Ушбу саволимизга Ургутга сафаримиз давомида “Терсак” маҳалласида яшовчи, туризм фаолияти билан шуғулланувчи, ўз хонадонини меҳмон уйига айлантирган Қўйсин Ҳасановдан шундай жавоб олдик. 

— 2007 йилларда меҳмон уйимизга Франциядан бир нафар сайёҳ келди. Унинг тилини яхши билганим учун кўп мулоқотда бўлдик, яқиндан танишдик. Меҳмонимиз Франсуаз Фрэсоннэ Франциядаги Тулуза университети этнолог-профессори экан. Унга қишлоғимизнинг хушманзара жойлари, тоғ-ён бағирларидаги гўзал манзараларни, шаршараларни кўсатдим. Миллий урф-одат ва анъаналаримиз ҳақида гапириб бердим, биргаликда ош ва бошқа таомларимизни пиширдик, истеъмол қилдик. Айни жараёнлар унга жуда ёқди шекилли, юртига қайтиш чоғида маълум вақт ўтгач мамлакатимизга яна келишини, ўзбек тилини ўрганишини айтди. Хайрлашдик, аммо ўша пайтлари унинг гапларига ишонмагандим.

Буни қарангки, орадан 8-9 ойча вақт ўтиб Франсуаз Фрэсоннэ яна Ургутга келди. Ўзбек тилини ўргатишимни сўради. Жондилдан рози бўлдим. Уч ойдан кўпроқ хонадонимизда юриб, оиламиз аъзосидек бўлиб қолди, жиддий киришиб тилимизни яхши ўрганиб олди. У қишлоғимизни яхши кўриб қолганидан унга қаттиқ меҳр қўйганди. Французларда ички дунёси шундай инсонлар кўп учрайди. Ф. Фрэсоннэ табиатимизга, тоза ҳавомизга ҳавас қиларди. Кун келиб мамлакатига йўл олди. Телефонлашиб туриш, борди-келди қилишга келишиб олдик.

Ора-орада телефонлашиб турдик. Бир-икки йилча ўтиб Франциядаги ўзи туғилиб ўсган қишлоғи номини осон бўлмаса-да расман “Терсак” деб ўзгартиришга эришгани, барча ҳужжатлар Франция қонунчилиги доирасида амалга оширилганини айтиб қолди. Бундан бир хурсанд бўлган бўлсам, унинг янги иш жойи — Париж шаҳридаги Сарбон университетда ўзбек тили кафедраси очганини эшитиб яна қувондим. Буни бир сайёҳнинг халқимиз ва юртимизга бўлган ҳурмати ва муҳаббатининг намунаси сифатида хурсандчилик билан қабул қилдим.

Маълумот учун, Қўйсин Ҳасанов 1949 йил Ургут тумани “Терсак” маҳалласида туғилган. 1972 йилда Самарқанд давлат университети, чет тиллари факультети, француз филологияси бўлимини аъло баҳоларга тамомлаган. 1993 йили хонадонида меҳмон уйи очган. Узоқ йиллар Ургутдаги 45 ва 90 мактабларда француз тилидан дарс берган. “Терсак”даги 116-мактабда 34 йил директор лавозимида ишлаган ва ўз мутахассислиги бўйича ўқувчиларга сабоқ берган. Унинг 25 ўринли меҳмон уйига ҳар йили ўртача 1200-1300 хорижлик, асосан, Франция ва Европа давлатларидан туристлар келади. Жорий йилдан улар қаторига канадаликлар қўшилган.

Х. Салимов,

“Yuz.uz” мухбири