Довруғи таралган улкан тафаккур соҳиблари — Ёлқин Тўрақулов, Маҳмуд Салоҳиддинов, Эргаш Отахоновнинг юрти, қадим ўзбек санъати, маданияти ва адабиётига улкан ҳисса қўшган Парда Турсун, Зафар Диёр, Ҳусниддин Шарипов, Ҳабиб Саъдулла, Сора Эшонтўраева, Ҳабиба Охунова, Камолиддин Раҳимов, Ўринбой Нуралиев, Ёқуб Аҳмедов, Мирза Азизов, Ҳошим Арслонов, Олимжон Салимов, Акмал Нур, Зиёвуддин Мансур, Зулайҳо Бойхонова, Меҳри Абдуллаева сингари истеъдодларни вояга етказган табаррук маскандир бу юрт.
Фарғона водийси шимолида, Шимолий Фарғона канали ва Намангансой кесишган ерда жойлашган Наманган шаҳри байрам арафасида икки халқаро маърифий-маданий анжуманга мезбонлик қилди.
Фестиваль манзиллари
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя остида бошланган фестиваль Уйчи туманининг Жийдакапа маҳалласидан қўр олди. “Шукроналик” байрам тадбирида иштирок этган пойтахт зиёлилари ва маҳалла аҳли томонидан гузарга райҳон, гул ва дарахт кўчатлари экди. Йигирмага яқин оилага “Ибратли оила” мақоми берилди. Шодиёна хонадон эгаларининг фарзандлари томонидан ижро этилган шеър ва қўшиқларга уланди.
Ортиқбой ота ва Холпошша ая тўққиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб элга қўшдилар. Уларнинг катта хонадонлари ҳамиша маҳалладошлар ва қўни-қўшнилар билан гавжум. Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси Ортиқбой отанинг ибратли умр йўли барча жийдакапаликлар учун намунадир. Оддий кимё-биология ўқитувчиси бўлиб йигирма йилдан ортиқ тумандаги 18-умумтаълим мактабида ишлаган, кейинроқ ўн йил давомида Жийдакапа қишлоқ кенгашига раислик қилган устознинг вилоят ва республикада юздан ортиқ шогирди бор. Фарзандлари Маъсудахон ва Манзурахон ўқитувчи, Ғуломжон, Тожиддин ва Аъзамжон муҳандис, Ривожиддин қурувчи, Зайниддин тадбиркор, Наримонжон олим, Муяссархон иқтисодчи. Пиру бадавлат оилада 40 невара, 111 эвара, 12 чевара вояга етмоқда.
Янги Наманган тумани “Мингтерак” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ҳамидхон Дадабоев оиласи ҳам шундай меҳнатсеварлик, ободончилик ва табиатга меҳр-муҳаббатни ўзида мужассам этган ибратли хонадонлардан бири. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, қатор йиллар маҳалла раиси бўлиб ишлаган Ҳафизхон Дадабоев ва Раҳимахон аянинг тарбиясини олган бу оила улардан мерос меҳнатсеварлик ва элга беминнат хизмат қилиш фазилатларини ўз фарзандлари ҳаётида давом эттириб келмоқда. Ҳамидхон ака ўз қўли билан яратган серҳосил ва тўкин боғ авваллари 15 сотихдан иборат ташландиқ ер эди, бугун эса юзлаб турдаги гул ва дарахт яшнаб ўсаётган файзли масканга айланди. Боғда турли арчалар, рус қайинлари, ҳинд сирени, каштан, магнолия, гортензия, георгина, будлея каби кўплаб ноёб гул ва манзарали дарахтлар парваришланмоқда. Хонадон ҳудудидан 50-60 метрча узоқликда сунъий ариқ ўтказилган бўлиб, ундан унумли фойдаланилади. Боғнинг этак қисмида зирк, чилонжийда, лавр япроғи, анор, анжир, олма каби турли мева ва манзарали дарахтлар бор. Ердан самарали фойдаланиш мақсадида эрта баҳорда қазиб олинган картошка ўрнига беда ва сули экилиб, хонадондаги 20 га яқин қўй-қорамол ҳамда 50 га яқин парранда учун озуқа ғамланяпти. Ердан унумли фойдаланиш ишлари такрорий экинлар экиш билан ҳам давом эттирилмоқда.
Янгиқўрғон тумани Равот маҳалласида истиқомат қилувчи, меҳнати, ташаббускорлиги ва тадбиркорлик фаолияти билан маҳалла аҳлига намуна бўлаётган, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда алоҳида ўрнак кўрсатаётган Қурбонали Мелибоевни маҳалладошлари жуда ҳурмат қилишади. Бешта хорижий тилни мукаммал эгаллаган Қурбонали қатор маиший хизмат ва озиқ-овқат шохобчалари очиб, 20 дан ортиқ маҳалладошини иш билан таъминлаган. Саховатпешалиги ва ташаббускорлиги билан яхши танилган Тоҳиржон Йўлдошевнинг деҳқончилик ва чорвачилик йўналишида тадбиркорликни кенг ривожлантиргани, шу билан бирга, саримсоқ, лола ва турли уруғчилик маҳсулотлари етиштиришдаги самарали меҳнати диққатга сазовор.
Ибратли оилалар мисолида кўриш мумкинки, фаровонлик фақат тайёр неъматни кутиш билан эмас, балки мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланиш, ерга меҳр билан ишлов бериш, ҳар бир хонадонни обод масканга айлантириш ва фарзандларга меҳнатсеварлик намунасини кўрсатиш билан яратилади. Энг муҳими, бу хонадонларда етиштирилаётган мева-сабзавот, гул ва кўчатлар оила эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, келажак авлод учун ҳам эзгу мерос бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, обод хонадон — обод маҳалла, обод маҳалла эса фаровон юрт демакдир.
Наманган шаҳрининг “Уч фаввора” майдонида пойтахт санъаткорлари иштирокида гала-концерт бошланади. “Ниҳол” мукофоти совриндори Адолат Исмоилованинг халқона қўшиғига барча иштирокчи қизлар жўр бўлади:
— Наманганнинг олмаси, анори бордир-ей...
“Шижоат” лойиҳаси билан
Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғи қўшни Қирғизистоннинг Карвон ва Олабуқа туманлари билан чегарадош. 16 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бу сўлим қишлоқдаги “Мусаффо” маданият саройида бўлиб ўтган байрам тадбирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров ижросидаги куй-қўшиқлар марказнинг Шерали Нормирзаев раҳбарлигидаги ёш ижрочилари қўшиқларига уланиб кетди.
Туманнинг тоғ қисмида, баҳаво адирларда жойлашган 9201-ҳарбий қисм аскарлари ҳам “Мустақиллик тўйи” фестивалининг ажойиб иштирокчилари бўлди. Пойтахтдан келган меҳмонлар ва наманганлик ижодкорлар тақдим этган қизиқарли китоблар ҳамда ота-оналар билан дийдорлашув аскарларга хушнудлик бахш этди.
Ҳарбий қисмда аскарлик бурчини ўтаётган бухоролик Шоҳруҳбек ва Зилолахон Наврўзовнинг икки фарзанди бор. Мароқли концертдан ҳузурланиб, Зилолахон бундай дейди:
— Ҳарбий хизматчининг оиласи бўлиш шарафли. Мана шу ёнимиздаги тоғлар ортида бошқа давлат одамлари яшайди. Ўзбегу қирғиз аёллар тўй-байрамларни бирга нишонлаймиз. Турмуш ўртоғим Ватан ҳимоясида бўлса, биз болаларни — бўлғуси Ватан ҳимоячиларини тарбиялаймиз. Тинч ва осуда юртнинг байрамлари кўп бўлсин!
Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсуповнинг “Аскар йигит” монологи янграйди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаровнинг “Онажоним” ашуласи эса даврага файз бағишлайди.
“Зиёрат одоби” лойиҳаси доирасида Чортоқ туманидаги Увайс Қараний зиёратгоҳида зиёрат масканларининг маънавий-маърифий аҳамияти, аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, зиёрат одобига риоя қилиш ҳамда миллий қадриятларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш масалалари ҳақида фикр алмашилди. Лойиҳа доирасида иштирокчиларга зиёрат маданияти, эзгулик, шукроналик ва инсоний фазилатлар тарғиб қилиниб, Увайс Қараний зиёратгоҳининг тарихий ҳамда маънавий аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Наманган туманининг Пастки Қиёт маҳалласида истиқомат қилаётган Тошпўлатовлар хонадонида “Шижоат” лойиҳамиз “Қаҳрамонлар барҳаёт” шиори билан давом этди.
Биз 2000 йилнинг август-сентябрь ойларида Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманларида террорчи босқинчиларни бартараф этишда махсус батальон шахсий таркибида жанговар топшириқни бажараётиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган оддий аскар Камолиддин Тошпўлатовнинг хонадонидамиз. Камолиддиннинг онаси Маъмурахон Тошпўлатова бошланғич синф ўқитувчиси бўлган ҳамда Камолиддин тўртинчи синфда ўқиб юрган вақтида вафот этган. Болалигида она меҳрига тўймагани сабабли “Меҳр бера оладиган қизга уйланаман”, деб олдига мақсад қўйган Камолиддиннинг тақдири ўзига математика фанидан сабоқ берган ўқитувчисининг қизи Гулнозахон билан туташди. Бошланғич синф ўқитувчиси бўлган Гулнозахон ҳам турмуш ўртоғи ҳалок бўлган вақтда туғилажак фарзанди ва икки ёшли ўғли Умиджон билан ёлғиз қолган эди. Ҳаёт сўқмоқларида кўпгина қийинчиликларни енгиб ўтган Гулнозахоннинг бугунги кунда ишонгани ва суянган тоғлари алп қоматли икки ўғлидир. Фарзандларининг каттаси Умиджон ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритмоқда. Кичиги Миркомил эса Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Наманган тумани бўлимида бош инспектор лавозимида хизмат қилмоқда.
Қайси юртнинг фарзандлари билимдон ва заковатли бўлса, ўша юртда ривожланиш бўлади. Янги ўқув йилига шай қилиб тайёрланаётган Наманган давлат педагогика институти аудиториялари ва ўқув-лаборатория хоналарида талабалар ҳамда устозлар билан суҳбатлашдик. Суҳбат жараёнида “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловининг 5 ғолиби, жумладан, хорижий тил ва адабиёти йўналиши талабаси Мадина Тошматованинг “Smart bag” ҳамда “Tour 4 ALL” лойиҳаси, мактабгача таълим йўналиши талабаси Умида Йўлдошеванинг “Ekoqum” ва “Ekoplastlin” лойиҳаси, тасвирий санъат ва муҳандислик мутахассислиги магистри Шаҳло Мамажонованинг “Санъат асарлари ҳимоячиси” инновацион лойиҳаси билан қўлга киритган ютуқлари ва янги режаларини тинглаб қувондик.
Бир сўз билан айтганда, ҳудуди озода, гулзору гулхонага айлантирилган олийгоҳнинг меҳнату ижоди, билим олишию яшаш шароити намунали бўлган билимдон ва ораста ёшларининг ғалабаларидан қувонаётган профессор-ўқитувчиларнинг фахр-ифтихори кўнглимизга файзу шукроналик умидлари ва ниятларини сингдиради.
Ўзимизнинг Икромхон ака
Наманган ва наманганликлар борасида сўз кетганда “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов ҳақида сўзламасдан иложи йўқ. Чунки уни бутун вилоят аҳли эъзозлаб, “Ўзимизнинг Икромхон ака” дейишади.
Биз фестиваль тадбирлари билан Янгиқўрғонда, Чустда ёки Тўрақўрғонда бўламизми, бу фидойи инсоннинг хонадонма-хонадон юриб, ободончилик ишлари, эҳтиёжманд оилалар рўзғори, ибратли оилаларнинг тутуми билан яқиндан танишиб, халқнинг байрам кайфиятига кайфият қўшаётганига ва элу юртнинг оғир-енгил масалаларини жойида ҳал қилиб кетаётганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, отахонлар билан гул экиб, болаларга байрам совғалари улашиб, мустақиллик неъматлари ҳақида маҳалладошлар билан қилаётган гурунгларини кузатдик. У Нанай қишлоғидаги суҳбатда вилоятдаги мавжуд 754 та маҳаллада “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб, “еттилик” олдида турган вазифаларга тўхталар экан, бундай дейди:
“Бундан 2-3 йил олдин вилоятимизга ташриф буюрган инсон бугунги Наманганни танимайди. Янгидан янги ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш инфратузилмалари, барпо этилаётган бино-иншоотлар ҳамда Янги Ўзбекистон қиёфасидаги кўча ва комплекслар барчамизни лол қолдирмоқда. Ҳар қандай тараққиёт ва воқелик тирик тарих сабоқлари, қиёслаш, солиштириш ва таҳлил орқали ёрқин намоён бўлади.
Бугунги кунда вилоятимиздаги 72 та кичик саноат зонасида ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарида 75 мингта янги иш ўрни яратилди, саноатда ишлаб чиқариш ҳажми кескин ортди. Вилоятда 2017 йилда 180 та хонадонли 8 та кўп қаватли уй қурилган бўлса, 2025 йилда қарийб 170 та кўп қаватли уй барпо этилди. Бошқача айтганда, бир йилнинг ўзида 8500 та оила янги уйларга эга бўлди, шу йилнинг ўзида 8 та кўчани тўлиқ реконструкция қилиш бошланди. Ҳозир бир неча йилдан буён деярли яроқсиз ҳолатга келиб қолган, ўта тор Норин-Андижон кўприги реконструкция қилиниб, 4 тасмали кўприк бунёд этилмоқда. Поп-Наманган йўлини кенгайтириш наманганликларнинг кўп йиллик орзуси эди, ҳозир хорижий ҳамкорлар иштирокида у тўлиқ реконструкция қилиняпти. Ҳар биримиз ватан равнақи йўлидаги меҳнатимиз билан бошқаларга ўрнак бўлишимиз керак. Зотан, зиёлилар мустақиллик неъматларининг қадри ва шукронасини элга, ёшларга етказишлари зарур”.
Сенатор Икромхон Нажмиддиновнинг сўзларини тинглар эканман, бор ҳаётий тажрибасини, умр мазмунини шу юрт тараққиётига бағишлаган бу фидойи инсонни наманганликлар қандай ҳурмат қилиши ва эъзозлашига гувоҳ бўлдим. Икромхон ака қайси туман, қайси маҳалла ёки қайси бир хонадонга бормасин, уни ўзининг жигари, отаси ёки биродари келгандай ҳурмат билан кутиб олишди. Шуларни кўриб, ўзгаларнинг ташвиш ва муаммоларига оғринмай ечим топадиган, элдошларнинг тўйига елка тутиб, ташвишли кунларида ёнма-ён турадиган инсонлар юртнинг фахру зийнати эканига яна бир бор амин бўлдим.
Икки қўли, ўн бармоғи ҳунар бўлган бу элнинг, меҳнату нафосатнинг дунё яратиқларидаги энг гўзал намуналарини барпо эта олган гулу гулзор Наманганнинг бундай дарёдил, меҳнаткаш инсонлари бор экан, элнинг эртанги кунга ишонч ва умидлари юксалаверади!
Сайёра ТЎЙЧИЕВА,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, профессор