Бир кун олдин Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов телефон рақамидан келган: «Эртанги мулоқотга кеч қолманг», деган СМС хабари гўё куннинг масъулиятини олдиндан эслатгандек эди.

Миразиз Мирсултонов эса бу манзилга мендан анча олдин етиб келган экан.

Қуёш чарақлаб бўй кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, Президент маслаҳатчиси Оллоёров Мансурбек, Тошкент шаҳридан йўлга чиққанлиги ҳақида хабар келди.

Энг эътиборлиси белгиланган вақтдан бир дақиқа ҳам кечикмай, ҳатто бироз олдинроқ етиб келди.

Белгиланган йўналиш бўйича барча манзилларга улгуриш учун ҳар бир дақиқа ҳисобли эди.

Камина эса бир мини мирзо сифатида қўлда қоғоз-қалам, кўрганларини, эшитганини ёзиб боришга ва шулар асосида мужда тайёрлашга шай эдим.

Дастлабки мулоқотлар мактаб-интернатдаги шароитлар, таълим-тарбия муҳити, яратилаётган имкониятлар, бунёдкорлик режалари ҳақида бўлди.

Шундан сўнг Тошкент вилоятида барпо этилаётган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқармасининг янги биноси кўздан кечирилди.

Бу ерда ҳар бир майда деталгача синчков назар, раҳбарий зеҳн билан эътибор қаратилди.

Ҳатто юрадиган йўлакларга инсонлар ушбу ташкилотга келганда тақиллаб овоз чиқса ҳам хижолат бўлмаслиги учун овоз чиқармайдиган кафелар ўрнатилишигача тушунтирилди.

Қулоқ тутиб, нигоҳ боқиб ёзиб бораман.

Кейинги манзил Оҳангарон шаҳридаги «Адолат» маҳалласи.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот котиби Дилфузабегим Рўзиметова ҳамда оператор Авазбек Эштемиров машинадан тушиб, мулоқот жараёнини ёзиб олишга кийик тезликда югуради. Соат эса 12:38ни кўрсатмоқда.

Бу уйда 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс Умид Шералиев яшайди.

Унинг уйи тўлиқ таъмирланган, шароитлар эса давлат эътибори амалда қандай бўлишини кўрсатиб турарди.

Нақадар рамзий ҳолат, давлатдан адолат, меҳр ва эътибор кўрган инсон «Адолат» маҳалласида яшайди.

Навбатдаги манзара кўз олдимда чўғдек муҳрланди.

Шундай қарасам бир дастурхон, пиёлада чой, косада овқат, ёнида новвот, кулиб турган мезбон ва ўртада Президент маслаҳатчисининг назари.

Во дариғ...

Пешонамдан тер чиқиб, елкамга томон сирғалиб тушди.

Шу он хаёлим беихтиёр болаликка кетди. Энам тандирда макка нон ёпган кунлар эсимга тушди.

Уйимиз оддий, битта темир чойнак, учта пиёла, соддагина ҳаёт.

Ҳамсоямиз Нозигул опа келган, энам янги узилган макка нондан узатган эди.

Лекин ҳамсоя нонни ҳам олмади, чойни ҳам ичмади. Юзини чимириб: «Биз маккани молга берамиз», деди. Энам қизариб кетди. Момақалдироқ гумбурлагандай бўлди.

Ўша манзара болалик қалбимда оғир из қолдирган бўлса керак, яна ҳам билмадим.

Кейин ўша воқеа билан бунда кўрганларим бир-бирига уланиб кетгандек бўлди.

Йиллар тез ўтгандай, яхшилик шабадалари эсгандай бўлди.

Мулоқотлар давомида яна бир бор англадимки, ижтимоий ҳимоя тизими босқичма-босқич такомиллашиб, инсон қадрини амалда таъминлайдиган тизимга айланиб бормоқда.

Президентимизнинг бу тизимга шахсан бош бўлиб, ўз фарзандларини ҳам шу йўналишга масъул этиб қўйгани ҳам бежиз эмас.

Зеро, инсон қадри шунчаки баланд овозли шиор эмас, балки одамлар ҳаётига кириб бориш, уларни эшитиш ва турмушини яхшилашга қаратилган амалий масъулиятдир.

Элбек Шойимов, журналист