Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида аччиқ овқат истеъмол қилиш борасида турли фикрлар мавжуд. Кимдир бу организмни иссиққа чидамли қилади деб ҳисобласа, яна кимдир саломатлик учун зарарли деб ўйлайди. Хўш, аслида қандай? Замонавий тиббиёт бу ҳақда қандай фикр билдиради?
Ўзбекистоннинг иқлими кескин континентал ва қуруқ-иссиқ ҳисобланади. Бизнинг шароитда ҳавонинг намлиги юқори эмас, шу сабабли организмда сув йўқотилиши жазирамада янада тезлашади. Шу ҳолатда аччиқ маҳсулотларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш организмга қўшимча юклама бериши мумкин ва турли физиологик ўзгаришларни келтириб чиқаради.
Шунинг учун мутахассислар аввало организмнинг умумий ҳолати ва сув балансини сақлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди.
— Иссиқда тер орқали организм кўп суюқлик йўқотади, — дейди Тошкент давлат тиббиёт университети “Соғлиқни сақлашни бошқариш ва жамоат соғлиғини сақлаш, профилактик тиббиёт” кафедраси илмий ходими Машҳура Комилова. — Аччиқ маҳсулотлар бу жараённи кучайтириб, сув-туз (электролит) баланси бузилишига олиб келиши мумкин Бу эса ҳолсизлик, бош айланиши ва қон қуюқлашишига сабаб бўлади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, айниқса ёз мавсумида аччиқ таомлар организмда қуйидаги қўшимча ўзгаришларни кучайтириши мумкин.
Юрак-қон томир тизимига таъсир: капсаицин моддаси қон айланишини тезлаштиради. Бу ҳолат юрак уришининг тезлашиши (тахикардия) ва қон босимининг ошишига олиб келиши мумкин. Жазирамада эса юрак аллақачон зўриқиб ишлаётгани учун бу қўшимча стресс ҳисобланади.
Ошқозон-ичак тизимига таъсир: ёз мавсумида ҳазм жараёни нисбатан секинлашиши мумкин. Аччиқ таомлар ошқозон кислоталилигини ошириб, жиғилдон қайнаши, гастрит қўзғалиши ёки яширин яраларнинг кучайишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу сабабли тиббиёт мутахассислари жазирама кунларда айрим гуруҳларга аччиқ маҳсулотларни чеклашни тавсия қилади.
Масалан, ҳомиладор аёлларга, чунки бундай маҳсулотлар жиғилдон қайнашининг кучайишига ва токсикоз оғирлашишига олиб келиши мумкин.
Кексаларда қон босими ўзгариши юрак-қон томир тизими учун хавф туғдириши мумкин. Сурункали касаллиги, масалан, гастрит, яра, гипертония ва бошқа касалликлари бор одамларда бундай хасталикларнинг қўзғалиши эҳтимоли юқори.
Мутахассиснинг айтишича, жазирама шароитида аччиқ маҳсулотлар баъзи ҳолатларда организмда сув-электролит мувозанати бузилишига сабаб бўлиб, умумий ҳолатни оғирлаштириши мумкин.
“Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти” тавсиясига кўра, аччиқ таомларни тўлиқ чеклаш шарт эмас, аммо уларни истеъмол қилиш маданиятига риоя қилиш муҳим:
• кечки салқин вақтда истеъмол қилиш;
• қатиқ, айрон ёки сузма каби сут маҳсулотлари билан бирга истеъмол қилиш;
• етарли миқдорда тоза сув ичиш;
• ортиқча аччиқ маҳсулотлар истеъмол қилмаслик.
Аччиқ маҳсулотлар кўп ҳолларда таом мазасини кучайтирувчи омил ҳисобланади. Бироқ улар ортиқча истеъмол қилинганда ошқозонга оғирлик тушиши мумкин. Шунингдек, баъзи комбинациялар ноқулайлик келтириб чиқаради. Жумладан, жуда ёғли таомлар, газли ичимликлар, ортиқча нордон маҳсулотлар ва кўп қаҳва ва энергетик ичимликлар.
Аччиқ таомлар меъёрда истеъмол қилинганда кўпчилик учун хавфли эмас, баъзи ҳолларда ҳатто иштаҳани яхшилайди. Аммо жазирама кунларда организмда сув йўқотилиши кучайгани сабабли бундай таомларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис, ҳар бир инсон ўз соғлиғи, ёши ва индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб овқатланиши мақсадга мувофиқдир.
Мадина Ботиржонова