Вилоят қиёфаси ўзгариб, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, инфратузилма, айниқса, таълим ва илм-фан соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг яқинда Хоразм вилоятига ташрифи ана шу жараёнларни янги босқичга олиб чиқиш, ҳудуднинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш ва халқимиз фаровонлигини янада ошириш йўлида муҳим воқеа бўлди. Ташриф давомида белгиланган вазифалар, илгари сурилган ташаббуслар ва амалга оширилаётган йирик лойиҳалар Хоразмнинг келгуси тараққиёт йўлини белгилаб бермоқда. Айниқса, таълим ва илм-фанни ривожлантириш, ёшларнинг замонавий билим ҳамда касбларни эгаллаши учун қўшимча имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки бугунги дунёда мамлакат ва ҳудудлар рақобатбардошлиги, энг аввало, инсон капитали, билим, илм-фан ҳамда инновацион салоҳият билан белгиланади.

Ташриф чоғида мамлакатимиз етакчиси Хоразм вилоятида халқаро таълим ҳамкорлигини ривожлантириш, ҳудудга нуфузли хорижий олий таълим муассасалари тажрибасини олиб кириш борасидаги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Хитойнинг нуфузли Ляонин педагогика университети филиалининг ташкил этилгани давлатимиз томонидан айнан педагогик таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани тасдиғидир. Бу эътибор Хоразмда педагогик таълим тизимининг халқаро майдондаги имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Энди ёшларимиз нафақат республикамиздаги, балки халқаро миқёсдаги илғор таълим тажрибаси билан бевосита танишиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори таълим, илм-фан ва тарбия-дир. Бугун ана шу тамойил Хоразм вилоятида амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида ўз ифодасини топмоқда.

Шу ўринда Урганч давлат педагогика институтининг ташкил этилиши ва қисқа муддатда босиб ўтган тараққиёт йўли алоҳида эътиборга молик. Президентимизнинг 2022 йил 21 июндаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган кундан бошлаб институтимиз олдига фақат педагог кадрлар тайёрлаш эмас, балки таълим тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш каби муҳим вазифалар қўйилди.

Бугунги глобаллашув шароитида ҳеч бир олий таълим муассасаси фақат ички имкониятлари билан чекланиб қолиши мумкин эмас. Замонавий университетнинг ривожи халқаро ҳамкорлик, тажриба алмашинуви қўшма дастурлар, академик мобиллик ва халқаро илмий тадқиқотлар билан чамбарчас боғлиқ. Урганч давлат педагогика институти ташкил этилганидан буён халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, 2022-2026 йилларда институт томонидан 20 та давлатдаги олий таълим муассасалари ва ташкилотлари билан 70 та ҳамкорлик битими имзоланди. Бироқ биз учун халқаро ҳамкорлик фақат битимлар сони билан ўлчанмайди. Имзоланган ҳужжат ўз-ўзидан натижа бермайди. Ҳамкорлик ўқув дастурларида, талабанинг билими ва кўникмаларида, профессор-ўқитувчининг дарс методикасида, кафедранинг илмий, таълимий фаолиятида ўз аксини топиши лозим.

Шу сабабли институт халқаро ҳамкорликни, аввало, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини оширишдан бошлади. 2022 йилдан буён профессор-ўқитувчилар ва ходимлар Озарбайжон, Хитой, Россия, Туркия, Беларусь, АҚШ, Қозоғистон, Буюк Британия, Индонезия, Қирғизистон, Германия, Тожикистон, Янги Зеландия, Италия, Испания, Малайзия ва Финляндияда малака ошириш ҳамда стажировка дастурларида иштирок этди. Уларнинг хорижда орттирган тажрибаси институт фаолиятига, ўқув дастурларига ва педагогик жараёнларга босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ўз навбатида, хорижлик мутахассислар институтда таълим, илмий тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик йўналишларида тажриба алмашмоқда.

Халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим натижаларидан бири — қўшма таълим дастурларининг йўлга қўйилишидир. Жумладан, Россиянинг В.Г.Короленко номидаги Глазов давлат муҳандислик-педагогика университети билан имзоланган меморандум асосида талабалар учун икки дипломли таълим олиш имконияти яратилди. Бунда икки олий таълим муассасасининг ўқув режалари ўзаро таққосланди, фанлар ва кредитлар мувофиқлаштирилди, таълим сифатини назорат қилиш тизимлари келишилди.

Жорий йилнинг ўзида Польша, Туркия, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг 10 та олий таълим муассасаси билан янги меморандумлар имзоланди. Хусусан, Европа олий таълим макони билан ҳамкорликни ривожлантириш, инглиз тилидаги дастурларни кенгайтириш ва академик кредитларни халқаро тизимларга мослаштириш борасида янги тажрибалар шаклланмоқда. Инглиз тилини ўқитиш методикасини такомиллаштириш йўналишида ҳам Британия кенгаши ва Англиянинг Норвич тил таълими институти билан ҳамкорлик доирасида тренинг ва семинарлар ташкил этилди. Мазкур дастурлар профессор-ўқитувчиларнинг замонавий методикаларни эгаллаши, кейинчалик эса олинган тажрибани институт ва ҳудуддаги бошқа таълим муассасаларига етказишига хизмат қилмоқда.

Халқаро ҳамкорлик институтнинг илмий фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бугунги кунда Урганч давлат педагогика институти халқаро университетларнинг нуфузли рейтинги ҳамда халқаро баҳолаш тизимида иштирок этувчи олий таълим муассасалари қаторига киритилган. Шунингдек, институт Евроосиё педагогика университетлари ассоциациясига аъзо бўлди. Албатта, халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаш узоқ муддатли ва тизимли меҳнатни талаб қилади.

Аммо институтнинг қисқа вақтда халқаро баҳолаш тизимларига кириб бориши келгусидаги юксак марралар учун муҳим тажриба ва пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар қандай таълим муассасасининг бош мақсади билимли, ватанпарвар, ташаббускор ва рақобатбардош ёшларни тарбиялашдир. Шу боис, институтда талабалар учун нафақат сифатли таълим олиш, балки илмий, ижодий, спорт ва ижтимоий фаолият билан шуғулланиш учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Иқтидорли талабаларнинг 20 га яқини Президент, номдор ва ҳоким стипендияларига сазовор бўлди. Халқаро фан олимпиадаларида 5 талабамиз ғолибликни қўлга киритди.

Институт ҳудудида 5 та ўқув биноси фаолият юритмоқда. Талабалар учун муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида институт ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий 7 қаватли талабалар турар жойи бунёд этилди. 2026/2027 ўқув йилида 7 қаватли замонавий ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу бино янги ташкил этилаётган олий мактаблар, замонавий таълим йўналишлари, лабораториялар ва инновацион ўқув жараёнлари учун муҳим инфратузилмавий асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги дунёда математика, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2025 йил 28 апрелдаги тегишли фармони асосида Урганч давлат педагогика институтида Аниқ фанлар педагогика олий мактаби ташкил этилмоқда. Мазкур олий мактаб нафақат янги таълим йўналишларини очиш, балки таълимнинг мазмун ва сифат жиҳатидан мутлақо янги моделини шакллантиришни назарда тутади.

Институтда 2026/2027 ўқув йилидан сунъий интеллект ҳамда ахборот тизимлари ва технологиялари каби замонавий ва истиқболли таълим йўналишлари очилди. Бу борада таълим жараёнини технологик, педагогик ва мазмуний жиҳатдан уйғунлаштирувчи замонавий ёндашувлар асосида иш олиб борилмоқда. Мақсад — талабаларга фақат назарий билим бериш эмас, балки уларда муаммони ҳал қилиш, технологияларни қўллаш, мустақил фикрлаш ва глобал жараёнларни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиришдир.

Хоразм заминида Президентимиз ташаббуслари ва ислоҳотлари асосида шаклланаётган янги таълим муҳити зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Бугун вилоятимизда бунёд этилаётган замонавий таълим масканлари, халқаро университетлар билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик, янги таълим йўналишлари ва инновацион лойиҳалар эртанги кун учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Урганч давлат педагогика институти ҳам ана шу буюк мақсад йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Бугун институт аудиторияларида таҳсил олаётган, илмий лабораторияларда изланаётган, халқаро лойиҳаларда иштирок этаётган ва янги технологияларни ўзлаштираётган ёшлар келгусида янги Ўзбекистон тараққиётининг муносиб бунёдкорларига айланади.

Диёржон АБДУЛЛАЕВ,

Урганч давлат педагогика институти ректори

вазифасини бажарувчи, профессор