Табиат энди чекланмас бойлик эмас, балки эҳтиёткорлик, онгли муносабат ва масъулият талаб қиладиган тирик тизим сифатида англанмоқда. Шу боис, уни асраш, келажак авлодларга соғлом муҳит қолдириш ҳар бир инсоннинг бурчига айланмоқда.
Юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар босқичма-босқич умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда. Айниқса, дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар кенг қулоч ёйди. Давлатимиз раҳбарининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт бериши бу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий ва рамзий аҳамиятини янада кучайтирди. Бу халқимизнинг азалий қадриятларини замонавий экологик тафаккур билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда “яшил” энергетикага бўлган талабнинг ортиши ҳам айнан шу жараёнлар билан боғлиқ. Анъанавий энергия манбаларининг атроф-муҳитга салбий таъсири глобал муаммоларни кескинлаштираётган бир пайтда, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш экологик барқарор тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда. Мазкур жараён инсоннинг табиат устидан ҳукмронлик қилишдан кўра, у билан ҳамкорликда яшашга интилаётганини кўрсатади.
Сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар эса бу ҳақиқатни янада яққол намоён этмоқда. Иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши ва сувдан нооқилона фойдаланиш натижасида сув танқислиги кучайиб, қишлоқ хўжалиги, саноат ва аҳоли ҳаётига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ўзаро боғлиқ масалалар сифатида қаралмоқда.
Бу эса тараққиёт ва табиат ўртасида янги мувозанат излашни тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида жорий йил учун белгиланган бешинчи устувор йўналиш — экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш айнан шу ҳаётий эҳтиёждан келиб чиқади.
Иқтисодий барқарор модель
Бу йўналиш, аввало, иқтисодий ўсишни экологик масъулият билан уйғунлаштиришга қаратилган. Йирик корхоналарда фильтрлар, тозалаш жиҳозлари ва ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни мониторинг қилиш станцияларини ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилиши давлатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фаол ва тизимли ёндашувини кўрсатади. Бу қарор саноат тараққиёти табиат ҳисобидан эмас, балки экологик стандартларга таянилган ҳолда амалга оширилиши кераклигини англатади. Чунки табиатни ифлослаб яратилган иқтисодий ўсиш барқарор бўла олмайди.
Йил сайин экология соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳам муҳим стратегик аҳамият касб этиб бормоқда. Самарқанд шаҳрида Глобал экологик жамғарманинг навбатдаги ассамблеяси ва Марказий Осиё халқаро экокўргазмаси ўтказилиши режалаштирилгани Ўзбекистоннинг минтақавий экологик ташаббуслар марказига айланаётганини кўрсатади. Бу тадбирлар нафақат тажриба алмашиш, балки янги экологик лойиҳаларни амалга ошириш, бизнес ва ҳудудлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳам кенг имконият яратади.
Бугун шаҳарларнинг экологик ҳолати қониқарли эмас. Жумладан, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятидаги минглаб кўмир ва газда ишловчи иссиқхоналар ҳавога юз минглаб тонна зарарли модда чиқараётгани инсон саломатлиги ва шаҳар муҳити учун жиддий таҳдиддир. Фильтрсиз ишлайдиган қозонхоналардан воз кечиш, иссиқхоналарни пoйтахт атрофидан кўчириш ва марказлашган қозонхоналарга ўтиш экологик ҳамда шаҳарсозлик нуқтаи назаридан ҳам тўғри қарордир. Агрокластерлар ташкил этилиб, иссиқхоналарга алоҳида субсидиялар ажратилиши эса “яшил иқтисодиёт”ни рағбатлантиришнинг амалий намунасидир.
Транспорт соҳасидаги муаммолар ҳам экологик тафаккурни ўзгартиришни талаб қилмоқда. Шаҳарлардаги тирбандликлар вақт ва асаб билан бирга тоза ҳавони ҳам “йўқотмоқда”. Экологик стикерлар тизими жорий этилиши, юқори даражада ифлослантирувчи автомобилларнинг шаҳарларга киришини чеклаш инсон саломатлигини иқтисодий манфаатдан устун қўяётган ёндашувдир. Давлат томонидан эски автомобилларни янгилаш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун молиявий қўллаб-қувватлов тақдим этилиши эса экологик талабларни ижтимоий адолат билан уйғунлаштиради.
Жамоат транспортини ривожлантириш, махсус йўлаклар ташкил этиш, транспорт ҳаракатини интеллектуал тизимлар орқали бошқариш шаҳарларни қулай, экологик барқарор маконга айлантиришга хизмат қилади. Электромобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур, имтиёзли кредитлар, зарядлаш инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш — буларнинг барчаси келажак шаҳарлари қандай бўлиши ҳақидаги аниқ тасаввурни шакллантиради. Энг муҳими, бу чоралар кўрилса, шаҳарларимиз экологик транспорт ҳудудларига айланиши мумкин.
Экологик
мувозанат фақат саноат ва транспорт билан чекланмайди. Чанг-тўзонларнинг олдини
олиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадидаги кенг кўламли
кўкаламзорлаштириш ишлари табиатни тиклашга қаратилган узоқ муддатли
инвестициядир. Оролнинг қуриб қолган тубида, чўлланишга мойил ҳудудларда
миллионлаб дарахт ва бута кўчатларининг экилиши инсоннинг табиат олдидаги қарзини
тўлашга уринишини эслатади.
Бу
ислоҳотлар бардавом бўлиши учун билим ва кадрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
“Яшил” техникумлар очиш, экология менежерларини тайёрлаш, Марказий Осиё яшил
университети фаолиятини кенгайтириш экологик муаммоларни фақат технология билан
эмас, тафаккур билан ҳал этишга қаратилган ёндашувдир. Лабораториялар, илмий
тадқиқотлар, шаҳарларда табиий вентиляцияни кучайтириш бўйича изланишлар
экологияга оид қарорларни илмий асосда ишлаб чиқишни тақозо этади.
Жорий
йилда экология соҳасига 1 триллион 900 миллиард сўм ажратилиши давлатнинг бу
йўналишга стратегик сармоя киритаётганини яққол кўрсатади. Аслида, бу маблағ
табиатга эмас, инсоннинг соғлом ҳаёти, барқарор иқтисодиёт ва келажак
авлодларнинг муносиб тақдирига киритилган инвестиция. Экологик мувозанатни
таъминлаш табиат билан ҳамкорликка асосланган келажак йўлидир.
Энергетика
соҳасидаги ислоҳотлар экологик мувозанатни таъминлаш йўлидаги энг муҳим
қадамлардан. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда қуввати 6000 мегаваттдан ортиқ
бўлган қуёш, шамол ва гидро электр станциялари ишга туширилгани энергетика
тизимида туб бурилиш ясади. Натижада умумий электр энергияси генерациясида
“яшил” энергия улуши 30 фоизга етди. Бу рақам фақат техник кўрсаткич эмас,
балки Ўзбекистоннинг қайси йўлдан бораётганини кўрсатиб беради.
Анъанавий энергия манбаларига қарамликни камайтириш, табиий
ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитга тушаётган босимни
енгиллаштириш “яшил” энергетика сиёсати ортида турган асосий мақсаддир. Зеро,
бугун энергетика соҳасида қабул қилинаётган қарорлар келгуси авлодлар ҳаётига
таъсир этади. Шу маънода, қайта тикланувчи энергия манбаларига йўналтирилаётган
сармоя иқтисодий манфаат билан бирга маънавий масъулиятни ҳам ифода этади.
Яқинда халқаро ҳамкорлар билан бирга умумий қуввати 3500
мегаватт бўлган, қиймати 4 миллиард 200 миллион долларлик янги “яшил”
энергетика қувватлари қурилишига старт берилгани изчил саъй-ҳаракатларнинг
мантиқий давомидир. Мазкур лойиҳалар электр таъминотини мустаҳкамлаш билан
бирга экологик хавфсизликни таъминлашда ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида 7 миллиард куб метр табиий газ тежалиши ва ҳавога
11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олиниши кутилмоқда.
Бу
кўрсаткичлар моҳиятни очиб беради: “яшил” энергетика иқтисодий самарадорлик
билан экологик барқарорликни ягона нуқтада бирлаштирмоқда. Табиий газни тежаш
ресурсни иқтисод қилиш эмас, балки келажак учун сақлаб қолинаётган бойликдир.
Атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг камайиши эса инсон саломатлиги,
шаҳарлар ҳавосининг тозалиги ва умумий ҳаёт сифати учун бевосита аҳамиятга эга.
Аслида,
“яшил” энергетикага ўтиш инсоннинг табиат билан муносабатидаги бурилишни
англатади. Инсон табиатни чекланмас манба сифатида эмас, балки ҳимоя қилиниши
лозим бўлган умумий уй сифатида қабул қила бошламоқда. Ўзбекистонда бу
йўналишдаги ишлар экологик мувозанатни таъминлаш иқтисодий тараққиётга зид
эмас, аксинча, унинг энг мустаҳкам пойдевори бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Шу
маънода, “яшил” энергетика соҳасида эришилаётган натижалар Мурожаатномада
белгиланган бешинчи устувор йўналишнинг амалий ифодаси бўлиб, янги Ўзбекистон
тараққиётининг экологик, иқтисодий барқарор моделини шакллантиришга хизмат
қилмоқда.
Томчисида ҳаёт мужассам
Бугун сув танқислиги инсоният олдида турган энг жиддий ва
ҳаётий муаммолардан бирига айланмоқда. Иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши,
қишлоқ хўжалиги ва саноат эҳтиёжларининг ортиши сув ресурсларига босимни кескин
кучайтирди. Сув энди фақат табиий неъмат эмас, балки миллий хавфсизлик,
озиқ-овқат барқарорлиги ва ижтимоий тараққиётни белгилаб берувчи стратегик
ресурс сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис, кейинги йилларда сувдан оқилона
фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Зеро, сув масаласида кечиктирилган қарорлар эртага бартараф
этиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу маънода, яқинда қабул қилинган,
қиймати 5,5 миллиард доллар бўлган сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий
этиш, сув иншоотларини модернизация қилиш ва суғориш тизимларини яхшилашга
қаратилган уч йиллик дастур стратегик аҳамиятга эга. Бу дастур сув муаммосига
қисқа муддатли эмас, балки тизимли ва узоқ муддатли ёндашув мавжудлигини
кўрсатади.
Дастур
доирасида сувни тежайдиган технологиялар қамрови 61 фоизга, яъни 2,6 миллион
гектарга етказилиши режалаштирилган. Бу натижа қишлоқ хўжалигида сувдан
фойдаланиш маданияти тубдан ўзгараётганини англатади. Натижада йилига 2,5
миллиард куб метр сув тежалиши, 200 минг тонна буғ гaзи чиқишининг олди олиниши
кутилмоқда. Мазкур рақамлар ортида нафақат иқтисодий самара, балки экологик
барқарорлик ва иқлим ўзгаришига қарши амалий ҳисса мужассам.
Сувни
тежайдиган технологияларни жорий этишга жорий йилнинг ўзида 3 триллион 300
миллиард сўм йўналтирилиши давлатнинг бу соҳадаги қатъий сиёсий иродасини яққол
кўрсатади. Чунки сувни тежаш харажатни қисқартириш эмас, балки келажак учун
ресурс сақлаб қолиш, ер унумдорлигини асраш ва қишлоқ аҳолисининг турмуши
сифатини ошириш демакдир.
Сув йўқотишларнинг катта қисми эски ва самарасиз
инфратузилма билан боғлиқ экани инобатга олиниб, 1300 километр йирик магистрал
каналларни бетонлаш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Бу мақсадга 3
триллион сўм йўналтирилиб, йилигa қўшимча 500 миллион куб метр сувни иқтисод
қилиш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга
ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши сув ресурсларини муҳофаза
қилишда янги босқични бошлаб беради. 2026 йил учун бу мақсадларга 100 миллион
доллар ажратилиши, Қашқадарёдаги Пахтаобод каналини босимли қувурга ўтказиш
бўйича 134 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши сувдан фойдаланишда
инновацион ёндашувлар жорий этилаётганини кўрсатади. Бу лойиҳалар орқали
қўшимча 20 минг гектар ер ўзлаштирилиб, яна 25 минг гектар майдон кафолатли сув
билан таъминланади.
Сув сиёсати фақат қишлоқ хўжалиги билан чекланиб қолмай,
шаҳар муҳитини яхшилашга ҳам қаратилмоқда. Бугун пойтахт ва йирик шаҳарларда
“яшил” ҳудудларни кўпайтириш, салқин микроиқлим яратиш сув айланиш тизимларини
қайта тиклаш билан бевосита боғлиқ. Шаҳар кўчаларидаги ариқларда сув оқиши
нафақат эстетик, балки экологик ва санитар аҳамиятга ҳам эга. Шу мақсадда 160
миллион долларлик дастур доирасида Тошкент шаҳрида юзлаб километр канал,
коллектор ва ёпиқ дренаж тизимлари барпо этилади ва таъмирланади.
Мазкур тажриба бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиб, вилоят
раҳбарлари томонидан қўшимча инвестиция жалб этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу
жараёнлар шаҳарларни яшил, қулай ва экологик барқарор маконга айлантиришга
қаратилган умуммиллий ҳаракат шаклланаётганини англатади.
Бу ислоҳотлар инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни
қайта кўриб чиқишга ундайди. Сувга эътиборсизлик келажакка эътиборсизликдир. Шу
маънода, Ўзбекистондаги сув ислоҳотлари фақат техник чора-тадбирлар
мажмуи эмас, балки экологик тафаккур, масъулият ва барқарор тараққиёт
фалсафасининг амалий ифодасидир.
Ҳам
“яшил” энергетика, ҳам сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги
янгиланишлар Ўзбекистоннинг экологик ва иқтисодий барқарорлигини таъминлашда
асосий йўналишлардан бирига айланди. Сўнгги йилларда қурилган қуёш, шамол ва
гидро электр станциялари нафақат энергия таъминотида мустақилликни оширди,
балки атмосферага чиқадиган зарарли моддаларни сезиларли даражада камайтириш
имконини берди. Шу билан бирга, сувни тежашга қаратилган катта дастурлар,
магистрал каналлар ва ёпиқ дренаж тизимларини барпо этиш, суғориш
самарадорлигини ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ва шаҳар муҳити учун барқарор
асос яратмоқда.
Бунда
фақат техник ва иқтисодий чора-тадбирлар муҳим эмас. Улар инсоннинг табиат
билан муносабатини қайта шакллантириш, экологик маданият ва масъулиятни
оширишда ҳам катта аҳамиятга эга. Давлатнинг устувор стратегияси орқали
ўтказилаётган ислоҳотлар умуммиллий ва минтақавий аҳамиятга ҳам эга бўлиб,
Ўзбекистонни Марказий Осиёда экологик барқарорлик ва “яшил” ривожланиш намунасига
айлантирмоқда.
Бугунги
қадамлар эртанги авлод учун тозалик, саломатлик ва барқарор ҳаёт кафолати
сифатида хизмат қилади. Шу маънода, экология ва энергия соҳасидаги ҳар бир
инвестиция, ҳар бир инновацион лойиҳа фақат иқтисодий самара эмас, балки маънавий
ва стратегик аҳамиятга эга. Бугун юртимизда қилинаётган ишлар айнан шундай
барқарорлик, мувозанат ва масъулият принциплари асосида қурилмоқда. Зеро
табиатни асраш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва “яшил” ривожланишга интилиш
ҳар бир фуқаронинг ҳаётий бурчига айланиши лозим. Ҳақиқатан, инсон ва табиат
ўртасидаги ушбу уйғунлик келажакка боғланган энг муҳим қадамдир.
Сардор ТОЛЛИБОЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири