Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.

Маълум бўлишича, улар «Иҳлос Травел» ва «Ҳикмат Травел» номли хусусий туристик фирмалар хизматларидан фойдаланган ҳолда «Ар-Риёд — Истанбул — Чимкент — Тошкент» йўналиши орқали умра зиёратини амалга оширишни режалаштирган.

Бироқ, томонлар ўз зиммасига олган мажбуриятларни лозим даражада бажармагани оқибатида зиёратчилар чет элда қийин ҳолатда қолиб кетган.

Ҳолат юзасидан тегишли идоралар масъуллари иштирокида музокаралар ўтказилиб, юқоридаги фирмалар мутасадди ходимлари билан суҳбатлашилган.

Натижада фуқароларнинг транзит ҳудудида бўлган вақтида озиқ-овқат, транспорт ва бошқа зарур хизматлар билан таъминланишига эришилди. Шунингдек, зиёратчиларни келишилган йўналиш бўйича хавфсиз равишда Ўзбекистонга қайтариш ишлари тўлиқ назорат остида амалга оширилди.