Тадбирда ЎФА раҳбарияти, мутахассислар ва футбол жамоатчилиги вакиллари иштирок этиб, ҳакамларимизни тарихий мусобақа олдидан табриклади ва уларга омад тилади.
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бу воқеа ўзбек футболи учун муҳим тарихий саҳифа эканини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, миллий терма жамоа билан бир вақтда ўзбекистонлик ҳакамларнинг ҳам Жаҳон чемпионатида иштирок этиши одатда футбол ривожланган йирик мамлакатларга хос ҳолат саналади. Энди Ўзбекистон ҳам ана шундай давлатлар қаторидан жой олмоқда.
Равшан Эрматов ҳакамларга катта масъулият юкланишини таъкидлаб, улар Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон номидан майдонга чиқиши ва миллионлаб мухлисларда мамлакат ҳақида тасаввур шакллантиришини айтди.
Тадбир якунида Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси билан эсдалик суратига тушилди ҳамда уларга FIFA Жаҳон чемпионатида муваффақият тилаклари билдирилди.