Низомга кўра, ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари мазкур соҳада ваколатли орган ҳисобланади.
Фуқарони яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳар икки томон (мулкдор ва фуқаро) иштирокида амалга оширилади ва уларнинг розилиги "Face-ID" ёки "Mobile-ID" тизими орқали тасдиқланади.
Бир нечта уйга ёки квартирага эга бўлган турар жой мулкдори улардан фақат биттасига яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.
18 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси ёки улардан бири ёхуд васийси (ҳомийси) рўйхатдан ўтказилган манзилда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади.
Фуқаро янги яшаш жойига келган кундан эътиборан 10 иш куни ичида яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жой мулкдори уни яшаш жойи ёки турган жойи манзилига рўйхатдан ўтказиш учун ваколатли органга хабар бериши шарт.
Фуқаролар ёки турар жой мулкдори рўйхатдан ўтказиш учун ўзларига қулай бўлган жойдаги ваколатли орган ёки давлат хизматлари марказлари, "Ақлли" миграция шохобчалари орқали шахсан ёхуд ЯИДХП, "E-xabar berish" тизими орқали онлайн тарзда мурожаат қилишлари мумкин.
Ўзбекистоннинг куйидаги ҳудудларида фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи чекланиши мумкин:
- чегара зонасида;
- ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда;
- ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда;
- фавқулодда ҳолат ёки сафарбарлик эълон қилинган ҳудудларда ва бошқалар.