Вазирнинг таъкидлашича, жорий йилда 1 август куни ҳар гектарга 2 литрдан этефон сепган ва уч босқичли «эрта пишириш» дастурига амал қилган фермерларнинг далаларида пахта ҳосили барвақт очилган.

У бу борада Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги «Хумо» фермер хўжалиги раҳбари Шарофиддин Исмоиловнинг тажрибасини мисол сифатида келтирди.

«Шарофиддин акада эса 16 сентябрда қордек оппоқ, қарсиллаган дала», — деб ёзади вазир.

Маълум қилинишича, мазкур усулдан фойдаланаётган илғор фермерларнинг пахта далалари майдони қарийб 450–500 минг гектарни ташкил этади.

Вазир Қорақалпоғистондаги айрим далаларда эса ушбу тавсияларга амал қилинмагани сабабли пахтанинг очилиши нисбатан кечикаётганини қайд этган. Хусусан, у кирган хўжаликлардан бирида кўсакларнинг қарийб 70 фоизи ҳали очилмагани, барглар яшил ҳолда экани ва ўсимликнинг юқори қисмида гуллаш давом этаётганини айтган.

«Эрта пишитиш» дастури доирасида «Хумо» фермер хўжалигида ҳам бир қатор агротехник тадбирлар амалга оширилган.

Хўжалик раҳбари Шарофиддин Исмоиловнинг маълум қилишича, 2026 йилда майдонга «Саксон етти» хорижий ғўза нави экилган.

1 август куни биринчи дефолиация ишлари билан бир вақтда майдонга 1,5–2 литрдан этефон билан ишлов берилган. 12 август куни эса 100 грамм «Авгурон» ҳамда 1 литрдан этефон билан қайта ишлов ўтказилган.

21–22 август кунлари майдонга яна 150–200 граммдан «Авгурон» билан ишлов берилган. 1–2 сентябрь кунлари эса тавсияга асосан 12 килограммдан хлорат магний (ХМД) билан ишлов ўтказилган.

Фермернинг айтишича, ҳозирги кунда далалардаги ҳосил 100 фоиз очилган ва теримга тайёр. Дастлабки теримларда ҳар гектардан 67–72 центнер атрофида ҳосил олинган. Мавсум якунида эса ҳосилдорликни 80 центнерга етказиш мўлжал қилинмоқда.

«Илмга ёндашсак, кам бўлмаймиз. Ўзбекистонимизда пахтачиликни янги босқичга олиб чиқиш ўз қўлимизда», — дейди «Хумо» фермер хўжалиги раҳбари Шарофиддин Исмоилов.