Бу борада, аввало, умумтаълим
мактабларида мусиқа, тасвирий санъат ва технология дарслари «арт» ўқув дастури
асосида такомиллаштирилиши белгиланди.
Ушбу йўналиш болани креатив фикрлаш,
жамоавий ишлашга ўргатади, унда эстетик дид, эмоционал интеллект ва инновацион
тафаккурни шакллантиради.
Мутасаддиларга янги ўқув йилидан ҳар
бир вилоятдаги 10 тадан умумтаълим мактабида тажриба тарзида арт йўналишини
жорий қилиш топширилди.
Бунда
- 1-4-синфда болалар расм, мусиқа ва ўйинлар орқали ижодга, маданият ва санъатга қизиқтирилади,
- 5-7-синф ўқувчиларига ижодий жамоада ишлаш ва ўз фикрини эркин ифода этиш,
- 8-9-синфларда дизайн, графика ва сунъий интеллект орқали креатив лойиҳаларни ишлаб чиқиш,
- 10-11-синфларда ушбу лойиҳаларни тайёр маҳсулотга айлантириш ўргатилади.
Янги ўқув йилидан бошлаб, 326 та
мусиқа ва санъат мактабидаги ўқитувчиларнинг ойлиги ҳам умумтаълим мактаблари
билан бир хил бўлади.
Энди умумтаълим ва мусиқа мактаби
ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни қай даражада ижро этишига
қараб, 20 фоизгача устама тўланади.
Янги ўқув йилида камида 1,5 миллион
ўқувчини мусиқа ва санъатга жалб қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун
326 та мусиқа ва санъат, 29 та ихтисослашган мактаб билан умумтаълим мактаблари
ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Мусиқа ва санъат мактабларининг
ижодий жамоалари умумтаълим мактабларида мунтазам концерт-томоша дастурлари ва
маҳорат дарсларини ўтказиб бориши зарурлиги қайд этилди.
Ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс
йўналишида умумтаълим мактаблари ўртасида туман, вилоят, республика даражасида
танловлар ўтказилади. Уларнинг ижод маҳсулини республика бўйича тарғиб қилиш,
саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари олиш учун 500 миллион сўмдан
грант берилади.
Шунингдек, республика танлови ғолиблари маданият ва санъат олийгоҳларига ўқишга қабул қилинади.