Goldman Sachs маълумотларига кўра, жаҳон нефть захиралари кескин камайиб, саккиз йиллик энг паст кўрсаткичга яқинлашмоқда ва уларнинг камайиб кетиш даражаси Ҳормуз бўғози орқали ташиладиган нефть ҳажмининг чекланганлиги сабабли хавотирга сабаб бўлмоқда.

Дунёдаги энг йирик инвестиция банкларидан бирининг маълумотларига кўра, глобал нефть захиралари атиги 101 кунлик истеъмолга етади. 

Бу кўрсаткич май ойи охирига келиб 98 кунга тушиши мумкин, деб хабар берди kazinform.

Банк баҳолашига кўра, нефть маҳсулотларининг жаҳон захираси АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушигача 50 млн доллар бўлган бўлса, ҳозирги вақтда 45 млн долларгача қисқарган. 

Goldman Sachs таъкидлаганидек, жаҳон бўйича умумий захиралар «ушбу ёзда энг паст операцион даражага етиши эҳтимоли кам, бироқ айрим ҳудудларда ва айрим маҳсулотлар бўйича нефть захираларининг камайиши ҳамда етказиб бериш харажатлари хавотир уйғотмоқда». 

S&P таҳлилчилари маълумотига кўра, талаб пасайганига қарамасдан, апрель ойида нефть захираси кунига ўртача 6,6 млн баррелга камайди, бу кузатувлар тарихидаги иккинчи энг катта пасайиш ҳисобланади. Нефтга бўлган талабнинг кескин тушиши фақат коронавирус пандемияси даврида кузатилган. 

Financial Times газетасининг таъкидлашича, асосий таъсир ҳали ҳам асосан Осиё мамлакатларида сезилса-да, АҚШ бензин захиралари ёзги таътил мавсумининг энг юқори чўққисида тарихий энг паст даражага етиши мумкин.