Камина Тошкент вилоятидаги ҳудудий газеталар бош муҳаррирлари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари билан биргаликда Ислом цивилизацияси маркази очилишидан бир муддат аввал бу қутлуғ даргоҳ билан танишиш бахтига муяссар бўлган эдим.

Дунёда андозаси бўлмаган марказ азим пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб турибди, ўз навбатида, ватанимиз тарихини ўзида ифода этиш баробарида шонли ўтмишимизнинг бир бўлагига ҳам айланиб улгурмоқда. Мана шундай тарихий жараёнлар иштирокчиси бўлаётганимиз бизга ғурур билан бирга масъулият ҳам юклайди, албатта.

Муҳташам мажмуа

Тилимиздамуҳташамдеган сўз бор. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида бу сўзга “ҳашамат билан ишланган”, “ҳашамат берилган”, “улуғвор”, “серҳашам” каби изоҳлар берилган. Ислом цивилизацияси маркази, дарҳақиқат, муҳташам илмий-тарихий мажмуа бўлган. Аслида, кўҳна ва муҳташам тарихимиз шунга муносиб.

Марказнинг экспонатлар бўлими тўрт қисмдан иборат. Уларда ўлкамиздаги антик давр, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврлари ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнлари ўз ифодасини топган. Юртимиз тамаддунлар, улуғ шахс­лар ва буюк кашфиётлар юрти эканини дарслик ва тарихий-бадиий китобларда ўқиганмиз, албатта. Бироқ бу улуғликни кўз олдимизда гавдалантириш учун тасаввуримиз, тан олайлик, бир қадар ожизлик қилиб қоларди.

Бир мисол. Мўғуллар истилосига қадар ҳозирги Нурафшон, Оҳангарон ва Олмалиқ ҳудудларида Илоқ давлати, унинг пойтахти сифатида Нукет — ҳозирги Нурафшон шаҳри гуллаб-яшнаган, савдо-сотиқ, иқтисодиёт ва маданий ҳаёт ривожланган. Нурафшон шаҳридаги Улкан Тўйтепа археологик ёдгорлигидан топилган ва Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланаётган оссуарий ҳам буни тасдиқлайди.

Олмалиқлик ҳурматли профессоримиз ­Абдурашид Ҳасанов томонидан тайёрланган экспонатларда бундан минг-минг йиллар муқаддам Ўзбекистонда, айнан Тошкент вилоятида тоғ-кон саноати жуда яхши ривожланганини кўриш мумкин. Ибтидоий жамоалар даврида баъзи ўлкаларда одамлар қайроқтош ёрдамида олов ёқиб, ҳайвон терисини ошлаб-ошламай, унга ўраниб юрган бир вақтда зукко аждодларимиз ўз дастгоҳларида оловни ўйнатиб, ер ости қазилмаларига ишлов берган ва бу орқали кончилик саноати ҳамда уни қайта ишлаш технологияларини яратган.

Албатта, фахрланади, фахрланиш орқали ­қувонади киши.

Тарих ва талқин

Ўзбекистон — тамаддунлар туташган тарихий нуқта. Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даври ва бу даврларда яратилган кашфиётлар ҳақида сўзнинг ўзи ортиқча. Бироқ бир алам кўксимни бўридек тирнар эди.

Гап шундаки, 2013 йилда Германия киноижодкорлари тасвирга олган “Табиб: Ибн Сино шогирди” фильмини яқинда томоша қилдим. Бу фильм­да бухоролик қомусий аллома ва улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино ҳаётининг сўнгги йиллари бадиий тасвирга олинади. Аммо шу орқали Марказий Осиё тарихига таҳдид қилинади, фактлар нотўғри кўрсатилади, салжуқийлар босқинчи сифатида намойиш этилади ва ўтиб тушгани, Ибн Сино худкуш сифатида талқин қилинади. Бундан-да кўпроқ алам қиладигани эса Ибн Синони тиббиётдаги муваффақиятлари сари германиялик шогирди Роб Коул руҳлантиргани эди. “Википедия”да Роб Коул XIX асрда яшаганини кўр ҳам ўқий олади! Устига устак, бу фильмда “Тиб қонунлари” ҳақида лом-мим дейилмаган.

Табиатан курашувчан, мард ва зукко бўлган Ибн Сино ожиз одам сифатида гавдалантирилган. Ҳатто фильм ижодкорлари ҳакимнинг вафотини ҳам сохталаштирган. Бу нафақат тарихга таҳдид, Ибн Сино шахсига ҳурматсизлик ҳамдир! Қолаверса, дунё тиббиёти отаси Исфаҳонда вафот этмаган-ку. Шайх ур-раис ўз жонига қасд қилиб, худкуш ҳам бўлмаган! Хасталик оқибатида сафар чоғи қазо қилади ва Ҳамадонга дафн қилинади.

Тўғри, режиссёр Филипп Штёльцль фильмида сценарий иши, режиссёр иши, операторлик иши, актёрлар маҳорати, ҳаммаси ҳам чаккимас. Аммо тарихий ҳақиқат-чи? Мантиқ-чи? Очиғи, ҳафсалам пир бўлди. “Ўртоқ “Ўзбекфильм”, халқинг кутар сўз”, деган халқчил шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг сатрларини эсладим.

Алломаларимиз тўғрисида миллий бадиий асарларимиз, миллий киноларимиз, миллий илмий тадқиқотларимиз фақат ўзимиз ё чора-тадбирларда белгилангани учун эмас, виждонан яратилиши керак. Бу асарлар жаҳон ҳамжамияти савияси ва даражасида бўлмас экан, тарихимиз тўғрисида улар тўқиган чўпчакларни эшитиб ўтиришга мажбур бўлиб қоламиз. Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан Кинематография агентлигига берилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар беиз ва бежиз кетмаслигига умид қилиб қоламан. Зеро, Ислом цивилизацияси маркази кўҳна тарихимизни шода-шода маржон каби кўз олдимизда яққол кўрсатиб турибди.

Кўҳна мозий шодаси

Яна бир фикрни айтиб ўтишни бурчим деб ҳисоблайман. Яъни марказдаги деярли барча экспонатлар ҳақиқий. Дунёнинг турли нуқталарига тарқалиб кетган ноёб дурдоналар ҳам ватанимизга қайтарилмоқда.

Бу муаззам маскан билан танишиш асносида Ўзбекистонда ислом тамаддунига оид бой илмий ва маънавий меросни тиклашга қаратилган муҳим лойиҳалар амалга оширилаётганидан воқиф бўлдик. Шундай лойиҳалардан бирида жаҳон ислом санъати тарихида беназир намуна сифатида тан олинган асар — Умар Ақтаъ томонидан XIV-XV асрларда Амир Темур буюртмасига биноан яратилган улкан Қуръон қўлёзмасининг нусхасидир. Буни шунчаки каллиграфия деб бўлмайди.

Ривоятларга кўра, Амир Темур ўз саройи учун шундай Қуръон яратилишини истаганки, у ўқилганда одамлар ҳайратдан жим бўлиб қолсин. Дастлаб Умар Ақтаъ унга узук кўзига жойлашадиган даражада кичик мусҳаф ҳадя қилади. Аммо Соҳибқирон бундан мамнун бўлмаган ва “Қуръони каримни бу қадар кичрайтириш Аллоҳнинг каломига муносиб эмас”, дея фикр билдирган. Шундан сўнг Умар Ақтаъ ўша замон учун мислсиз ҳажмга эга мусҳаф битишга киришган. Бу иш нафақат руҳий, балки жисмоний жиҳатдан ҳам улкан меҳнат талаб қилган. Токай ХХI асрнинг илк йилларигача бу қўлёзма дунёдаги энг йирик Қуръон китоби, дея эътироф этилган.

Мазкур Қуръоннинг ҳар бир саҳифаси 1,25 х 2,25 метр ҳажмда. Бундай улкан саҳифаларни оддий одам кўтара олмаган — улар махсус араваларда Темур саройига олиб кирилган. Шунга кўра, баъзи тадқиқотчилар ушбу мусҳафни “elephantine Qur’an” (“филдек улкан Қуръон”) деб атаган.

Афсуски, ушбу қўлёзманинг тўлиқ нусхаси сақланмаган. Аммо унинг бир қанча саҳифалари дунё музейларида, йирик коллекцияларда сақлаб келинмоқда. Лондон, Нью-Йорк, Вашингтон ва Торонтодаги музей ва галереялардаги мусҳаф шулар жумласидан. Президентимиз ташаб­буси билан Лондондаги нуфузли “Sotheby’s” савдо уйи томонидан ўтказилган аукционда ушбу ноёб Қуръон қўлёзмасининг саҳифаси сотиб олинди ва Ўзбекистонга олиб келинди. Ҳозирги кунда юртимиздаги Ислом цивилизацияси марказида сақланмоқда.

Ғурур ва масъулият

Марказда академия, кутубхона, архив ва қўл­ёзмалар фонди ташкил этилгани айни муддао бўлгани эътироф этилмоқда. Уларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир мамлакатимиз ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, видео ва фотоҳужжатлар жамланган.

Илк марта расмий манбаларда 2017 йилнинг сентябрь ойида Тошкентдаги Ҳазрати Имом маж­муасига туташ ҳудудда Ислом цивилиза­цияси маркази барпо этилиши тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Орадан ўн йилга яқин вақт ўтиб, режа ва лойиҳалар бугун кўз олдимизда қад ростлаб турибди. Бу марказнинг қурилиш жараёнлари ҳақида шу ерда қурувчи, юк машинаси ҳайдовчиси сифатида хизмат қилган яқин биродарларимдан эшитган эдим. Аммо юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал деб бекорга айтилмас экан.

Ислом цивилизацияси маркази билан танишиш орқали бу тарихий-илмий маскан янги Ўзбекистон меъморчилигининг бетакрор ва бебаҳо дурдонаси бўлганини эътироф этамиз, ғурур ва масъулият ҳиссини туямиз. Бунга имкон ва ­шароит яратгани учун барчага ташаккур!

Отабек ИСРОИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси