Иштихон мармаридан тайёрланган, қарийб 60 тонна оғирликка эга монумент фестиваль иштирокчилари учун кутилмаган совға бўлди. Туман марказидаги Устозлар хиёбонида қад ростлаган мазкур иншоот ҳудуддаги маънавий-маърифий муҳитга уйғун тарзда барпо этилган.

Тадбирда сўзга чиққан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева мамлакатда китобхонликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар изчил давом этаётганини таъкидлади.

Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт берилди. Куни кеча адабиёт, маданият ва санъат намояндалари билан учрашувда ҳам соҳадаги муҳим янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Бугунги фестиваль ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий давоми бўлиб, туман марказида китобга бағишлаб ўрнатилган монумент кўлами жиҳатидан мамлакатимиздаги энг йирикларидан бири ҳисобланади, — деди у.


Фестиваль доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева ҳамда вилоят фаоллари туман ва шаҳарлар томонидан ташкил этилган китоб кўргазмалари билан танишди.

Устозлар хиёбонида ўтаётган тадбир юзлаб китобсеварлар, ижодкорлар ва интеллектуал ўйинлар ишқибозларини бир майдонга жамлади. Фестиваль давомида китоб мутолаасини кенг тарғиб қилиш, айниқса ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш ва маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, иштирокчилар учун китоб ярмаркалари, ижодий чиқишлар, танловлар ва интеллектуал беллашувлар ҳам ўтказилмоқда.