Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари ана шу имкониятдан фойдаланиб, маҳаллий ўсимликлар асосида янги фитокомплекс яратиш устида иш олиб бормоқда.
Тадқиқотлар Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Райҳон, астрагал ва турдош ўсимликларнинг экстрактлари асосида фитокомплекслар яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 409 миллион 357 минг сўм бўлиб, 2025–2027-йилларга мўлжалланган. Лойиҳага институт Физикавий тадқиқот усуллари лабораторияси етакчи илмий ходими, биология фанлари доктори Дания Асилбекова раҳбарлик қилмоқда.
Олимлар Ўзбекистонда етиштириладиган райҳон навлари, тоғрайҳон, кийикўт, арслонқулоқ ва астрагал турларини чуқур ўрганмоқда. Уларнинг таркибидаги эфир мойлари ва бошқа биологик фаол бирикмалар замонавий лаборатория усуллари ёрдамида таҳлил қилинмоқда. Тадқиқотларнинг дастлабки натижаларига кўра, фитокомплекс яратиш учун энг мақбул маҳаллий ўсимлик хомашёлари саралаб олинди. Шунингдек, антиоксидант ва гипоксияга қарши фаолликка эга экстрактларнинг технологик намуналари тайёрланди.
Антиоксидант хусусият нима учун муҳим? Организмда ҳосил бўладиган эркин радикаллар ҳужайраларга зарар етказиши мумкин. Антиоксидантлар эса ана шу жараёнларга қарши туришда ёрдам берувчи моддалар ҳисобланади. Гипоксияга қарши фаоллик эса организм тўқималарида кислород етишмаслиги шароитида ҳужайраларни қўллаб-қувватлаш салоҳияти билан боғлиқ.
Ҳозирда олимлар фаол экстрактлар асосида комплекслар тайёрлаш, уларнинг таркиби ва антиоксидант хусусиятларини янада чуқур ўрганиш устида иш олиб бормоқда. Лойиҳа якунида турли биологик фаол бирикмаларни ўзида мужассам этган янги фитокомплекс яратиш режалаштирилган.
Энг муҳими, бу ишланмада асосий эътибор Ўзбекистонда ўсадиган ва етиштириладиган ўсимликлардан фойдаланишга қаратилган. Келгусида яратилган фитокомплекс асосида озиқ-овқат ва косметика соҳаларида қўлланилиши мумкин бўлган маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун замин яратилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида ҳозирга қадар 1 та хорижий ва 1 та маҳаллий илмий журналда мақола, халқаро анжуманлар материаллари тўпламларида 2 та мақола, республика миқёсидаги конференцияда 1 та мақола ҳамда 3 та тезис чоп этилган.