Учинчи минг йилликда яшамоқдамиз. Умримизнинг муайян қисми иккинчи минг йилликда кечганини эслаганда эса, юзимизда ёқимли ҳайрат пайдо бўлади. Ахир бир эмас, инсоният тарихининг иккита минг йиллигида яшаш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди-да. Шундай экан, “Ўтган минг йилликда ким эдигу бугун ким бўлдик? Дунёқарашимиз, яшаш тарзимизда қандай ўзгаришлар юз берди? Фарзандларимиз тўғри вояга етмоқдами, улардан кўнглимиз тўқми?” каби саволларга дуч келишимиз табиий.
Бунинг
ажабланадиган жойи йўқ. Чунки кўз юмиб очгунча янги асрнинг дастлабки чораги ҳам
ортда қолди. Йиллар шиддати тезлашгандай гўё. Азизиддин Насафий ҳазратлари уқтирганидек,
дунёнинг ўзи тинимсиз ҳаракатда ва айланишдадир. У тўлқин янглиғ гоҳ авжланиб, гоҳ
сокин тортиб, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб турибди. Воқеа-ҳодисалар, бурилиш
ва янгиланишлар занжири бир-бирига уланиб бораётир. Тун қоронғилиги тонгги шафаққа
ўрин беришда, ногаҳоний довулдан сўнг эса майин шабада эсишда давом этмоқда. Бу мангу тартиботга ҳеч нарса таъсир ўтказа олмайди.
Инсон
мана шу илоҳий тақдир ичида яшайди. Ҳар баҳорни, ҳар ёруғ кунни, ҳар янги фаслни
умид билан кутиб олади. Дуога қўл очиб, Яратгандан эл-юртга тинчлик-хотиржамлик,
болаларига ризқ-насиба сўрайди, экин даласига уруғ сочади, ерга ниҳол қадайди.
Ўтган
икки минг йилликнинг ўз солномаси бор. Икки буюк уйғониш, икки машъум
қирғинбарот айнан шу даврда юз берди. Мирзо Улуғбекнинг ўткир нигоҳи олис
юлдузларгача етиб борди, Инсон Ойга қўнди, Марсга ўзиюрар машиналар юборди.
Китоб ихтиро қилинди. Шу билан бирга, европалик салибчиларнинг қонли юришларида
мусулмон олимлари ёзган бир миллионга яқин нодир китоб ёқиб юборилди. Ядро
қуроли кашф этилди, босқинчилик курашлари авж олди.
Шўроларнинг
ялпи даҳрийлик сиёсати, миллий ва диний туйғуларнинг оёқости қилиниши каби
зуғумлар чорак аср аввал тарихга айланган иккинчи минг йилликда қолиб кетади,
деб умид қилинганди. Одамзод янги асрга руҳан ва маънан покланиб, ақл-идроки,
фаҳм-фаросати чархланган ҳолда ўтади, йўл қўйган хатоларидан тўғри хулоса
чиқаради деб ишонардик. Ўзини, она заминни, сув ва ҳавони, бошига соябон бўлиб
турган беғубор осмонни пок тутади, қуролланиш пойгаси жиловланади, тўпларнинг
оғзида кабутарлар бола очади, бундай қилмаса, ўзи ҳалок бўлади деб ўйлаган
инсоният бугун бу “англаб бўлмас сир” олдида ҳайратда. Чунки покланиши,
тинчланиши ва роҳат-фароғат бешигига айланиши керак бўлган дунё яна асов
тўлқиндай пишқириб, умумфалокат сари юзланмоқда.
Таассуфки,
кутилгандек бўлмади. Дунё фавқулодда мураккаблашиб кетди. Инсон гўёки ўзи
ўтирган дарахт шохига арра тортиш (Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда), ўзини
ва болаларини тўйдираётган ерни заҳарлаш, океан сувини чиқиндига тўлдириш,
ўрмонларга ўт қўйиш каби машъум ҳаракатлари билан тубсиз жарлик ва йўқлик сари
яқинлашиб бораётгандай. Буни ногаҳоний ер ўпирилишлари, сув тошқинлари,
ҳосилдор ерларнинг шўрланиши, музликларнинг эриши каби фалокатларда яққол кўриш
мумкин.
Фақат
шу эмас. Бўлинган дунёни қайта бўлаклаш, иқтисодиёт ва сиёсатда якка
ҳукмфармолик қилиш нияти, шунингдек, ирқий ва диний можаролар совуқ уруш
сиёсати пайтидагидек шитоб билан, янада кучли ва ваҳимали суръатда давом
этмоқда. Оммавий қирғин қуролларининг мисли кўрилмаган янги ва даҳшатли турлари
ихтиро қилинмоқда, қудратли давлатлар эса уларни фахр-ифтихор билан намойиш
этмоқда. Қонли фронт йўналишларида бир томон: “Бугун душманнинг фалонча аскари йўқ
қилинди”, деса, иккинчи томон: “Биз ҳар ойда душманнинг фалон аскарини
ўлдиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик”, дея жар солмоқда. Даҳшатлиси
шундаки, кўпчилик бу рақамларни ҳеч ажабланмай, худди “Кеча фалон мусобақада
мингдан ортиқ киши қатнашди” деган ахборотдай қабул қилмоқда. Бир-бирини қириш
мусобақасида алоҳида “намуна” кўрсатганлар кўксига эса олий нишонлар
тақилмоқда.
Инсоният
— каттаю кичик, ўғрию тўғри, олиму золим, қаттолу донишманд моҳияти тобора
мавҳумлашиб бораётган бугунги даврда бир сайёрада, яъни бир қайиқда яшамоқда.
Макон, еру осмон — битта. Бундай шароитда тинчликни ва тирикликни сақлаб қолиш,
уй қуриш, боғ яратиш, келажак наслларнинг насибасини қирқмаслик энг муҳим
вазифа, виждон ва иймон ишига айланади. Бу жараёндан ҳеч ким четда қолмаслиги
керак. Манфаатли ҳамкорлик, мулоқот, бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилишдан
бошқа нажот йўли йўқ. Замонавий қуроллар нечоғлиқ кучли бўлмасин, шу чоққача
ҳам, бугун ва эртага ҳам тинчликка, эзгуликка хизмат қилмайди. Отилган ҳар бир
ўққа бошқа бир жиноят акс садо беради.
Ўтган
аср адоғида юзага келган ўта қалтис вазиятда тақдиримизни ўз қўлимизга олдик.
Кўплар башорат қилганидек, Ўзбекистон танлаган йўлини йўқотиб қўймади. Бу
йўлда бизга халқимизнинг асрлар давомида шаклланган тарихий тажрибаси, улуғ
аждодларимизнинг маънавий мероси, шунингдек, юксак инсоний фазилатлар қўл
келди. Тўғри йўл ва ечимларни излаш, имкониятларни ишга солиш, бошқарувни
янгилаш, собиқ тузум қадриятларидан воз кечиш ҳаракати бошланди. Кўзлаган
мақсадларимизга босқичма-босқич эриша бошладик. Дунё кенгликларига чиқдик,
тинчлик-тотувлик, аҳиллик, иноқлик ҳамда бағрикенгликни сақлаб қолдик. Ортга
қайтмадик: гоҳ сусайиб, гоҳ тезлашиб, излаб-қидириб бўлса ҳам яшашда ва
интилишда давом этдик.
Шу
аснода бугунги янги бурилиш нуқтасига етиб келдик. Дунё саҳнасида “Янги
Ўзбекистон” деган ном ва ибора пайдо бўлди. Президентимиз раҳбарлигида бундай
мавқега эришиш жараёни шу қадар қатъий тус олдики, нафақат пойтахтда, балки
бутун мамлакатда юз бераётган ўзгаришларни ҳазм қилиш, уларнинг маъно-моҳиятига
етиш фақат хорижликлар учун эмас, балки ўзимиз учун ҳам ҳайратланарли бўлмоқда.
Бундан атиги ўн йил аввал кимдир “Ёш ўзбек қизи мамлакатнинг янги металлургия
заводини ишга туширади, ёш олима АҚШ мактаблари учун замонавий дастурлар яратиб
беради, Ўзбекистон дунёга машҳур Лондон биржасига аъзо бўлиб, мамлакат
иқтисодиётида янги тарихий саҳифа очилади, ҳар йили ўн беш минг ватандошимиз
ҳаж зиёратига боради, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 146 миллиард долларга
етади, дунёнинг етакчи мамлакатлари раҳбарлари янги Ўзбекистонни ўзи учун кашф
этади”, деса, бу гапга ишонадиган бирорта киши топилмас эди. Бугун эса бундай
оламшумул ютуқлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаётининг оддий ва
кундалик воқеаларига айланиб қолди. Халқимизнинг ишончи комилки, миллий
тараққиёт шиддати шундай давом этар экан, яна беш-ўн йилдан кейин бундан-да
ҳайратланарли, миллий тарих солномасини безайдиган воқеаларга шоҳид бўламиз ва
уларни ҳам, худди бугунгидек, оддий қабул қиламиз.
Йиллар
занжири моҳиятан бир-биридан узилмайди. Уларни бир-бирига ўхшаш вақт ҳалқалари
дейиш ҳам мумкин. Аммо ҳеч бир инсон, ҳеч бир кун, ой ёки йил бир-бирига айнан
ўхшамаганидек, вақт ҳалқалари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади. Ўтган ва
ўтаётган умримизнинг ҳар куни ўз хирмони ва салмоғига эга. Кейинги ўн йилда,
дунё ҳамжамияти расман эътироф этаётганидек, Ўзбекистон натижа ва моҳиятига
кўра бир неча ўн йилликларга тенг ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу йўл
Президентимизнинг янги бардавом сиёсати бўлиб, у бундан ўн йил аввал мамлакатда
юзага келган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-психологик ҳолатни танқидий
баҳолашдан, таҳлилий мушоҳада, таклиф ва ташаббусларга йўл очишдан, халқни
тинглашдан ва унга амалда яқинлашишдан бошланди.
Янги
сиёсатнинг бош мақсади халқ билан мунтазам мулоқотда бўлиш, муаммоларни ҳал
қилиш эди. Шунингдек, биз билан бир минтақада яшаб келаётган, суви сувимизга,
йўли йўлимизга, ери еримизга туташ, миллий ва диний қадриятлари, урф-одатлари
муштарак қўшнилар ўртасидаги асрлар синовидан ўтган ҳамкорлик алоқаларини қайта
тиклаш мақсад қилинди. Ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш, йўлларни сунъий тўсиқлардан
тозалаш, асоссиз тақиқларни, кўринмас “қора рўйхат”ларни бекор қилиш, қонун
бузилишлари ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик каби
эзгу интилишлар ушбу сиёсатнинг негизини ташкил этди.
Бир
сўз билан айтганда, халқимизнинг буюк салоҳиятини, улуғ тарихимизни, дунё
тамаддунини ҳамон машъала янглиғ ёритиб келаётган маънавий меросимизни жаҳонга
олиб чиқиш вақти келганди. Илм-маърифатда худди миллий курашимиз қоидалари каби
ҳалол баҳсга киришиш, тафаккур майдонида ўзликни намоён этиш фурсати эди.
Бу
тарихий жараённи бошлаш учун, биринчи навбатда, жамиятда соғлом маънавий муҳит
яратиш, ижтимоий адолатнинг қарор топишига ишонч руҳини юзага келтириш талаб
этиларди. Бутун вужуд ва онг-тафаккур билан ишга киришиш, тадбиркорлик ва
ишбилармонликни мамлакат миқёсида умумхалқ ҳаракатига айлантириш зарур бўлди ва
бунга эришилди. Жамиятнинг ҳаракатсиз мурватларига жон ато этиш, фикр
мудроқлигига барҳам бериш учун бугуннинг руҳиятига мос мақсадларни акс
эттирувчи ҳаётбахш даъватлар ўртага ташланди. Мамлакатимиз етакчисининг эзгу
мақсадлари ижтимоий-маънавий ҳаётда юзага келган бўшлиқни тўлдирди, янги
Ўзбекистон ташлаётган янги қадамларнинг маъно-моҳиятини аниқ белгилаб берди.
Бугун
мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида, халқаро алоқалар, маданият ва
маънавиятда кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Мактабгача, олий ва ўрта махсус
таълим тизими, туризм ва спорт соҳаларидаги ислоҳотлар самара бермоқда.
Ўзбекистоннинг тинч ва бехавотир мамлакат сифатида эътироф этилиши,
иқтисодиётимизнинг залворли қадамлари, ёшларимиз эришаётган оламшумул ютуқлар
ҳамда халқаро инвесторлар учун яратилаётган кенг имкониятлар барчанинг диққат
марказида турибди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон чин маънода янги уйғониш
фаслига, ўз тарихининг янги ва шонли босқичига яқинлашаётганидан далолат.
Қолаверса, бу силжишлар “Миллий тараққиётдан — миллий юксалишга” ғояси бутун
мамлакат бўйлаб амалий ҳаракатга айланганини исботлайди.
Бунга
мисол жуда кўп. Хусусан, бугун Ўзбекистоннинг шаҳарсозлик ва урбанизация
соҳасидаги стратегияси, ижтимоий ҳимоя тизими дунё миқёсида жиддий
ўрганилмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг минтақада тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш
борасидаги таклифлари ҳамда амалий ҳаракатлари ижобий натижа бермоқда.
Улуғ
Конфуций “Умрида йиқилмаган киши буюк эмас, балки неча бор йиқилган, аммо
ўрнидан шахд билан туриб, ўзига ишонч билан олдинга интилган одам буюкдир”,
деган экан. Унинг яна бир теран фикри шуки, йўлга мақсадсиз чиққан инсон,
шубҳасиз, фалокатга йўлиқади. Биз бугун босиб ўтган йўлимизни, эришган
ютуқларимизни ва йўл қўйган хато-камчиликларимизни холис баҳоламоқдамиз. Уларни
қайта такрорламаслик тадоригини кўриб, аниқ мақсад билан фақат олдинга
интилмоқдамиз. Ўзбекистон бир вақтлар илм-фан бобида дунёга муаллимлик қилган
улуғ аждодларимизнинг илми ва меросига амалда яқинлашмоқда.
Бизга бугун янги дунёвий, иқтисодий ва сиёсий-маърифий
тафаккур зарур. Буни ҳаммамиз ҳис этиб турибмиз. Аммо барчамиз бирдек яхши
билишимиз зарур бўлган яна бир бошқа ҳақиқат бор: дунё дунё бўлганидан бери
инсоният бу фазилатларни фақат ёзма адабиёт орқали эгаллаб келган. Бугун ҳам,
эртага ҳам шундай бўлиб қолади. Бошқа йўл йўқ. “Ҳамма илм компьютерга
жойлашади, китоблар ҳамда газета-журналларнинг умри тугайди, қоғозга эҳтиёж
қолмайди”, дегувчилар қаттиқ янглишади. Адабиётнинг устоз Абдулла Қаҳҳор аниқ
чамалаган қудратли кучи бугун фақат бир мамлакат ёки бир минтақада эмас, балки
бутун ер юзида инсон тақдирини, унинг бу ёруғ оламда яшаб қолиш ёки
қолмаслигини ҳал қила оладиган халоскор омил бўлиб турибди. Улуғ адиб Чингиз
Айтматов хавотир билан ёзганидек, дунёнинг бугунги маънавий-ахлоқий қиёфаси
олдида турган энг катта ва оғир вазифа инсонни инсон мақомида сақлаб қолишдир.
Бу хавфни бартараф этиш ҳам бевосита адабиётнинг вазифасига киради. Чинакам
адабиёт ўтмишда бу ишни кўп бор уддалаган, бугун ва эртага ҳам албатта уддалай
олади.
Бугунги Ўзбекистон инсон қўли билан барпо этилаётган янги
ҳайратлар мамлакатидир. Ислом олами ва бутун маърифий дунёни ҳайратга солган
Ислом цивилизацияси марказини кўрган, қолаверса, Президентимизнинг ўтган бир
йиллик фаолиятига бағишланиб, яқиндагина нашрдан чиққан “Юрт қайғусида 365
кун” китобини ўқиган ҳар бир киши бунга қатъий ишонч ҳосил қилади.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган журналист