Уй бекаси бир этак набиралари билан нонушта қилаётган экан. Дастурхонда бир коса қаймоқ, нон.
— Томорқа ишларидан ортиб, нонуштага энди вақт топгандик, — дея бизни
дастурхонга таклиф қилди оила бекаси самимий.
Бу ерда ортиқча ҳашамат йўқ, ҳамма нарса оддий. Саранжом-саришта
ҳовли, пешайвон атрофида ўсиб турган гул-чечаклар дилингизга ҳузур бағишлайди.
Оиланинг асосий даромад манбаи — иссиқхонада эрта тонгда ишлаш ҳам қулай, ҳам
баракали бўлади. Кун исиб кетгач, бу ишларни бажариш бирмунча қийинлашади.
Кимдир ўчоқ бошида, яна бири уй юмушлари билан андармон.
Мақоламиз қаҳрамони, жисмоний имконияти чекланган Рўзихон Ҳайдарова
билан танишувимиз шундай кечди. Опанинг руҳи тетик, сўзамол, самимий. Икки қўли
ногирон бўлса-да, дардларга енгилмаслик, тушкунликка тушмасликни меҳнат орқали
ўрганди. “Ногиронман, менга ёрдам беринг”, дейиш тугул, бу ҳақда ўйлашни ҳам
истамайди. Бажараётган юмушларидан завқланиб яшашга одатланган. Фарзандларини
ҳам ҳаётнинг шу ҳақиқатларига монанд тарбиялаб, камолга етказди. Турмуш ўртоғи,
иккинчи гуруҳ ногирони Ғуломжон билан бир ёстиққа бош қўйганига 38 йил бўлибди.
Умр йўлини белгилаб турувчи йиллар силсиласи бу оилага кўп синов берди. Баъзан
қувонч, баъзан маҳзун кунлар оила қўрғонини янада мустаҳкамлади, бир-бирига
ишончни оширди.
— Мана бу бизнинг “инкубаторимиз”, — дея аёл ҳовли сатҳидаги чоғроқ, қўлбола усулда қурилган
иссиқхонани кўрсатади. — Ҳозирга
қадар беш марта сархил сабзавот кўчатларини етиштирдик. Даромадимиз 30 миллион
сўмдан ошди. Эҳтиёжимиздан ортган ниҳолларни қўни-қўшниларга берамиз, бозорга
олиб чиқамиз... Асли Олтиариқнинг Эски араб қишлоғидан келин бўлиб тушганман.
Ўша кезлари бу томорқаларда фақат чорва учун озуқабоп экин етиштириб, бир марта
ҳосил олинган. Отам уста томорқачи бўлган. Ҳайҳотдек ерни бўш қолдиришдан
хижолат бўлиб иссиқхонада бодринг, сабзавот етиштира бошлаганимда уйдагилар
“Қийналиб қоласан”, деб аввалига рўйхушлик бермаган. Кейинчалик меҳнатим,
интилишимни кўриб, қўллаб-қувватлашди, дуо қилишди. У пайтлари ҳозиргидек
шароит, имконият йўқ эди. Ерга турли кўчат экиб, ярим метрча баландликда плёнка
билан қоплаб парваришлардик. Бугун ҳаммаси ўзгариб кетди. Имтиёзли кредит
ҳисобига 4 сотих иссиқхона қуриб берилди. Айни кунда етилган бодрингни бозорга
чиқаряпмиз. Минг тупдан ортиқ карам, саримсоқпиёз ўсиб, баравж ривожланяпти.
Ҳосилни териб олгач, қалампир экамиз. Буларнинг барчаси тинчлик-тотувлик,
ҳамжиҳатлик маҳсули. Оиламизда бекор юрган одам, бўш қолган жой йўқ ҳисоби.
“Шунча куч-ғайратни қаердан оласиз, толиқиб қолмайсизми?” деб сўраймиз
опадан.
— Жисмоний имкониятим чекланган бўлса ҳам бошқалардан ортда
қолмасликка ҳаракат қилганман, интилганман, изланганман. Шу тариқа оғриқ,
қийинчилик, камситишларни унутишга ҳаракат қилганман. Бўш қолдим дегунча,
томорқа юмушлари билан андармон бўламан. Турмуш ўртоғим гапира олмайди, аммо
фарзандларим доим бизга таянч. Бир иш бошласак, ҳаммамиз бир ёқадан бош
чиқарамиз. Ўтган йили икки ўғлимга имконияти чекланган шахс сифатида имтиёзли
тарзда 20 сотих экин майдони ажратиб берилди. Бу ерга сабзавот экиб, даромад
оляпмиз. Меҳнатдан топган даромадимиз рўзғоримизга жуда асқатади. Бировдан кам
жойимиз йўқ. Бир ўғлим Нуриддин ҳарбий хизматчи, иккинчиси мактабда информатика
фанидан дарс беради. Қизимиз ҳам уйли-жойли бўлиб кетган. Ўн нафар набирамиз
бор. Битта оила учун бундан ортиқ яна нима керак?! Уларнинг қувончини кўрсак,
чарчоқни, ногиронлигимизни ҳам унутамиз. Ўтган мавсумда рўзғор кам-кўстидан
орттириб, мотороллер ҳам сотиб олдик. Насиб бўлса, бу йил автомашина харид
қилишни кўзлаб турибмиз. Кейин Тошкент, Самарқанд, Бухорога саёҳат қилсак,
дейман-да. Айтишади-ку, “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик”.
Ҳозирги шароитлар менга куч-ғайрат беради. Ёшлигимда кўрган кунларимни бугунги
ширин ҳаётга қиёслаб бўлмайди ахир. Бу юртда яшашнинг ўзи катта бахт. Ҳали
режаларим кўп.
Оддий, камтар, камсуқум оиланинг ҳаёт тарзи кўплар учун ибратли.
Хонадон аъзолари ўзи истагандек яшаётганидан, оиласи равнақига ҳисса
қўшаётганидан мамнун. Айримлар тан-жони соғ, тўрт мучаси бут бўлишига қарамай,
йиртиқни ямашга ҳам эринади. Аҳволини пеш қилиб, мутасадди идоралар эшигидан
бери келмайди. Рўзихон опа бундай ишларга одатланмаган. Ҳаётга ҳамиша умид
билан боқади, фақат олға интилади. Бу саъй-ҳаракатлар унинг ҳаёт мактабида ўз
ўрнини топиши, бир оиланинг муносиб бекаси бўлишига ёрдам берди.
— Ҳаммаси учун халқимиздан миннатдорман, — дейди Рўзихон опа. —
Маҳалламизга ҳоким ёрдамчиси келгач, ҳаётимизда ўзига хос ўзгариш,
ривожланишлар содир бўлди. Ўтган йили имтиёзли кредит ҳисобидан ғунажин сотиб
олгандик. Яқинда бузоқлайди. 50 дан ортиқ паррандамиз бор. Ҳар куни 25-30 та
тухум териб оламан. Маҳалламизда асфальтланмаган кўча, сув етиб бормаган
хонадон қолмади. Электр тармоқлари янгиланди, суюлтирилган газ, кўмир таъминотида
узилиш йўқ. Бунинг учун шукр қилишимиз керак.
Бундай инсонларнинг меҳнатсеварлиги, ҳамма нарсага некбинлик билан
қараши хонадонга ўзгача файз, кўтаринки кайфият бағишлаб турганини яққол ҳис
этасиз.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон”
мухбири