Бунда таълим сифатини янада ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, соҳага замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ҳамда олий таълим муассасалари рақобатбардошлигини ошириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар, айниқса, диққатга сазовор.

Германия таълим тизими дунёдаги энг илғор ва самарали моделлардан бири сифатида эътироф этилади. Хусусан, техника ва муҳандислик йўналишларида ушбу давлат университетлари халқаро рейтинг­ларда етакчи ўринларни эгаллайди. Замонавий университетлар илм-фан, инновация ва кадр­лар тайёрлаш борасида жаҳоннинг илғор ­тажрибаларини ўзлаштириш асносида ривожланади. Фарғона давлат техника университетида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш устувор вазифаларимиздан. Шу мақсадда яқинда олий таълим муассасалари раҳбарлари билан бирга Германияга сафаримиз ана шу мақсадга хизмат қилувчи муҳим амалий қадам бўлди.

Германияда дуал таълим касбий тайёрловнинг асосий моделидир. Ўқиётган ёшларнинг тахминан учдан икки қисми айнан шу тизим орқали мутахассис бўлиб етишади. Тизимнинг моҳияти оддий: назарий билимлар таълим муассасасида, амалий кўникмалар эса бевосита ишлаб чиқариш корхонасида шакллантирилади. Икки жараён параллел ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилади. Сафар чоғида биз Мюнхен ва Юқори Бавария ҳунармандчилик палатаси мисолида бу тизим қанчалик кенг қамровли ва самарали эканига гувоҳ бўлдик. Маълум бўлишича, палата таркибига 80 мингдан ортиқ ҳунармандчилик ва кичик бизнес субъекти киради. Ҳар йили 30 мингдан ортиқ киши учун касбий тайёрлов дастурлари асосида ўқув-амалий машғулотлар ўтилади. Амалий машғулотлар автомобилсозлик, электротехника, металга ишлов бериш, қурилиш, санитария ва энергетика технологиялари каби 30 дан ортиқ йўналиш бўйича йўлга қўйилган.

Германия сафари чоғида мамлакатда дуал таълим тизими ютуқлари ва тажрибасини юртимиз таълим тизимига жорий этиш масалаларига жиддий эътибор қаратишга уриндик. Хусусан, Франкфурт шаҳридаги MHT Mold & Hotrunner Technology AG корхонаси билан ўтказилган учрашувлар натижасида Фарғона давлат техника университети ва мазкур корхона ўртасида дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган алоқаларни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувга эришилди. Ҳамкорлик дои­расида талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш дастурларини ташкил этиш, семинарлар, амалий машғулотлар ҳамда воркшоплар ўтказиш юзасидан келишиб олинди. Бу эса университетимиз учун Европанинг илғор саноат корхоналари билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Сафар давомида Германиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан яна бири — Потсдам амалий фанлар университетида ҳам самарали учрашувлар ташкил этилди. Делегация аъзолари университетнинг Стартап ва тадбиркорлик маркази, технопарк фаолияти ҳамда инновацион инфратузилмаси билан танишди. Университет президенти, профессор Ева Шмидт Родермундт билан мулоқотда қўшма илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, шунингдек, дуал таълим элементларини амалиётга ҳамкорликда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур олийгоҳ билан илгари бошланган ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилиши икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Ушбу сафар доирасидаги энг муҳим воқеалардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Германиянинг Таълим, оила ишлари, кексалар, аёллар ва ёшлар масалалари бўйича Федерал вазирлиги ўртасида касбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувнинг имзоланиши бўлди. Чунки мазкур ҳужжат икки мамлакатнинг ваколатли давлат органлари ўртасида касбий таълимни ривожлантиришга қаратилган илк тизимли ҳамкорлик ташаббусидир. Келишув доирасида касбий таълим соҳасида мамлакатлараро илмий тадқиқотларни ривожлантириш, дуал таълим тизимини такомиллаштириш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгилаб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон — Германия қўшма ишчи гуруҳининг ташкил этилиши таълим муассасалари, савдо-саноат палаталари, соҳавий уюшмалар ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи самарали платформа вазифасини бажаради. Ушбу битим мамлакатимиздаги техника университетлари учун янги имкониятлар эшигини очувчи муҳим ҳужжат сифатида баҳоланмоқда.

Фарғона давлат техника университетининг Германия ОТМлари билан ҳамкорлиги бугун аниқ режаларга асосланган натижалар билан мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) молиялаштираётган иккита лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётир. Ҳар бири 40 минг евро қийматига эга ушбу лойиҳалар талабаларнинг амалий кўникмаларини халқаро стандартлар асосида ривожлантиришга қаратилган.

Бундан ташқари, Альбштадт-Зигмаринген университети билан ҳамкорлик меморандуми асосида университетимиз талабаларининг Германияда таҳсил олиши учун имконият яратиш кўзда тутилди. Erasmus+ грантлари доирасида талабалар академик мобиллик дастурларида иштирок этмоқда. Шунингдек, мулоқотлар жараёнида Лейпциг амалий фанлар университети билан ҳам англашув меморандуми имзоланди. Натижада Фарғона давлат техника университетининг Германиянинг қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан бевосита ҳамкорлик тармоғини шакллантириш истиқболи учун кенг йўл очилди.

Германиянинг ТЕСВОЛТ компанияси фаолияти билан танишув эса энергия сақлаш тизимларини ишлаб чиқариш бў­йича Европадаги етакчи корхоналардан бири бўлган ушбу корхона ҳамда Aнҳалт амалий фанлар университети ўртасидаги дуал таълим модели таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини юртимизда қўллаш имконини беради. Ушбу моделга асосан талабалар назарий билимларни университетда эгаллаш билан бирга бевосита корхонанинг ўзида ҳам амалий фаолият юритиши назарда тутилган. Натижада меҳнат бозори талабларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий компетенцияларга эга, рақобатбардош муҳандис мутахассислар тайёрланади.

Эришилган келишувлар ва ўрганилган илғор тажрибалар Фарғона давлат техника университетида дуал таълим тизимини янада ривожлантириш, вилоятдаги йирик ­саноат корхоналари билан ҳамкорликни кенгайтириш, профессор-ўқитувчиларни хал­қаро малака ошириш дастурларига мунтазам жалб этиш ҳамда стартап ва инновациялар экотизимини шакллантириш бўйича қилинаётган ишларни янада тизимли ташкил этиш имконини беради.

Бугун рақобатбардош мутахассис тайёрлаш таълим муассасалари, саноат корхоналари ва давлат ҳамкорлигининг узвий уйғунлигига таянишини эътиборга олсак, хорижга сафаримиз самарали бўлиши учун катта умид боғлашимиз мумкин. Ўйлаймизки, Германия тажрибаси айнан шу ёндашув самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Рустам ТОЖИЕВ,

Фарғона давлат техника университети ректори,

профессор