Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ҳамда университет ходимлари касаба уюшмаси раиси ташаббуси билан олийгоҳнинг 50 нафар раҳбарияти ва профессор-ўқитувчиларидан иборат жамоа 7–9 август кунлари Тошкент шаҳрига уч кунлик маданий-маърифий саёҳат қилишди.

Саёҳат давомида иштирокчилар «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида бўлиб, Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шунингдек, жамоа «Crafers» замонавий қандолат маҳсулотлари фабрикаси фаолияти билан танишиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва замонавий технологиялар ҳақида маълумот олди.

Ташриф дастуридан Ислом цивилизацияси марказига саёҳат ҳам ўрин олди. У ерда иштирокчилар халқимизнинг бой маънавий-маърифий ва тарихий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Бундан ташқари, саёҳат давомида «Magic City», «Magic Aquarium» ва «AYA Project» каби замонавий кўнгилочар масканларга ташриф буюрилиб, жамоа мазмунли ҳордиқ чиқарди.

Уч кунлик саёҳат иштирокчиларда кўтаринки кайфият уйғотиб, жамоавий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, янги ўқув йили ва илмий-педагогик фаолиятга юқори руҳда киришиш учун катта мотивация бағишлади.