар яратиш, балки тадбиркорлик
фаолияти учун ҳам имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017 йилда
тубдан реконструкция қилинган “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзали бугунги кунда
мамлакатимизнинг йирик транспорт узелларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда
мазкур вокзалдан бир сутка давомида 19 та йўналиш бўйича 10 минг нафардан ортиқ
йўловчи фойдаланмоқда.
Тадбир давомида, “Тошкент-Жанубий” вокзал бошлиғи
Достон Сотволдиев бугунги кунда темир йўл соҳасида, хусусан
вокзал ҳудудида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
— Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида
вокзал олдидаги ҳаракат анча соддалаштирилди. Энди автомобиллар вокзал ҳудудига
бемалол кириб, келаётган ёки кузатилаётган йўловчиларни тушириб кетиши мумкин.
Илгари вокзал ҳудудига кириш назорат пунктлари орқали амалга оширилган бўлса,
ҳозирда бу жараён анча енгиллаштирилди ва ҳатто кузатувчилар ҳам вокзал
ҳудудига бемалол кириш имкониятига эга. Бу эса йўловчилар учун янада қулайлик
яратмоқда. Вокзал ҳудудида йўловчиларнинг ҳар қандай эҳтиёжи учун зарур
инфратузилма мавжуд, — дейди Достон Сотволдиев.
— Маҳаллий йўналишлардан ташқари, шаҳарлараро
қатновлар ҳам йўлга қўйилган. Хусусан, Президент ташаббуси билан очилган
Тошкент — Чиноркент электропоезди ҳам айнан Тошкент-Жанубий вокзалидан
қатнайди.
Шу билан
бирга, вокзал ҳудудида тадбиркорлар учун ҳам кенг имкониятлар яратилган.
Ҳозирги кунда бу ерда 20 дан ортиқ тадбиркор фаолият юритмоқда.
Тадбиркорлик
фаолиятини йўлга қўйиш тартибига кўра, тадбиркорлар ўз фаолияти ҳақида маълумот
беради, шундан сўнг ҳудуд e-auksion платформасига жойлаштирилади ва ижара
шартномаси асосида фаолият юритади. Шартномада барча талаблар — ёнғин
хавфсизлиги, санитария меъёрлари ва бошқа қоидалар аниқ белгилаб қўйилган.
Тадбиркорлар ўз фаолиятини айнан шу талаблар асосида олиб боради дейди, “Тошкент-Жанубий”
вокзал бошлиғи.
Бундан
ташқари, вокзалда жаҳон андозаларига мос сервис хизматлари йўлга қўйилган.
Хусусан, VIP ва кутиш заллари замонавий жиҳозланган бўлиб, барча қулайликларга
эга. Йўловчилар учун “Она ва бола” хонаси, электрон кутубхона, Wi-Fi интернет
хизмати, тиббиёт хонаси, юк аравачалари, ногиронлар учун махсус аравачалар,
мобиль қурилмаларни қувватлаш нуқталари, электрон маълумотлар таблолари ва
лифтлар хизмат кўрсатмоқда.
Вокзал
ҳудудида жойлашган иккита 14 метрлик замонавий фаввора эса нафақат иқлим
мусаффолигини таъминлаб, балки унинг ташқи кўринишига ҳам алоҳида жозиба
бағишламоқда.
Сўнгги
янгиликлардан бири сифатида шуни айтиш шумкинки, эндиликда йўловчиларни кузатиб
келувчилар учун вокзал ҳудудига ҳужжатсиз кириш имконияти яратилди. Бундан
ташқари, автотураргоҳлар ташкил қилиниб, автомобиллар вокзалнинг кириш
қисмигача эркин ҳаракатланиши таъминланди. Электрон таблолар ва ахборот
терминаллари сони ҳам оширилди.
Вокзалда 100
нафарга яқин ишчи-хизматчи йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Ушбу вокзал орқали
Тошкент – Хива, Тошкент – Бухоро, Тошкент – Термиз, Тошкент – Қўнғирот, Андижон
– Урганч каби кўплаб маҳаллий ҳамда шаҳарлараро йўналишларда поездлар қатнайди.
Йўловчилар
хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вокзал ҳудудида замонавий металл рамкалар ва
интраскоп ускуналари орқали текширув тизими йўлга қўйилган.
Медиатур
давомида вокзал ҳудудида “Qo’noq South Railway Hotel” меҳмонхонаси очилиш
маросими ҳам бўлиб ўтди. Мазкур меҳмонхона 2025 йилда e-auksion электрон савдо
платформаси орқали ижарага берилган бўлиб, 488 квадрат метр майдонда ташкил
этилган.
– Ушбу
меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 70 нафаргача меҳмонни қабул қилиш имкониятига
эга. Жанубий вокзал ҳудудида жойлашган мазкур меҳмонхонани очиш учун тахминан 2
миллиард сўм маблағ сарфланди. Яқинда фаолият бошлаган ушбу меҳмонхонада
меҳмонлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Бу ерда турли тўлов қобилиятига
эга бўлган меҳмонлар учун қулайликлар мавжуд. Жумладан, энг арзон хоналардан
тортиб, энг қиммат люкс хоналаригача. Меҳмонхона нафақат туристларни, балки
гуруҳ бўлиб келадиган талабалар, ўқувчилар, спорт мусобақалари ва
олимпиадаларга ташриф буюрадиган иштирокчиларни ҳам қабул қилишга мўлжалланган
– дейди, “Qo‘noq” Hotels МЧЖ раҳбари Абдуқаюм Абдуллаев.
Шунингдек,
тадбиркорлик фаолияти учун Ўзбекистонда яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритар
экан, раҳбар e-auksion портали орқали аэропорт ва вокзал ҳудудларидан жойларни
узоқ муддатли ижарага олиш ва уларни таъмирлаб, фаолият юритиш имконияти
мавжудлигини, бу эса тадбиркорлар учун катта қулайлик яратаётганлигини алоҳида
таъкидлади.
Бир сўз
билан айтганда, “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзалида амалга оширилаётган
ислоҳотлар йўловчилар учун янада қулай ва замонавий шароитлар яратишга хизмат
қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш
йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Зулхумор
Акбарова
Лобар Бобохонова