Бу ҳақда Энергетика вазирлигида ёқилғи-энергетика соҳасида коррупцияга қарши курашиш, энергия таъминоти барқарорлиги, қарздорликларни қисқартириш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Бош прокуратура, қатор вазирлик ва идоралар, ёқилғи-энергетика тизими ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этди.

Муҳокамаларда ёзги юқори ҳарорат шароитида электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Қайд этилишича, жорий ёзда электр энергиясига талаб ўтган йилга нисбатан юқори бўлиши кутилмоқда. Шу муносабат билан электр тармоқлари ва подстанцияларнинг ишончли ишлаши, аварияларнинг олдини олиш ҳамда тезкор бригадаларнинг доимий шай ҳолатда бўлиши юзасидан топшириқлар берилди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилган электр таъминотидаги авариявий узилишлар юзасидан махсус комиссия тузилгани маълум қилинди. Комиссия авария сабаблари, ускуналарнинг техник ҳолати, реконструкция ишлари сифати ва аварияга қарши ҳимоя тизимлари самарадорлигини ўрганади.

Йиғилишда аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, колл-марказлар фаолиятини кучайтириш ва авариявий ҳолатлар юзасидан аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш зарурлиги таъкидланди.

Энергия самарадорлиги масалалари ҳам танқидий муҳокама қилиниб, айрим йирик корхоналарда электр энергияси ва табиий газдан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари қайд этилди. Масъулларга энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, эски ускуналарни янгилаш ва белгиланган тежамкорлик кўрсаткичларига эришиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, дебитор ва кредитор қарздорликларни қисқартириш бўйича қарорлар ижросини таъминламаётган раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди.

Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, коррупция жинояти учун судланган барча ходимлар ишдан бўшатилади. Шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги тизим корхоналари раҳбарларини тўлиқ аттестациядан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Бундан ташқари, соҳадаги коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилувчи махсус кенгаш ташкил этилиши маълум қилинди.

Йиғилиш якунида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида электр ва газ инфратузилмасини таъмирлаш, авариявий захираларни шакллантириш ҳамда аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.