Компаниянинг мақсади ҳалокатли касалликларни ташувчи ҳашаротлар популяциясини камайтиришдир. Cтатистик маълумотларга кўра, чивинлар сайёрадаги бошқа ҳайвонларга қараганда кўпроқ одамларнинг ўлимига сабаб бўлади, деб хабар берди The Guardian.
Чивчинлар денге иситмаси, Ғарбий Нил иситмаси, Зика иситмаси, чикунгунья иситмаси ва безгак каби ҳалокатли касалликларни юқтиради. Google бу муаммони ғайриоддий тарзда ҳал қилишни режалаштирмоқда: хавфли чивин популяциясини назорат қилиш учун эркак чивинларни қўйиб юбориш орқали.
Эркак чивинлар одамларни чақмайди ва касалликларни ташувчи эмас. Компания эркак чивинларни табиий равишда содир бўладиган вольбахия (Wolbachia) бактерияси билан ўстиради: эркак чивин ёввойи урғочи чивин билан жуфтлашганда, урғочи чивиннинг тухумлари ривожланмайди. Google вакилларининг сўзларига кўра, ҳар бир янги авлод билан ёввойи чивин популяцияси камаяди.
Компания битта турга — Зика вируси ва чикунгунья иситмасининг асосий ташувчиси бўлган Aedes aegyptiга эътибор қаратмоқда. Google муҳандислари ва олимлари эркаклар чивинларни урғочиларидан аниқ ажратиш ва уларни керакли жойда ва керакли миқдорда қўйиб юбориш учун катта маълумотлар технологиялари, сенсорлар ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган компьютер кўриш тизимидан фойдаланишмоқда.
Бу усул Google ихтироси эмас — у “стерил ҳашаротлар техникаси” деб аталади ва ўнлаб йиллар давомида мавжуд. Флорида университетининг чивинларнинг микроорганизмлар билан ўзаро таъсири бўйича ихтисослашган доценти Эрик Карагата вольбахия ҳашаротларни стерилизация қилиш учун тахминан 15 йилдан бери қўлланилганини таъкидлади.
Компания бу усулдан фойдаланиш қарорини анъанавий чивинларга қарши кураш усуллари самарасиз эканлиги билан изоҳлайди: пестицидларни пуркаш заҳарли ва вақт ўтиши билан самарадорлигини йўқотади ва барча чивин кўпайиш жойларини топиш ва йўқ қилиш деярли имконсиз. Лойиҳа дастлаб Googleнинг бош компанияси бўлган Alphabet шўъба корхонаси Verily Health таркибига кирган Debug бўлими томонидан ишлаб чиқилмоқда.
АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) ҳозирда Googleнинг Флорида ва Калифорнияда икки йил давомида ҳар йили 16 миллионгача чивинни қўйиб юбориш ҳақидаги илтимосини кўриб чиқмоқда. EPA Googleга экспериментал фойдаланиш учун рухсатнома бериш-бермаслик тўғрисида қарорни 5 июнь куни тугайдиган жамоатчилик муҳокамаси давридан кейин қабул қилади, деб хабар берди rbc.ru.