Тадбирда туман ҳокими, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари ҳамда фаол нуронийлар иштирок этиб, ғўза ривожи ва кутилаётган ҳосилдорликка юқори баҳо бердилар.
Даладаги
ҳолат ва кўсаклар сони кўзланганидан ҳам юқори натижани кўрсатмоқда. Икки
қаторли Хитой уруғи 76 см ўлчамда 2 қаторлаб экилган бўлиб, кўчат қалинлиги ва
ҳосилдорликни бир неча баробарга оширди. Томчилатиб суғориш ҳамда плёнка остига
экиш усули сув ва ресурсларни тежаш билан бирга ниҳолларнинг тез ва соғлом
ривожланишини таъминлади.
Илгари бир дона
кўсакда 3 грамм атрофида пахта бўлган бўлса, янги усулда битта чаноқдаги пахта
оғирлиги ўртача 6 граммни, чигит сони эса 8 тани ташкил этмоқда. Илмий ва тўғри
ишлов берилгани сабабли майдонда кўсак қурти зарарлаган ёки очилмай қолган
чаноқлар умуман учрамайди. Натижада, илгариги 30–40 центнерлик кўрсаткичлар
ўрнига жорий йилда гектаридан 75–80 центнердан мўл ҳосил олиш кутилмоқда.
Соҳа
фидойилари ва нуронийлар ҳам эришилаётган натижаларни алоҳида эътироф этдилар.
Саидаҳмедов
Абдурасул (меҳнат фахрийси, деҳқон):
«Деҳқончиликда 35–40 йил ишлаб, бундай серҳосил пахтани
кўрмагандим. Муҳтарам Президентимизнинг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни йўлга
қўйиб, интенсив технологиялар ва Хитой уруғларини олиб кириш бўйича
ташаббуслари ўз мевасини бермоқда. Дефолиация ва томчилатиб суғориш орқали
пўлатдек тола ва рекорд ҳосил етиштирилмоқда».
Мухторов
Шавкат (фаол нуроний):
«Қирқ йиллик фаолиятимизда бир қаторлаб, 90 см га
экардик ва 10 тача кўсак олишни ажойиб натижа дердик. Бу ерда эса икки қаторли
усул, томорқадан оқилона фойдаланиш ва тўғри озиқлантириш эвазига илгаригидан
икки-икки ярим баробар кўп ҳосил турибди».
Оққўрғон далаларидаги бугунги манзара сифатли уруғ, замонавий деҳқончилик маданияти ва фидокорона меҳнат бирлашганида қандай юқори натижаларга эришиш мумкинлигини яққол исботламоқда.