Бу ҳақда УзА нашри хабар берди.
Мажмуа буюк саркарданинг ҳаёти ва меросини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳага кўра, мажмуанинг марказида Амир Темур ҳайкали ўрнатилади. Унинг атрофида замонавий боғ, музей, кутубхона, мадраса, меҳмонхона, ҳунармандчилик ва заргарлик дўконлари, миллий таомлар маскани, истироҳат боғлари, фавворалар ҳамда тарихий услубдаги бош кириш аркаси барпо этилади.
Шунингдек, мажмуа ҳудудида Амир Темурнинг болалик ҳайкали, Амир Темур отасининг ҳовлиси, чой тарқатиш иншоотлари, умумий овқатланиш жойлари, меҳмонхона ва бошқа объектлар жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Мазкур мажмуа аҳоли, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун тарихий-маърифий ҳамда туристик масканга айланиши режалаштирилган. У миллий меросни тарғиб қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Яккабоғ туманининг туристик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.