Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб концерт-томоша фаолияти билан боғлиқ барча хизматлар Солиқ мобил иловаси орқали рўйхатга олинади. Ижрочилар хизмат кўрсатиш жойи ва санаси ҳақидаги маълумотларни тизимга киритади, белгиланган тўлов амалга оширилгач эса автоматик тарзда электрон маълумотнома шакллантирилади.

2026 йил 1 сентябрдан 2029 йил 1 январга қадар ижрочилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида қатъий миқдорларда тўлайди. Мазкур тартиб меҳнат шартномаси асосида фаолият юритаётганларга татбиқ этилмайди.

Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркорлар учун айланмадан олинадиган солиқ тартиби бекор қилинади. Мобил иловага маълумот киритмаслик ёки белгиланган тўловни амалга оширмаслик лицензия талабларини қўпол бузиш деб баҳоланади. 2029 йилдан бошлаб эса солиқлар автоматик тарзда ҳисобланади, ушлаб қолинади ва бюджетга ўтказилади, зарур ҳолларда маблағлар мобил иловага бириктирилган банк карталаридан ечиб олинади.

Янги тизимда ижрочилар учун қўшимча қулайликлар яратилади. Жумладан, хизматлар бўйича шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш, тадбирларни онлайн банд қилиш, нархлар каталогини шакллантириш ва ижрочилар рейтингини юритиш имкониятлари жорий этилади. Бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилади.

Агар концерт-томоша хизматлари бўйича маълумотлар мобил иловага киритилмаса ёки тўлов амалга оширилмаса, бу ҳолат солиқ базасини яшириш деб эътироф этилади ҳамда ижрочиларга нисбатан шартнома ўртача қийматининг 20 фоизи миқдорида, бироқ белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган жарима қўлланади. Ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларга ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот берилади.

Шунингдек, тўй-маросимлар ўтказиладиган жойлар, ресторанлар, концерт заллари ва бошқа масканларда ижрочиларнинг қонуний фаолияти устидан мунтазам назорат олиб борилади. 2029 йилдан бошлаб концерт-томоша хизматлари учун тўловларни фақат нақдсиз шаклда амалга ошириш таклифи ҳам илгари сурилган.

Қарор ижроси учун масъул этиб маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Солиқ қўмитаси раиси Фазлиддин Пўлатов белгиланган. Мазкур ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.