Низомга кўра, 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ўтказилади.

Низомга кўра, Касбий таълим агентлиги томонидан ҳар йили 1 мартга қадар (шу куни ҳам) электрон платформа орқали танловда иштирок этиш учун номзодлар рўйхатдан ўтказилади.

Танловда:

  • 1-босқичда – ёшлар, талабалар ва банд бўлмаган аҳоли орасидан ҳар бир касб кесимида маҳаллалардан 3 нафардан номзод;
  • 2-босқичда – техникум ўқувчилари ҳамда танловнинг 1-босқичида энг юқори натижа кўрсатган ҳар бир касб кесимида 1–3-ўрин эгалари;
  • 3-босқичда – танловнинг 2-босқичида энг юқори натижа кўрсатган ҳар бир касб кесимида 1–5-ўрин эгалари иштирок этади.

Танлов тегишли касб бўйича моддий-техник базаси мавжуд бўлган техникумларда, иш берувчи корхона (ташкилот)ларда ва IT-паркларда ҳамда мослаштирилган махсус полигонларда ўтказилади.

Танловнинг 3-босқичи ғолиблари ва уларга бириктирилган амалиёт устозлари БҲМнинг қуйидаги миқдорларида 1 марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • 1-ўрин (олтин медаль) соҳибига – 20, амалиёт устозига – 100 баравари;
  • 2-ўрин (кумуш медаль) соҳибига – 15, амалиёт устозига – 80 баравари;
  • 3-ўрин (бронза медаль) соҳибига – 10, амалиёт устозига – 60 баравари.

Танловнинг 3-босқичи ғолибларига “WorldSkills International” ташкилотининг “WorldSkills” халқаро чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.