Тараққиётимизнинг ҳар бир босқичи мамлакатимиз тарихида ўзига хос ўринга эга. Айниқса, 2016 йилдан кейин Ўзбекистон ҳаётида бошланган кенг кўламли янгиланишлар жамиятимизнинг деярли барча соҳаси қатори таълим тизимида ҳам янги босқични бошлаб берди. Президентимиз раҳбарлигида инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор мезонига айланди. Кейинчалик “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилда ўз ифодасини топган бу сиёсат натижасини фақат расмий ҳужжатлар ёки статистик рақамлардан эмас, оддий инсоннинг кечаги ва бугунги ҳаётини қиёслаганда ҳам кўриш мумкин.

Буни ўзим биладиган соҳа — таълим мисолида айтмоқчиман. Абитуриентлик йилларимни яхши эслайман: олийгоҳга ҳужжат топширишнинг ўзи катта машаққат эди. Уч кунлаб навбат кутиб, ҳужжат топширолмай юрган пайтларимиз бўлган. Бунинг устига тиббий маълумотнома олиш, ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги ҳужжатга муҳр қўйдириш каби ташвишлар ҳам бор эди. Бир идорадан иккинчисига югуриш, узун навбатлар, ортиқча қоғозбозлик одамнинг тинкасини қуритарди. Бугун абитуриент уйидан чиқмай, қўлидаги смартфон орқали олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш учун рўйхатдан ўтади. Ўқишни кўчириш билан боғлиқ жараёнлар ҳам электрон шаклга ўтди. Абитуриент республикамизнинг қайси ҳудудидаги олий таълим муассасасини танлашидан қатъи назар, ўзига қулай ҳудудда тест синовида иштирок эта олади. Бир қарашда булар оддий ҳолатдек кўриниши мумкин. Аммо кеча биргина ҳужжат ёки муҳр учун идорама-идора юрган киши бу имкониятнинг қадрини яхши билади. Бу шунчаки рақамлаштириш эмас, балки инсон вақтини қадрлашдир. Кеча соатлаб, баъзан кунлаб сарсон бўлган киши бугун вақтини ўқишга, меҳнатга, оиласига сарфлаши “қадр” деган тушунчанинг кундалик ҳаётимиздаги энг оддий, аммо жуда муҳим ифодаси.

Талабалик йилларимиз ҳам ўзгача эди. “Талабалик — олтин даврим”, деб далаларда жавлон уриб пахта терган авлодмиз. Бугун буни ҳазил аралаш эслаймиз, аммо ўша кезларда унинг машаққати ҳазил эмасди. Ноябрнинг охиригача далаларда қолиб кетган, қуп-қуруқ ғўзапоядан бошқа ҳеч вақо қолмаган пахта даласида яна неча кунлаб мантиқсиз юрган пайтларимиз ҳали ҳам ёдимизда.

Аслида, талаба ўша пайтда қаерда бўлиши керак эди? Аудиторияда. Кутубхонада. Устозининг олдида. Китоб устида. Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга қатъий барҳам берилиши, назаримда, шунчаки меҳнат муносабатларидаги ўзгариш эмас. Бу инсонга, унинг шаъни ва қадр-қимматига муносабатнинг ўзгариши бўлди. Айниқса, талаба учун бунинг маъноси беқиёс. Талаба пахта даласидан аудиторияга қайтди. Бу оддий бир жумлага сиғадиган, аммо ортида бутун бир даврнинг ўзгариши, инсон, халқ ва мамлакат тақдирини ҳал қилишга қодир катта воқеадир. Бугунги ёшларимизга у даврлар ҳақида гапирсак, балки эртакдек туюлар. Чунки ҳозирги авлод учун мутлақо бошқа муҳит шаклланди. Талабанинг асосий вазифаси — ўқиш. Изланиш. Тил ўрганиш. Касб эгаллаш. Илм қилиш. Ўз устида ишлаш. Менимча, кейинги йилларда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг энг катта моҳиятини ҳам шу нуқтадан излаш керак: инсон қадри, вақти ва имконияти ўзига қайтарилди. 

Рақамлар ортидаги инсон тақдири

2016 йилдан кейин олий таълим тизимида бошланган ўзгаришлар кўламини рақамлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Бир вақтлар мамлакатимизда олий таълимга қамров 9 фоиз атрофида эди. Ҳозир бу кўрсаткич 50 фоиздан ошди. Ўзбекистонда 52 та олий таълим ташкилоти мавжуд бўлса, бугун улар сони 207 тани ташкил этди. Айни дамда мамлакатимиз олий таълим муассасаларида бир ярим миллиондан зиёд йигит-қиз таҳсил олмоқда. Бир ярим миллиондан зиёд! Бу шунчаки статистика эмас, балки бир ярим миллиондан зиёд ёшнинг орзуси, шунча оиланинг умиди, келажакка қўйилган миллионлаб қадамлар демакдир. Кеча фарзандини олий маълумотли қилиш кўплаб оилалар учун етишиш қийин бўлган орзу эди. Бугун эса олий таълим жамиятнинг анча кенг қатлами учун реал имкониятга айланди.

Янги олий таълим муассасалари очилди. Ҳатто нодавлат олий таълим ташкилотлари пайдо бўлди. Нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ва қўшма таълим дастурлари кўпайди. Профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, илм-фан билан шуғулланиш учун шароитларни кенгайтиришга эътибор кучайди. Аммо бу ислоҳотларни бирлаштириб турадиган энг муҳим тушунча барибир битта: инсон қадри.

Кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотларни фақат университетлар ёки талабалар сони кўпайиши билан баҳолаш камлик қилади. Муҳим ўзгариш сифатида таълим марказига инсоннинг ўзи қўйилди. Илгари кўп ҳолларда инсон мавжуд тизим талабларига мослашишга мажбур бўлган, бугун тизим инсон учун қулай ва манфаатли бўлиши керак деган қараш тобора устуворлик касб этмоқда.

Мен учун ислоҳотнинг жуда оддий мезони бор: у инсоннинг кундалик ҳаётини ўзгартирдими? Абитуриент уч кун навбатда турган бўлса-ю, бугун ҳужжатини уйидан чиқмай, электрон тарзда топшираётган бўлса бу — ислоҳот. Талаба ноябрнинг совуқ кунларида пахта даласида юрган бўлса-ю, бугун ўша ёш аудиторияда, кутубхонада ёки илмий лойиҳа устида ишлаётган бўлса бу — ислоҳот. Олий таълимга кириш кўплаб ёшлар учун етишиш мушкул бўлган орзу бўлса-ю, бугун бир ярим миллиондан зиёд йигит-қиз университетларда таҳсил олаётган бўлса, бу ҳам ислоҳот. Ана шунда рақамлар жонланади. Уларнинг ортидан инсон тақдири кўринади.

Университетлар сонининг кўпайиши, талабалар сафи кенгайиши ўз-ўзидан якуний мақсад эмас. Замонавий фикрлайдиган, хорижий тилларни биладиган, ахборот технологияларини пухта эгаллаган, мустақил қарор қабул қила оладиган, Ватан ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис этадиган, меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис тайёрлаш бугунги босқичнинг энг муҳим вазифасидир. Зеро, ислоҳот бир манзилга етиб бориш эмас, балки доимий ҳаракат, изланиш ва янгиланиш жараёни. 

Имконият натижага айланганда

Ислоҳотнинг ҳақиқий самараси яратилган имконият натижага айланганида кўринади. Буни бугун ўзимиз фаолият юритаётган Термиз давлат университети ҳаётида ҳам ҳар куни ҳис қилиб турибмиз.

Бугун университет талаба учун фақат маъруза тинглаб, имтиҳон топширадиган даргоҳ эмас. У ўз қобилиятини кашф этадиган, қизиқишларини ривожлантирадиган, китоб, санъат, спорт ва ижод орқали ўзини намоён қиладиган муҳитга айланиб бормоқда. Университетимизда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ ижодий ва спорт тўгаракларида минглаб ёшлар ўз қизиқиши билан машғул. Кимдир китоб билан, кимдир саҳнада, кимдир миллий санъатда, яна кимдир спорт майдонида ўзини кашф этмоқда. Муҳими, имконият натижа беряпти. Биргина ўтган ўқув йилида университет жамоаси республика “Китобхон ёшлар лигаси” танловида 2-ўринни эгаллади. Талабамиз Фазилат Диёрова “Ёш китобхон” республика танловида ғолиб бўлиб, Президент совғаси — автомобиль билан тақдирланди. “Жайҳун” фольклор-этнографик халқ ансамбли Қозоғистонда ўтказилган халқаро танловда Гран-прини қўлга киритди. “Жануб гавҳари” талабалар театр студияси Чингиз Айтматов асари асосида саҳналаштирилган “Момо Ер” спектакли билан республика танловида 1-ўринга сазовор бўлди.

Спортдаги натижалар ҳам ана шу имкониятлар мевасидир. Кейинги йилларда университетда профессионал футбол, футзал ва гандбол клублари ташкил этилди. Талабаларимизнинг республика ва халқаро майдонлардаги иштироки кенгайди. 2026 йилги “Талабалар лигаси” мусобақаларида гандбол, кураш ва енгил атлетика бўйича қатор медаллар қўлга киритилиб, Термиз давлат университети республика олий таълим муассасалари орасида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Бугун университетимизда Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов сингари таниқли спортчилар билан бир қаторда, бошқа спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоалари аъзолари ҳам таҳсил олаётгани ёшларга таълим ва спортни уйғун олиб бориш учун яратилаётган шароитнинг яна бир ифодасидир.

Мустақиллик бизга фақат давлат рамзлари, миллий қонунчилик ёки халқаро майдонда ўз овозимизга эга бўлиш имконини бермади. У ўз тақдиримиз ҳақида ўзимиз қарор қабул қилиш, хатолардан сабоқ чиқариш, жамиятимизни янгилаш ва фарзандларимиз учун кечагидан яхшироқ шароит яратиш имконини ҳам берди.

Ўтган ўттиз беш йилнинг барча босқичи бир хил кечмади. Ютуқлар ҳам бўлди, мураккаб даврлар ҳам, ечимини кутиб қолган ­муаммолар ҳам. Аммо мустақилликнинг энг катта кучи ҳам шунда: жамият ўз муаммосини англайди, унга ечим излайди, керак бўлса, кечаги қарашларини ўзгартиради ва олға интилади. Янги Ўзбекистонда бошланган янгиланиш жараёнининг аҳамиятини ҳам шу нуқтаи назардан баҳолаш лозим. Давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги, инсон манфаати ҳар қандай ислоҳотнинг бош мезони бўлиши зарурлиги ҳақидаги тамойиллар жамият ҳаётига янгича мазмун олиб кирди. Таълимдаги ўзгаришлар эса бу жараённинг энг ёрқин кўринишларидан бири бўлди. Бугунги талаба смартфон орқали таълим хизматларидан фойдаланишни оддий ҳол деб билади. Хорижий тил ўрганади. Халқаро дастурда қатнашишни режалаштиради. Грант ютишга ҳаракат қилади. Илмий лойиҳа, стартап, академик мобиллик ҳақида ўйлайди. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки тараққиётнинг энг гўзал белгиларидан бири бир авлод орзу қилган нарсанинг кейинги авлод учун табиий имкониятга айланишидир.

Шукроналик — фақат бор неъматга шукр айтиш эмас. У кечаги кунни унутмаслик, бугунги имкониятнинг қадрига етиш ва эртанги кун учун масъулиятни ҳис қилишдир.

Шунинг учун мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар ташлаб, босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилар эканман, айниқса, кейинги ўн йилда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, таълим ва илмга йўл очиш борасида амалга оширилган ўзгаришларни ўйлаб, қалбимда бир туйғу устун келади: шукроналик!

Обиджон ШОФИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент