Қайд этилишича, рейтинг 2025 йил якунлари бўйича бир қатор асосий мезонлар асосида тузилди. Асосий кўрсаткич сифатида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми — яъни жалб қилинган маблағларнинг амалда иқтисодиётга йўналтирилган қисми олинди.

Шунингдек, қуйидаги қўшимча мезонлар ҳам инобатга олинди:
— тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми;
— инвестиция ҳамкорлари географияси;
— лойиҳаларни ишга тушириш даражаси;
— инвестицияларнинг тармоқлар кесимида тақсимоти.

Бу ёндашув ҳудудларни фақат ҳажмий эмас, балки сифат жиҳатидан ҳам баҳолаш имконини берди.

Таҳлил жараёнида очиқ ва кўп манбали маълумотлар базаси шакллантирилди. Жумладан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳисоботлари, Савдо-саноат палатаси материаллари, вилоят ҳокимликларининг расмий маълумотлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги очиқ ахборотлар.

Маълумотлар ўзаро солиштирилиб, триангуляция усули орқали текширилди ва бу натижалар ишончлилигини таъминлади.

Рейтинг Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги туман ва шаҳар ҳокимликларини қамраб олди.

Бироқ Тошкент шаҳри рейтингга киритилмади. Бу унинг иқтисодий ва инвестиция муҳитининг бошқа ҳудудлардан сезиларли фарқ қилиши билан изоҳланади.

2025 йил якунларига кўра қуйидаги ҳокимлар энг юқори натижаларни қайд этди:

— Қобил Ҳамдамов — Олмалиқ шаҳри (835,2 млн доллар)
— Азамат Файзиев — Нурота тумани (719,4 млн доллар)
— Анвар Баймуратов — Қораўзак тумани (593,2 млн доллар)
— Хуршид Тоҳиров — Қоракўл тумани (581,5 млн доллар)
— Бекзад Мадаминов — Қўнғирот тумани (580,7 млн доллар)
— Бобуржон Юлдашев — Андижон тумани (548,5 млн доллар)
— Дилмурод Эргашев — Навоий шаҳри (507,0 млн доллар)
— Анвар Таджимирзаев — Давлатобод тумани (458,5 млн доллар)
— Ускенбай Атемов — Юқори Чирчиқ тумани (435,2 млн доллар)
— Қосим Мардонов — Ангор тумани (434,7 млн доллар)

2025 йил натижалари Ўзбекистонда ҳудудий инвестиция фаоллиги барқарор ўсиб бораётганини кўрсатди, дейилади ҳаракат ахборотида.