Мураббийнинг таъкидлашича, жамоа майдонда кўплаб ижобий жиҳатларни намойиш этган ва ҳисоб 1:0 бўлганидан кейин ҳам тартибли ўйинни сақлаб қолган.

«Биз жамоа бўлиб ҳаракат қилишда давом этдик ва охиригача курашдик. Бундай даражадаги миллий жамоаларга қарши ўйнаш осон эмас. Шунга қарамай, футболчилар ҳаракатида кўплаб ижобий томонларни кўрдим. Айнан шундай учрашувлар бизга керак, чунки кучли рақибларга қарши ўйнаганда доимо ниманидир ўрганасиз ва тажриба тўплайсиз», — деди Каннаваро.

Ҳимоя чизиғидаги хатолар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, мутахассис футболни хатоларсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Футболни мутлақо хатоларсиз ўйнаб бўлмайди. Бизнинг вазифамиз — футболчиларга бундай хатоларни имкон қадар камайтиришда ёрдам бериш. Ростини айтсам, мен ҳимоядаги камчиликлардан кўра ижобий жиҳатларни кўпроқ кўрдим», — деди у.

Шунингдек, Каннаваро жамоанинг жисмоний ҳолати ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, тайёргарлик йиғини бир ойдан ортиқ вақт аввал бошланган, легионер футболчилар эса кейинроқ таркибга қўшилган.

«Жисмоний тайёргарлик борасида яхши иш олиб борганимизга ишонаман. Албатта, айрим футболчилар билан боғлиқ ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар бор ва биз бу йўналишда ишлашда давом этамиз», — деди Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи.