Бу ерда форс, араб, туркий ва хитой анъаналари маҳаллий урф-одатлар билан уйғунлашган. Минтақага Буюк ипак йўли орқали савдогарлар, олимлар ва саёҳатчилар келиб-кетган. Бу заминда яратилган илмий кашфиётлар ва меъморий ёдгорликлар бутун инсоният меросига айланган.

Бугун ана шу бой маънавий ва илмий мерос Президентимиз ташаббуси билан Тошкент марказида барпо этилган Ўзбекис­тондаги Ислом цивилизацияси марказида жамланган. 65 метрли гумбаз остида ислом дини, маданият, фан ва замонавий технологиялар уйғунлашган. Бу оддий музей эмас, балки “Янги Ўзбекистон” декларацияси, илмий хаб ва замонавий билимлар платформасидир.

Марказ очилиши ва маънавий аҳамия­ти. Мамлакатимиз етакчиси иштирокида марказнинг очилиши нафақат давлат аҳамиятига эга воқеа, балки маънавий тикланиш, тарихий ворислик ва давлатимизнинг келажакка интилишининг чуқур рамзи бўлди. Бу воқеа миллий ўзликни англашда янги босқични англатиб, ўтмиш, бугун ва ­келажакни ўзаро боғлиқ ягона тизим сифатида талқин этишга хизмат қилади.

Президентимизнинг марказ очилиш маросимидаги нутқи жамиятга қаратилган мазмунан бой ва концептуал жиҳатдан пухта мурожаат сифатида янгради. Унда тарих архив эмас, балки билим, сабоқ ва қадрият­ларнинг тирик манбаи экани ғояси яққол ифода этилди. Айнан тарихий тажрибага мурожаат қилиш орқали жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган мустаҳкам қадриятлар тизими шаклланади.

Нутқда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. У, аввало, илм, маърифат ва ахлоқий камолотга йўналтирилган дин экани таъкидланди. Марказ архитектурасига жо этилган “Иқро!” (“Ўқи!”) ояти рамзи стратегик ғояни ифода этади: кучли ва ривожланган давлатнинг пойдевори таълим ва илм-фандир. Бу ғоя Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни шакллантириш сиёсати билан узвий боғлиқ.

Яратиш фалсафаси: жаҳолатга қарши маърифат. Марказни барпо этиш ташаббусини давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурди. Унинг биноси ҳам Президентимизнинг меъморий ғоя ва таклифлари асосида лойиҳалаштирилди. Мажмуанинг асосий ғояси исломнинг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини ҳимоя қилишдир.

Бугунги глобал шароитда — исломофобия кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекис­тон янги гуманитар кун тартибини илгари сурмоқда. Ислом тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини экани таъкидланмоқда. Мажмуанинг архитектураси чуқур фалсафий маъно касб этади. Баландлиги 65 метр бўлган марказий гумбаз оламнинг бирлиги ва маънавий ҳамда илмий билим уйғунлигини ифода этади.

Ички макон эса тарихий меросни анг­лашдан келажак тасаввурини шакллантиришгача бўлган интеллектуал саёҳат тарзида ташкил этилган. Замонавий мультимедиали ва интерактив технологиялар экспонатларни намойиш этиш билан бирга зиёратчиларда тўлиқ “англаш” эффектини ҳосил қилади.

Қуръон зали — маънавий юрак. Марказнинг маънавий қалби — Қуръон зали. Бу ерда VII асрга мансуб Усмон Мусҳафи сақланади. У куфий хатида кийик терисига ёзилган. Маълумотларга кўра, саҳифаларига халифа Усмоннинг қони томган. Бу ноёб қўлёзманинг тарихи жуда мураккаб: Амир Темур тарафидан Самарқандга олиб келинган бу муқаддас китоб кейинчалик Тошкент, Санкт-Петербург ва Уфа орқали ўтиб, 1941 йилда Ўзбекистонга қайтарилган. Ўтган даврда мураккаб шароитларда сақлаб келинган бу ноёб қўлёзма фақат янги Ўзбекистон пайтидагина ўзининг муносиб ўрни ва мақомига эга бўлди.

Бу ерда Усмон Мусҳафи билан бир қаторда Қуръони каримнинг юртимизга тегишли бўлган, турли сулолалар даврида яратилган нодир қўлёзмалари жамланган. Улар орасида сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, темурийлар, шайбонийлар ва бошқа даврларга мансуб ноёб нусхалар бор. Бу қўлёзмалар нафақат диний, балки улкан тарихий, илмий ва бадиий қимматга эга.

Хориждаги тарихий меросимизнинг Ватанга қайтиши. Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири маданий меросимизнинг Ватанга қайтарилиши ва сақланишидир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан халқаро ҳамкорлик, илмий экспедициялар ва аукционлар орқали мингга яқин ноёб артефакт юртимизга қайтарилди. Улар қаторида Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино каби буюк алломаларнинг қўлёзмалари, шунингдек, ноёб амалий санъат намуналари ва археологик топилмалар мавжуд.

Илмий концепция ва ренессанслар. Марказнинг тарихий концепцияси минтақанинг кўп асрлик тараққиётини қамраб олади ва тўрт босқичга эътибор қаратилган: исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс давридаги илмий-маданий юксалиш ва Янги Ўзбекистондаги замонавий ислоҳотлар.

Биринчи Ренессанс. Биринчи Ренессанс ислом оламида илм-фан ривожи билан боғлиқ бўлиб, бу жараёнда Марказий Осиё олимлари муҳим ўрин тутган. Улардан бири — Муҳаммад Хоразмий замонавий математика асосларини яратган бўлса, Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний табиий фанлар ривожига улкан ҳисса қўшган. Имом Бухорий ва Имом Термизий эса исломий илмлар тараққиётига сабаб бўлган. Экспозиция Биринчи Ренессансни фақат тарихий босқич сифатида эмас, балки замонавий Ўзбекистон тараққиёти учун интеллектуал ва маънавий асос сифатида намоён қилади.

Асосий эътибор ислом цивилизацияси илм, маърифат ва инсонпарварлик тамойилларига асосланганини кўрсатишга қаратилган. Залнинг илмий ифтихори — Абу Райҳон Берунийнинг X асрда илк бор яратилган глобусининг қайта тикланган нусхаси. Асл нусха йўқолган бўлса-да, Фанлар академияси Шарқшунослик институти олимлари уни сақланиб қолган қўлёзмалар ва чизмалар асосида қайта тиклади.

Иккинчи Ренессанс. Иккинчи Ренессанс темурийлар даврига тўғри келиб, нафақат сиёсий ва иқтисодий юксалиш, балки илм-фан, маданият ва маънавиятнинг тараққий этган даври сифатида тарихда алоҳида ўрин тутади. Бу давр Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк алломаларнинг серқирра фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.

Мирзо Улуғбек Самарқандда барпо эттирган расадхона ва унинг атрофида шаклланган илмий мактаб астрономия, математика ва география фанлари ривожига улкан ҳисса қўшди. Унинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари ўша давр илмий ютуқларининг ёрқин намунаси сифатида бутун дунёда тан олинган.

Алишер Навоий эса бой адабий мероси орқали нафақат туркий адабиётни юксак босқичга олиб чиқди, балки инсонпарварлик, маърифат ва маънавий камолот ғояларини тарғиб қилди.

Марказдаги асосий совға сифатида зиё­ратчиларни Амир Темур билан “учрашув” кутиб турибди. Музейда илғор сунъий интеллект фаолият юритмоқда. Тўлиқ автоном серверларда Ўзбекистон ва дунё кутубхоналари архивларидан сканер қилинган мил­лионлаб саҳифалар асосида нейрон тармоқлар жорий этилган.

Бу даврда Самарқанд дунёнинг энг йирик илм-фан ва маданият марказларидан бирига айланиб, турли мамлакатлардан олим ва мутафаккирлар жалб этилган. Шу тариқа темурийлар даврида илм ва маданиятнинг глобал мулоқоти шаклланди.

Сунъий интеллект ва интерактив платформа. Марказнинг ўзига хос жиҳатларидан бири замонавий технологиялардан фаол фойдаланишдир. Сунъий интеллект, виртуал ва интерактив мультимедиа орқали тарихий материаллар янги услубда тақдим этилмоқда. Бу, айниқса, ёшлар учун жозибадор ва қизиқарли.

Марказда сунъий интеллект қўлёзмаларни ўқиш, таржима қилиш ва тиклашда қўлланади, рақамлаштириш эса ноёб манбаларни электрон шаклда сақлаш ва ­оммалаштиришга хизмат қилади. Мультимедиали, интерактив экранлар ва VR/AR технологиялари орқали тарих ва маданият замонавий усулда намойиш этилади.

Халқаро илмий ҳамкорлик. Марказ халқаро илмий хаб сифатида ҳам фаолият юритиб, турли мамлакатлардан тадқиқотчиларни бирлаштиради. Бу ерда маданий меросни ўрганиш, реставрация қилиш ва ­оммалаштиришга қаратилган йирик лойи­ҳалар амалга оширилади. Замонавий лабораториялар қадимий артефактларни сақлаш имконини беради.

Марказ фақат ўтмиш ютуқларини намойиш этиш учун эмас, балки келажак билимларини яратиш майдони сифатида ҳам режалаштирилган. Иккинчи қаватда дунёга танилган халқаро илмий марказ ташкил этилмоқда. ЮНЕСКО, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, АЙСЕСКО, ИРСИКА, ТУРКСОЙ ва бошқа нуфузли глобал тузилмалар ўз ваколатхоналарини очишни режалаштирмоқда. Ҳозир 40 давлатдан олимлар фаолият юритиб, 800 дан ортиқ илмий-тадқиқот ло­йиҳаларини амалга оширмоқда.

Ёш авлод ва миллий қадриятлар. Марказда ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Асосий мақсад — ёшларда миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, илмий тафаккур ва маънавий етукликни шакллантириш.

Бу ерда замонавий таълим технологиялари, интерактив экспозициялар ва рақамли платформалар орқали ёшлар тарихий меросни чуқур ўрганиш имконига эга бўлади. Буюк алломаларнинг илмий мероси ёшларни илм-фанга қизиқтириш, уларда танқидий фикрлаш ва инновацион ёндашувларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Марказ ёшларга ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини намоён этишда муҳим вазифани бажаради. У ислом цивилизацияси тарихан бағрикенглик, инсонпарварлик, илм-фан, таълим ва маданият билан боғлиқ эканини кўрсатади.

Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс. Экспозициянинг якуний аккорди — Учинчи Ренессанс концепциясини акс эттирувчи “Янги Ўзбекистон” зали. Бу ерда тарихий анъаналар тараққиёт билан уйғунлашиб, республикадаги ислоҳотлар улкан LED панеллар ва VR маконда визуал тарзда намоён этилади.

Марказий бадиий объекти — катта ҳажм­ли кинетик дарахт. У маҳалла — жамият ижтимоий тузилмасининг асосини ташкил этувчи ноёб қўшничилик анъанасини ифодалайди. 14 минг оптик тола ёниб, таниш миллий рамзларни ҳосил қилади. Кинетик экранда навбатма-навбат байроқ матоси, миллий нақшлар намойиш этилади ва якунда экран улкан ойнага айланади. Ҳар бир зиёратчи унда ўз аксини кўради — бу янги Ўзбекистоннинг энг олий қадрияти — ИНСОН ғоясини намоён этади.

Сўнгсўз ўрнида. Ислом цивилизацияси маркази анъана ва инновация уйғунлигининг ёрқин намунасидир. У музей, илмий, таълимий ва дипломатик вазифаларни бажарса-да, асосий миссияси — ўтмишга ҳурмат ва келажакка интилишга асосланган яхлит дунёқарашни шакллантириш.

Марказ расман тўлиқ очилишидан олдин ҳам жаҳон сиёсий, илмий ва маданий элитаси учун муҳим жалб этувчи нуқтага айланиб улгурди. Давлат раҳбарлари, дипломатлар, лордлар ва машҳур шахслар аллақачон марказ билан танишган. Бу йирик лойиҳа нафақат архитектура объекти, балки Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал ва маънавий марказига айланмоқда. У тарихий мерос нафақат сақланиши лозим бўлган бойлик, балки жамиятни умумий қадриятлар ва стратегик мақсадлар атрофида бирлаштирадиган кучли ривожланиш манбаи эканини намоён этади.

Баҳром Абдуҳалимов,

Фанлар академияси

вице-президенти, халқ депутатлари

Тошкент шаҳар кенгаши депутати