Қарорга кўра, 2026 йил 1 декабрдан:

Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига (Институт) гидларга (гид-таржимонларга) уларнинг хоҳишига кўра ҳаваскор, ихтисослашган ва профессионал малака тоифасини бериш ваколати берилади;

малака сертификати чекланмаган муддатга берилади;

гид сифатида сўнгги 2 йил давомида фаолият юритмаган шахслар малака имтиҳонини қайта топширади.

Қарор билан “Гидларга (гид-таржимонларга) малака тоифасини бериш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, малака тоифаси ихтиёрий асосда берилади ҳамда унинг мавжуд эмаслиги гидларнинг (гид-таржимонларнинг) қонунчиликда белгиланган тартибда олинган малака сертификати асосида фаолият юритиш ҳуқуқини чекламайди.

Гидларга (гид-таржимонларга) қуйидаги малака тоифалари берилади:

ҳаваскор гид малака тоифаси;

ихтисослашган гид малака тоифаси;

профессионал гид малака тоифаси;

олтин фонд гиди малака тоифаси.

Малака тоифаси беришда қуйидагилар инобатга олинади:

касбий билим ва амалий кўникмалар;

экскурсия хизматларини ташкил этиш ва ўтказиш маҳорати;

экскурсия объектлари бўйича билим даражаси;

туристлар билан мулоқот маданияти;

хорижий тилларни билиш даражаси;

касб этикаси қоидаларига риоя қилиниши.

Талабгорга малака тоифасини бериш касбий имтиҳонни топшириш натижаларининг энг кам кўрсаткичи қуйидагича белгиланади:

56 фоиздан 70 фоизгача – ҳаваскор гид малака тоифаси;

70 фоиздан ва 85 фоизгача – ихтисослашган гид малака тоифаси;

86 фоиздан юқори ва 100 фоизгача – профессионал гид малака тоифаси.