Илк бор ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касб танловида 170 минг ўқувчи иштирок этди. Ғолибларни тайёрлаган 120 нафар устага 40 миллион сўмгача мукофот берилди. Президентимиз танловни ҳар йили ўтказиш, энг муносиб ўқувчилар ва усталарни 2028-йили Токиодаги касблар бўйича жаҳон чемпионатига тайёрлаш вазифасини қўйди.

Бундан буён минтақавий ва халқаро касб танлови ғолибини тайёрлаган устага 100 миллион сўм, жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақа ғолибини тайёрлаган устозга 200 миллион сўм мукофот берилади.

Хусусий техникум ташкил этадиган тадбиркорлар солиқ имтиёзи ва ер нархидан чегирма олади. Келаси ўқув йилидан саноат, сервис ва инфратузилма каби муҳим соҳаларга кадр тайёрлайдиган хусусий техникум ўқувчиларининг 50 фоизига давлат гранти ажратилади.

Халқаро дастур ва франшиза олиб келиш харажатининг 75 фоизи қопланади. Ўқув лабораториялари ва жиҳозларини олиб кириш божхона тўловларидан озод қилинади.