Мазкур қоидалар Агентлик директорининг 2026 йил 16 сентябрдаги 11-н-сон буйруғи билан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2026 йил 14 октябрда 3953-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Янги авиация қоидалари Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO)нинг Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенциясига 8-иловаси “Ҳаво кемаларининг учишга яроқлилиги” доирасидаги халқаро стандартлар ва тавсия этилган амалиётларнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, фуқаро ҳаво кемаларининг учишга яроқлилигини таъминлашга оид талабларни белгилайди.

Янги авиация қоидалари фуқаро ҳаво кемаларининг учишга яроқлилигини таъминлаш тартибини белгилаб, ҳаво кемаларини сертификатлаш, уларнинг учишга яроқлилигини сақлаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолиятига қўйиладиган талабларни қамраб олади. Ҳужжатда учишга яроқлилик сертификатларини бериш ва тан олиш, ҳаво кемаларининг техник ҳолатини назорат қилиш, учишга яроқлиликни сақлашга оид мажбурий маълумотлар билан ишлаш, шунингдек ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотларини сертификатлаш масалалари белгиланган.

Шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ташкилотларининг фаолиятига доир қўлланмалар, сифатни таъминлаш тизими, ишлаб чиқариш базаси, ходимларнинг малакаси ва касбий тайёргарлигига оид талаблар назарда тутилган.

Мазкур қоидаларнинг жорий этилиши фуқаро авиациясида ҳаво кемаларининг учишга яроқлилигини таъминлашга доир талабларни тизимлаштириш ҳамда парвозлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қоидалар расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, 2027 йил 16 январдан кучга киради.