Баъзан ўйлаб қоламан: ўша пайтда саноқлигина янги усул мактаблари олдида турган вазифа бугун миллионлаб ёшлар тақдирига дахлдор умуммиллий ишга айланди. Зеро, инсон капитали деганда айнан таълимнинг ҳар бир босқичида тўпланадиган билим, малака ва масъулият ҳисси тушунилади.

Маърифат анъаналари ва замонавийлик

Халқимиз тарихида илм ва маърифат ҳамиша миллат тақдири билан баробар кўрилган. Бухородаги Улуғбек мадрасаси дарвозасига илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз экани битилгани, жадид боболаримиз янги усул мактабини миллатни асраб қолишнинг асосий йўли деб билгани бунинг ёрқин далилидир. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб миллий давлатчиликка хизмат қиладиган кадрлар тайёрлашга киришилди. Хусусан, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида шахс, давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан ҳамда ишлаб чиқариш ўзаро боғлиқ тизим сифатида белгиланди. Ушбу дастур таълимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди. Шу билан бирга, ёшларнинг қизиқиши, ҳудудлар иқтисодиёти ва иш берувчилар эҳтиёжидаги фарқ тўлиқ ҳисобга олинмагани ҳам сезилиб қолди. 2017 йилдан кейинги ислоҳотлар айнан шу тажриба ва сабоқлар асосида бошланди. Президентимиз жорий йил 30 сентябрда соҳа вакиллари билан учрашувда таъкидлаганидек, “Биз болаларимизни пахта даласидан — мактаб партасига, ўқитувчиларни — таълим жараёнига қайтардик”. Таълим соҳасининг бир вакили, тарихчи сифатида айтишим мумкинки, бу сўзлар замирида бутун бир даврнинг якуни ва янги даврнинг бошланиши мужассам.

Ҳуқуқий асослар

Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат узлуксиз ўқитиш тизимини ривожлантириши, мактабгача таълим-тарбия учун шарт-шароит яратиши, бепул умумий ўрта ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун инклюзив таълим  мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, унда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантиришнинг асоси сифатида эътироф этилган. 2019 йилда тасдиқланган Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда 2020 йилдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун ушбу кафолатларни таълим турлари ва босқичлари бўйича аниқлаштирди. Бинобарин, ҳуқуқий норманинг кундалик амалиётга айланиши масъулиятнинг аниқ белгиланишига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг шу йил 19 октябрдаги қарори билан янги вазирлик ҳузурида Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши, Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси, Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ташкил этилаётгани диққатга сазовор. Бу ота-оналар, педагоглар ва иш берувчиларнинг фикри қарор қабул қилиш жараёнида инобатга олинишига хизмат қилади.

Боланинг мактабгача ва мактаб даври нималарда намоён бўлмоқда?

Болалар ўртасидаги имкониятлар тафовути мактабга қадар шаклланади. Оилада китобга ошно бўлмаган, катталар билан кам мулоқот қилган бола биринчи синфга тенгдошларидан ортда қолган ҳолда келади ва бу фарқ йиллар ўтиши билан чуқурлашиб боради. Мактабгача таълимнинг энг муҳим ижтимоий вазифаси ана шу тафовутни эрта ёшда бартараф этишдан иборат.

Бу борада бажарилган ишлар кўлами ­эътиборга молик. Хусусан, 2017 йили 5200 та бўлган мактабгача таълим ташкилотлари сони бугун 39 мингдан ошди. Қамрови 2016 йилдаги 27,7 фоиздан 78 фоизга етди. 2016 йилдан буён 625 та янги боғча ва 304 та янги мактаб қурилди, 3598 та мактаб реконструкция қилинди. Шу билан бирга, жорий йил бошидаги маълумотларга кўра, 39 туман ва шаҳарда қамров ҳали 70 фоиздан паст экани бу йўналишда ишларни давом эттириш зарурлигини кўрсатади.

“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун болани мактабга тайёрлаш ва унинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олишни талаб этади. Жорий йилда ўйинга асосланган дастур бўйича 180 минг тарбиячи ва педагог ўқитилаётгани, бир йиллик мактабга тайёрлов умумий ўрта таълимнинг биринчи босқичи сифатида кўрилаётгани шу талабнинг амалий ифодасидир. Назаримда, эндиги асосий вазифа қамров билан бир қаторда тарбия сифатига, яъни боғчани тамомлаган боланинг мактабга қай даражада тайёр эканига эътибор қаратишдан иборат.

Кузатишимча, олий таълимга қадам қўйган айрим ёшларнинг асосий қийинчилиги маълумот етишмаслигида эмас, балки ўқиган матнини тўлиқ англай олмаслигида намоён бўлади. Бу муаммонинг илдизи бошланғич таълимга бориб тақалади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда болаларнинг 32 фоизи ўн ёшга етганда оддий матнни ўқиб тушунишда қийналган. Демак, ўқиб тушуниш ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини бошланғич синфданоқ шакллантириш долзарб вазифадир. Шу боис, дарсликлар, таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва баҳолаш тизими ўзаро уйғун ҳолда янгиланмоқда. Жумладан, бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификациясидан ўтказилди, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг ўзида 324 дарслик қайта ишланди. Юқори синфларнинг дарсликларини янгилаш 2030 йилгача якунланиши режалаштирилган. Аниқ мезонларга асосланган янги баҳолаш тизими 5000 мактабда жорий этилди.

Албатта, чет эл стандартидаги дарслик ўз-ўзидан кутилган натижани бермайди. Топшириқларнинг ўқувчи ёшига мослиги, мисолларнинг маҳаллий турмуш тарзига яқинлиги ва энг муҳими, ўқитувчининг методик тайёргарлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мактаблар фаолиятини ўқув натижалари ва педагоглар салоҳиятига қараб баҳолайдиган сифат индексининг жорий этилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Ўқитувчи мақоми

“Устозни эъзозлаш — бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлаш деганидир”. Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари мустаҳкам ҳуқуқий ва моддий асосга эга. 2024 йилда қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун билан ўқитувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолият кафолатлари алоҳида тартибга солинди. Муаллимларнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашишга чек қўйилди. Педагоглар меҳнатини моддий рағбатлантириш тизими изчил кучайтирилмоқда. Натижада халқаро ва миллий сертификатга эга педагоглар сони сўнгги беш йилда 29 мингдан 143 мингга етди. Мактабларда ўқитувчи танқислиги уч баробар қисқарди. Бугун 40 минг ўқитувчи 1000 доллар, уларнинг 1500 нафари 2000 доллардан зиёд маош олмоқда. Математика, физика, кимё ва биология фанлари ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий сертификат эгаларига 50 фоиз устама тўлаш, ҳар йили 1000 нафар педагогни хорижга стажировкага юбориш, 25 дан ортиқ ўқувчиси бўлган синфларни ушбу фанларда икки гуруҳга бўлиб ўқитиш назарда тутилмоқда.

Илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги давлат мукофотининг таъсис этилиши алоҳида эътиборга лойиқ. Бир аср муқаддам янги усул мактаби очиб, ўзи дарслик ёзган маърифатпарвар номи давлат эътирофининг рамзига айланаётгани тарихий ­адолат тантанасидир. Мукофот илк бор келгуси йил 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида ўз эгаларига топширилади.

Ҳеч ким четда қолмайди

Ўзбекистонда ҳамма билим олишга ҳақли. Бу борада ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши. Сўнгги икки йилда инклюзив таълим муҳити яратилган мактаблар сони 729 тадан 3591 тага етиб, қарийб беш баробар кўпайгани ана шу ишлар самараси. Асосийси, инклюзив таълимнинг мазмуни фақат ­пандус ва махсус жиҳозлар билан чекланмаяпти. Унинг асосий мезони боланинг дарс жараёнида фаол иштирок этиши, зарур ёрдамни олиши ва синф жамоасига қўшилишига имкон яратишдир.

Бундан ташқари, бизда “устоз-шогирд” анъанаси асрлар давомида касб-ҳунар ўргатишнинг асосий йўли бўлиб келган. Шогирд бевосита устахонада ишлаб ўрганган, устоз эса унинг ҳунари учун эл олдида масъул бўлган. Бугун кўплаб давлатлар ўрганаётган Германиянинг дуал таълим тизими моҳиятан шу тамойилга асосланади. Унда таълим шартномаси, касб бўйича аниқ талаблар ва корхонадаги малакали мураббий асосий ўрин тутади.

Сўнгги икки йилда 104 техникумда Германия, Буюк Британия, Швейцария ва Хитойнинг халқаро таълим дастурлари жорий этилди. 25 мингта корхона билан ҳамкорлик натижасида 100 мингдан зиёд йигит-қиз таҳсил олиш баробарида даромад ҳам топмоқда. Дуал таълимда касб ўрганаётганларга 1 миллион 300 минг сўмгача стипендия тўланмоқда. Жорий йилда 9-синфни битирган 220 минг ўқувчи техникумларга жалб қилинди.

Шу билан бирга, дуал таълим сифатини таъминлаш учун ўқувчининг корхонадаги фаолияти ўқитиш мақсадларига тўлиқ мос бўлиши, мураббийнинг малакаси ва баҳолаш мезонлари шартномада аниқ белгилаб қўйилиши зарур.

Соҳадаги ўзгаришлар мазмуни

Олий таълим соҳасидаги ўзгаришлар кўлами ҳам эътиборга молик. 2017 йилда олий таълим ташкилотларида 279 минг талаба таҳсил олган бўлса, бугун уларнинг сони 1 миллион 600 мингга етди. Олий таълим ташкилотлари сони 77 тадан 207 тага, ёшларни олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи 9 фоиздан 44 фоизга ошди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2015/2016 ўқув йилида мамлакатимизда 7 та хорижий олий таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2025/2026 ўқув йили бошида уларнинг сони 30 тага етди.

Қамров кенгайиши билан таълимни молиялаштириш ва диплом сифати масалалари долзарблашмоқда. Шу маънода, Жаҳон банки томонидан ўтган йил декабрда маъқулланган 250 миллион долларлик “EduImkon” дастури муҳим аҳамиятга эга. У 2026-2028 йилларда талабаларни молиялаштириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, маблағнинг қарийб 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари ва хотин-қизларга йўналтирилиши кўзда тутилган. Фикримизча, дастур самарадорлигини ажратилган кредитлар сони билан бирга, талабаларнинг таҳсилни якунлаши ва ишга жойлашиши кўрсаткичлари орқали баҳолаш мақсадга мувофиқ.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 апрелдаги тегишли фармони билан олий таълим, фан ва инновациялар тизимини “5Т” — таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш тамойили асосида ривожлантириш, салоҳияти юқори олий таълим ташкилотларига миллий тадқиқот университети мақомини бериш вазифаси белгиланди. 2027 йилдан миллий рейтинг юритилиб, молиявий рағбатлантириш унинг натижаларига боғланади. 29 сентябрдаги фармонга мувофиқ эса “корхона — олийгоҳ — мақсадли кадр” тамойили асосидаги дуал таълим келгуси йилдан 75 та, 2028 йилдан барча олий таълим ташкилотида йўлга қўйилади.

Олий таълим ташкилотларига берилаётган академик ва молиявий мустақиллик масъулият билан уйғун бўлиши лозим. Давлат олий таълим ташкилотлари кузатув кенгашлари таркибининг учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий университетлар вакилларидан шакллантирилиши, раҳбарларнинг таълим сифати учун жавобгарлиги оширилиши шу мақсадга хизмат қилади.

Илмий кадрлар тайёрлаш

Президентимизнинг шу йил 26 майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 1 сентябрдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан таянч докторантура ва докторантурага қабул квотасининг камида 60 фоизи устувор илмий ихтисосликларга ажратилмоқда. Ушбу ихтисосликлар бўйича докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади. Тадқиқот учун зарур асбоб-ускуналар харидига ҳар ой стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ ажратилади. Таянч докторантуранинг биринчи йилида тадқиқот методологияси, академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили бўйича ўқув курслари ташкил этилади.

Кузатишимча, ёш тадқиқотчилар ишида учрайдиган камчиликлар кўпинча мавзу танлови билан эмас, балки тадқиқот усулларини етарли эгалламаганлик билан боғлиқ. Шу жиҳатдан, методологик тайёргарликка алоҳида урғу берилгани ғоят эътиборли. Айни пайтда устувор йўналишларни белгилашда ижтимоий-гуманитар фанларнинг миллий ўзликни англаш, тарихий хотира ва маънавиятни юксалтиришдаги ўрни ҳам назардан четда қолмаслиги лозим.

“Янги Ўзбекистон” университетида ташкил этилган “Bloomberg” лабораторияси, “Idrock” сунъий интеллект кластери, биотехнология ва биоинформатика, материалшунослик, лазер ва нанотехнологиялар лабораториялари таълим ва илмий тадқиқот уйғунлигининг амалий намунасидир. Навбатдаги вазифа ушбу тажрибани ҳудудлардаги олий таълим ташкилотларига ҳам кенг татбиқ этишдан иборат.

Малака тизими

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги қарори билан мактабгача ва мактаб таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вазирлик, малака ошириш муассасаси ва таълим ташкилотини қамраб олган вертикал тизими белгиланди. Энди бир ойлик мажбурий курслар ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари жорий этилиб, педагоглар ўз натижаларидан келиб чиққан ҳолда 18 соатдан 72 соатгача бўлган ўқув курсларини мустақил танлаш имконига эга бўлади.

Бу тартиб малака оширишни навбат асосида эмас, педагогнинг ҳақиқий касбий эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ўқув курсининг самараси унда ўрганилган усулларнинг дарс жараёнида қўлланиши ва натижаларнинг ҳамкасблар билан муҳокама қилинишига боғлиқ. Бинобарин, малака оширишни иш жойидаги методик кўмак билан уйғунлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳон тажрибасига назар ташласак, Сингапурнинг “SkillsFuture” ташаббуси катта ёшдаги фуқароларга ўз кўникмаларини янгилаш ва касбини ўзгартириш учун ­давлат кўмагини тақдим этади. Ушбу тажрибанинг биз учун энг муҳим жиҳати таълимга инсон меҳнат фаолиятининг бутун даврини қамраб оладиган узлуксиз жараён сифатида қаралишидир. Молиявий механизмларни жорий этишда эса мамлакатимиз бюджет имкониятлари, иш берувчиларнинг ҳиссаси ва ўқув курслари сифатини ҳисобга олиш талаб қилинади.

Рақамли саводхонлик

PISA — 2025 тадқиқоти доирасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ўқувчиларимизнинг 49 фоизи ҳафтасига камида бир марта ўқув топшириқларини бажаришда сунъий интеллект чат-ботларидан фойдаланади. Бу кўрсаткич ривожланган давлатларнинг ўртача даражаси (46 фоиз)дан юқори. Демак, сунъий интеллект технологиялари таълим жараёнига аллақачон кириб келган. Ушбу технологиялар матнни тушунтириш, савол тузиш, маълумотни саралашда катта ёрдам беради. Аммо уларнинг мавжуд бўлмаган манбаларни ҳам келтириши мумкинлигини унутмаслик керак. Тарих фани вакили сифатида айтишим мумкинки, манбани танқидий ўрганиш ҳар қандай илмий изланишнинг асоси ва бугун бу кўникма ҳар бир ўқувчи ҳамда талаба учун зарур. Манбани топиш, далилларни қиёслаш ва хулоса учун масъулият ҳис қилиш рақамли саводхонликнинг ўзагини ташкил этади.

Шу муносабат билан баҳолаш усулларини ҳам такомиллаштириш талаб этилади. Ечим мантиғини оғзаки тушунтириш, маълумот танловини асослаш, ишни ҳимоя қилиш талабанинг ҳақиқий билимини аниқлашга хизмат қилади. Сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибини олдиндан белгилаш, шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш, интернет тармоғи суст ҳудудлардаги талабалар учун муқобил имкониятлар яратиш ҳам муҳим. Рақамлаштириш самарадорлиги харид қилинган техника сони билан эмас, унинг таълим сифатига таъсири билан баҳоланиши лозим.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон капитали ва таълим стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнида қуйидаги таклифлар асқатади деб ўйлаймиз.

Биринчидан, узлуксиз таълим тизими бўғинлари ўртасидаги узвийлик ва изчилликни таъминлаш лозим. Боғчадан мактабга, мактабдан техникум ёки олий таълимга, таълимдан меҳнат фаолиятига ўтишда таълим олувчи эгаллаши зарур бўлган билим ва кўникмаларни ягона ҳужжатда белгилаш мақсадга мувофиқ. Ягона вазирликнинг ташкил этилиши бунинг учун қулай имконият яратади. Бу ишни бошланғич синфларда ўқиб тушуниш ва ҳисоблаш кўникмаларини мунтазам таҳлил қилиш, қийналаётган ўқувчиларга манзилли ёрдам кўрсатишдан бошлаш самарали бўлади. Бунда мактаб фаолиятини ўқувчиларнинг дастлабки ҳолатга нисбатан ўсиши асосида баҳолашга эътибор қаратиш зарур.

Иккинчидан, педагогларнинг малакасини ошириш тизимини иш жойидаги методик кўмак билан боғлаш керак. Ўқув курсидан сўнг дарс таҳлили, методик маслаҳат, ёш педагогларга тажрибали устозларни бириктириш амалиётини кенг жорий этиш, бунинг учун ўқитувчиларнинг ҳафталик юкламасида тегишли вақт ажратиш лозим. Шунингдек, рағбатлантириш мезонларида сертификат ва олимпиада натижалари қаторида ўқувчилар билимидаги ўсишни ҳам ҳисобга олиш таклиф этилади.

Учинчидан, таълим сифатини баҳолаш кўрсаткичларининг очиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш муҳим. Мактаблар ва битирувчилар сифати индекси, олий таълим ташкилотларининг миллий рейтинги ва аккредитация натижалари бўйича ҳар бир кўрсаткичнинг ҳисоблаш даври, манбаси ва услубиятини эълон қилиб бориш, уларда касблар ва ҳудудлар ўртасидаги фарқни ҳисобга олиш зарур. Илмий раҳбарлар фаолиятини баҳолашда шогирдларининг кейинги илмий натижаларига эътибор қаратиш ҳам ўринли. Бу борада PISA натижалари юзасидан мутахассислар таҳлилини жамоатчиликка тақдим этиш дастлабки қадам бўлиши мумкин.

Тўртинчидан, ҳар қандай хорижий тажриба ва рақамли лойиҳани кенг жорий этишдан олдин чекланган миқёсда синовдан ўтказиш, педагогик мақсад, харажат ва баҳолаш усулини олдиндан белгилаш мақсадга мувофиқ. Дуал таълимда корхоналарга бериладиган субсидияларни мураббийлар малакаси ва ўқитиш соатларининг бажарилишига боғлаш лозим. Шу билан бирга, маблағларни тақсимлашда ҳудудий тенгликни очиқ мезон сифатида белгилаш, олис қишлоқ мактаблари, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун қўшимча харажатларни Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қоплаш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилади.

Жадид боболаримиз даврида мактаб очиш алоҳида маърифатпарварларнинг жасорати ва фидойилигига таянган бўлса, бугун таълим Конституция, давлат бюджети ва яхлит бошқарув тизими билан кафолатланган. Ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси фармон ва қарорлар сони билан эмас, ҳар бир синфхонада, ҳар бир аудиторияда кечаётган кундалик меҳнат сифати билан ­ўлчанади. Шундай экан, билимли, мустақил фикрлайдиган, ҳалол меҳнат қиладиган ва мунтазам ўз устида ишлайдиган авлодни вояга етказиш йўлида хизмат қилиш барчамизнинг асосий вазифамизга айланиши зарур. Янги Ўзбекистонда таълим ислоҳотларининг тарихий аҳамияти ҳам ана шунда намоён бўлади.

Наим ОБЛОМУРОДОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт

университети профессори,

тарих фанлари доктори