Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясида мазкур биеннале ишига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.

Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан 25 йилдан буён хорижий мамлакатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналари, қатор вазирлик ва идоралар ҳамда муассасалар ҳамкорлигида мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур Биеннале юртимиз пойтахтини дунё замонавий санъатининг марказларидан бирига айлантирди.

Бугунги кунда инсоният кенг кўламли маданий ва технологик ўзгаришлар остонасида турибди. Биз ўтиш даврини — аниқ ўтмиш ва алгоритмик келажак, инсоний тажриба ва сунъий интеллект, реаллик ва симуляция ўртасидаги ҳолатни бошдан кечирмоқдамиз. Ушбу ҳолатни воқеалар уфқи — ортга қайтиб бўлмайдиган, ортда қолган дунёга қайтиш имконсиз бўлган нуқта билан қиёслаш мумкин. Санъат учун бу образ цивилизациявий бурилишнинг, яъни одатий фикрлаш ва ижод шакллари трансформацияга учраб, ўз ўрнини янгича идрок этиш ҳамда яратиш усулларига бўшатиб бераётган лаҳзанинг метафорасига айланади.

Тошкент замонавий санъат биенналеси ушбу ҳолатни жамият технологик ва маданий ўзгаришлар уфқи пойида турган интизорлик лаҳзаси сифатида кўриб чиқишни таклиф этади. Биз нажот, маъно ёки янги уйғунлик рамзи сари ҳаракат қиляпмиз — бироқ бу мақсадга элтувчи йўлнинг ўзи чексиз ноаниқлик ҳудудига айланиб бормоқда.

Биз икки дунё ўртасида, инсон ва алгоритм, реаллик ва симуляция, ўтмиш ва келажак оралиғидаги лаҳзада яшаяпмиз. Ушбу лаҳза — воқеалар уфқидир.

Тарихий цивилизациялар чорраҳаси бўлган Тошкентнинг бугунги кунда “Воқеалар горизонти”ни кузатиш учун идеал нуқтага айланаётгани рамзий маънога эга. Асрий анъаналар мегаполис суръати билан туташган бу шаҳар ўтмиш ва келажак ўртасидаги ўзига хос порталга айланмоқда. Агар илгари бу ерда инсонлар бошпана, сув ва соя излаб келган бўлсалар, бугунги даврлар туташган паллада биз инсон мавжудлигининг янги маъно-мазмунларини изламоқдамиз ва бу цивилизацияни номаълум давр остонасида ўз ҳаракат йўналишини белгилаб олишга ундамоқда.

Биенналеда иштирок этиш учун турли мамлакатлардан муаллифлар ва ижодий жамоалар қуйидаги йўналишлар бўйича таклиф этилган: 

– Модерн арт (рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик);

– Cонтемпорари арт (инсталлациялар, видео ва фото арт, консептуал санъат).

Биеннале доирасида, шунингдек, бутун дунёдан замонавий санъат соҳасида фаолият юритаётган олимлар иштирокида “Воқеалар горизонти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Биеннале Ўзбекистоннинг миллий меросини, замонавий рассомларининг ижодини глобал миқёсда тарғиб қилиш ва замонавий санъатни ривожлантиришга қаратилган энг йирик ва нуфузли халқаро тадбирларидан биридир. Шу боис мазкур санъат анжуманига юртимиз ва дунёда қизиқиш катта. XI Тошкент халқаро замонавий санъат Биенналесида бу йил дунёнинг 33 мамлакатидан 70 нафар рассом ва куратор ўз асарлари билан иштирок этаяпти.

Бундан ташқари санъат ихлосмандлари ва пойтахтимизга келган турли даражадаги меҳмонлар Биеннале давомида юртимизнинг 40 нафар рассоми ижоди билан яқиндан танишишлари мумкин. Биеннале дастури кўргазма ва тадбирларга бой. Биеннале доирасида республикамиз ҳамда хорижий мамлакатларнинг ижодкор вакиллари иштирокида кураторлик лойиҳалари, замонавий санъатнинг турли йўналишларидаги ижодий ишлар ҳавола этилади.

Шу билан бирга, чет эл рассомлари ва кураторлари маъруза ўқишади, маҳорат дарслари ўтишади. Самарқанд ва Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилади.

Матбуот анжуманида кўргазмалар Бадиий академиянинг “Академия” галереяси, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ва Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Yuz.uz” мухбири