Ички ишлар вазирлигида 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар, республикадаги криминоген вазият ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди. Ҳайъат йиғилишида айрим раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар ҳам белгиланди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда вазирлик тизими раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва соҳавий хизматлар раҳбарлари иштирок этди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ҳудудида 125 387 та сиёсий, маданий, спорт ва бошқа оммавий тадбир ўтказилиб, уларда 70 миллиондан ортиқ фуқаронинг хавфсизлиги таъминланган.
6 ой якунига кўра, 5 778 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Шу билан бирга, 476 та маҳалла “қизил” тоифада қолаётгани танқид қилинди.
Жиноятларни прогноз қилишнинг янги механизми жорий этилгани натижасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 87 фоизи фош этилган. Жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 31,4 фоизга яхшиланиб, фуқароларга етказилган 1 триллион 365 миллиард сўмлик моддий зарар қопланган.
Шунингдек, суд ва тергов органларидан яширинган 5 010 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Бедарак йўқолган 2 616 нафар шахс аниқланиб, оилалари бағрига қайтарилган.
Кибержиноятлар бўйича қандай натижалар қайд этилди?
2026 йил ИИВ тизимида “Кибержиноятларга қарши курашиш йили” деб эълон қилинган. Йиғилишда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Марказий банк билан ҳамкорликда жорий этилган махсус тизим орқали 29 триллион сўм маблағнинг ноқонуний равишда четга чиқиб кетишининг олди олинган, жиноятларга алоқадор 18 838 та банк картаси блокланган.
Ҳисобот даврида 9 282 та кибержиноят фош этилган, 4 011 та жиноят ташаббус асосида аниқланган. Кибержиноятлар оқибатида фуқароларга етказилган 120 миллиард 496 миллион сўмдан зиёд зарар қопланган.
Киберхавфсизлик бўйича профилактик ишлар доирасида мамлакат аҳолисининг қарийб 23 миллиондан ортиқ қисми қамраб олинган.
Шу билан бирга, кибержиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишлар етарли эмаслиги танқид қилинди. Мурожаатларни чуқур ўрганиш, жиноятларга сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилиш ҳамда ходимларнинг киберхавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини ошириш вазифалари белгиланди.
ИИВга 6 ойда 205 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган
Йиғилишда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ҳам танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, йилнинг биринчи ярмида ички ишлар органларига 205 154 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 117 тага кам.
Мурожаатларнинг 87,7 фоизи қаноатлантирилган, 11,3 фоизи бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 0,9 фоизи эса қонунчиликда белгиланган асосларга кўра кўриб чиқишдан рад этилган.
Мурожаатларни кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, самарали ишлаётган ходимларни рағбатлантириш бўйича вазифалар белгиланди.
6 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди
Ҳайъат қарорига кўра, 6 ой давомида криминоген вазиятни барқарорлаштиришда жиддий камчиликларга йўл қўйган 6 нафар шаҳар ва туман ички ишлар органлари бошлиғи, 2 нафар уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ўринбосари ҳамда 2 нафар вилоят ички ишлар бошқармаларининг масъул раҳбари лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, 7 нафар раҳбарга қаттиқ интизомий жазо қўлланди. Яна 3 нафар раҳбарнинг лавозимида қолиш-қолмаслиги масаласини кўриб чиқиш белгиланди.
Рейтинг натижаларига кўра, олдини олиш мумкин бўлган жиноятларга йўл қўймаслик ва жиноятларни ташаббус асосида аниқлаш бўйича Тошкент вилояти биринчи, Самарқанд вилояти иккинчи, Фарғона вилояти учинчи ўринни эгаллаган.
Шунингдек, қатор туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбарларини рағбатлантириш бўйича таклифлар киритилди.
Йиғилиш якунида Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш даврида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, байрам тадбирларини хавфсиз ўтказиш ҳамда ходимларни кучайтирилган хизмат тартибига ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.