Тадқиқот муаллифлари фикрича, бу ўзгаришлар генетик эволюциядан кўра кўпроқ яшаш тарзи, овқатланиш ва тиббиёт тараққиёти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тадқиқотга Шиори Усуи раҳбарлик қилган. У National Research Institute of Police Science олимлари билан биргаликда ХХ аср бошларида яшаган японлар бош суяклари ҳамда замонавий инсонларнинг посмерт компьютер томографияси маълумотларини таққослаган.

Олимлар 1900–1920 йилларда яшаган 56 нафар япон фуқаросининг бош суякларини 2022–2024 йилларда вафот этган 56 нафар инсоннинг КТ тасвирлари билан солиштирган. Замонавий намуналар Кёто Университй тиббиёт факультети музей коллекциясидан олинган.

Тадқиқотда оддий «узунлиги» ёки «кенглиги»ни ўлчаш усули қўлланилмаган. Мутахассислар ҳар бир бош суягининг аниқ 3D моделини яратиб, ундаги 161 та анатомик нуқтани таҳлил қилган. Геометрик морфометрия деб аталадиган усул орқали пешона, юз қисми, жағ, бурун ва бошнинг умумий шаклидаги ўзгаришлар аниқланган.

Таҳлил натижаларига кўра, замонавий японларда бош суяги аввалгиларга нисбатан юмалоқроқ шаклга эга бўлиб қолган. Илгариги авлодларда бош суяги олддан орқага чўзилган ва ён томондан нисбатан тор бўлган бўлса, ҳозир бу хусусият анча камайган.

Шунингдек, ёноқ суяклари ингичкароқ, юқори жағ кенгроқ, бурун суяги каттароқ ва олдинга чиққан, пешона қисман ботиқроқ, қулоқ ортидаги суяк чиқиндилари йирикроқ бўлгани кузатилган.

Олимлар бу ўзгаришларни тезкор эволюция билан эмас, балки муҳит ва турмуш тарзи билан изоҳламоқда. Хусусан, болалар овқатланишининг яхшиланиши, соғлиқни сақлаш тизими ривожланиши ва юмшоқроқ овқатларнинг кўпроқ истеъмол қилиниши жағ ва юз суяклари шаклига таъсир қилган бўлиши мумкин.

Тадқиқотда яна бир қизиқ жиҳат аниқланган. Замонавий эркак ва аёллар бош суяги ўртасидаги фарқлар ХХ аср бошига нисбатан кучайган. Эркакларда қош усти суяклари, қулоқ орти қисми ва юз қисми янада йирикроқ экани қайд этилган.

Муаллифлар дастлаб аксинча натижа кутишган. Улар замонавий ҳаёт тарзи эркак ва аёллар ўртасидаги анатомик фарқларни камайтирган бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган. Бироқ таҳлил жинсий диморфизм, яъни икки жинс ўртасидаги ташқи фарқлар кучайганини кўрсатган.

Олимлар бу жараён фақат Япония билан чекланмаслиги мумкинлигини ҳам таъкидламоқда. Аммо бошқа мамлакатларда ҳолат турлича бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Чунки аҳолининг генетик тарихи, овқатланиш маданияти ва тиббий шароити ҳар хил.

Шу билан бирга, тадқиқот натижаларини эҳтиёткорлик билан баҳолаш лозимлиги айтилмоқда. Чунки таҳлил атиги 112 нафар инсон маълумотларига асосланган ва фақат японлар ўрганилган. Шу сабабли хулосаларни бутун инсониятга татбиқ қилиш илмий жиҳатдан тўлиқ асосли эмас.